Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонликлар илм-фан тақдирига бефарқ эмас

Ўзбекистонликлар илм-фан тақдирига бефарқ эмас

Фото: «Uza.uz»

Ўзбекистон Республикасининг «Фан тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси regulation.gov.uz сайтида муҳокамага қўйилгач, фуқаролар томонидан жуда катта қизиқиш билдирилди ва у 2210 та изоҳ қолдирилган норматив ҳужжат сифатида етакчи ўринни эгаллади.

Жаҳон илм-фани ва инновация ютуқларидан кенг фойдаланиш, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларини жадал ва барқарор ривожлантириш мамлакатимиз учун муносиб келажакни яратишнинг муҳим омилидир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги фармонига мувофиқ Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан «илмий ва инновацион фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш принциплари ва қўллаб-қувватлаш шаклларини, шунингдек, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш»ни белгиловчи Ўзбекистон Республикасининг «Фан тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Бугунги кунда фан соҳасида ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш, илмий тадқиқотларни амалга ошириш, истиқболли илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этишнинг самарали механизмларини яратиш бўйича ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас. Дунёнинг ривожланган мамлакатлари (АҚШ, Германия, Франция, Жанубий Корея, Сингапур, Япония) ва МДҲ давлатларида эса бундай қонунлар илм-фан, иқтисодиёт ва жамият ривожининг ҳуқуқий асосига айланган.

Ўзбекистон Республикасининг «Фан тўғрисида»ги қонуни лойиҳасининг асосий мақсади:

  • фан ва илмий, илмий-техникавий фаолият соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш, илмий-тадқиқот ишларини, жумладан, инновацион ғоялар ва технологияларни илмий жиҳатдан ривожлантириш, уларнинг истиқболини таъминлайдиган меъёрий-ҳуқуқий базани шакллантириш учун инвестицияларни кенг жалб этиш ва қўллаб-қувватлаш;
  • илмий фаолиятни тартибга солишда давлат бошқаруви тамойиллари ҳамда ушбу фаолиятни қўллаб-қувватлаш шакллари, шунингдек, илмий тадқиқотлар натижаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришдан иборат.

Қонун лойиҳасининг асосий вазифалари:

  • илм-фан тараққиётини таъминлаш, илмий тадқиқотлар сифати ва самарадорлигини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш;
  • мамлакат илмий салоҳиятидан кенг ва оқилона фойдаланиш;
  • илм-фан ва технологияларнинг миллий иқтисодиёт ривожидаги салмоғини ошириш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш;
  • илмий фаолиятни молиялаштириш манбаларини кенгайтиришни рағбатлантириш мақсадида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларни жалб этишдан иборат.

Қонун лойиҳаси қабул қилиниши натижасида:

  • илмий ва илмий-техникавий фаолият соҳасини тартибга солиш ва бошқаришнинг ягона, изчил механизми яратилади;
  • илмий ва илмий-техникавий фаолият соҳасидаги қонун ҳужжатлари нормаларининг бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ҳамоҳанглиги таъминланади ва оптималлаштирилади;
  • илмий ва илмий-техникавий фаолият соҳасидаги муносабатларда мавжуд камчиликлар, қарама-қаршиликлар ва бўшлиқлар бартараф этилади;
  • молиялаштириш тизимининг янги шакл ва услублари (тўғридан-тўғри молиялаш, кредитлаш, жамғармалар орқали ва қонунга зид бўлмаган бошқа шакл ва услублар) орқали илмий ва илмий-техникавий фаолият янада такомиллаштирилади;
  • илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларининг ҳуқуқий муҳофазаси таъминланади;
  • илмий фаолият субъектлари сифатида иш юритувчилар ўртасидаги ҳамда илмий ва илмий-техникавий фаолият соҳасида давлатлараро муносабатлар тартибга солинади;
  • тадқиқотчилар, ишлаб чиқарувчилар, тадбиркорлар, ҳукумат аъзоларининг ўзаро ҳамкорлиги, илм-фан бошқарувининг фаол, шаффоф, технологик тизими яратилади.

Қонун лойиҳаси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва унинг ҳузуридаги илмий-тадқиқот институтлари, вазирлик ва идоралар, Юқори технологиялар маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва олий таълим муассасаларида 100 дан ортиқ муҳокамалар ташкил қилинди, манфаатдор вазирлик ва идораларнинг таклиф ва эътирозлари инобатга олиниб, тегишли тузатишлар киритган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг