Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев — бизнесни тарк этгани, ҳоббиси ва бошқалар ҳақида

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев — бизнесни тарк этгани, ҳоббиси ва бошқалар ҳақида

Фото: «Спутник»

Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида Халқаро пресс клубнинг навбатдаги сессиясида Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Тошкент шаҳрининг 11 та тумани ҳокимлари билан жонли мулоқот ташкил этилди. Унинг сўзлари «Спутник Ўзбекистон»да эълон қилинди. 

Мулоқот давомида ХПК раиси Шерзод Қудратхўжаев Тошкент шаҳар ҳокимига саволлар билан мурожаат қилди.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2018 йил 26 апрель Тошкент шаҳар ҳокимлигининг навбатдан ташқари 35-сессиясида Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига тасдиқланган эди.

Тошкент шаҳар ҳокимининг иш вақти нечадан ва нимадан бошланади?

«Ҳозирги кундаги иш вақтимиз эрталаб соат 7.00 дан бошланади. Ишни ишдан чиқиб ишхонага келгунга қадар йўлни кузатишдан бошлайман. Иш вақти кечаси 12 ёки бирларда тугайди, вазиятга қараб. Ишлаяпмиз, лекин шу иш вақти ҳам камлик қилаяпти», — деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

«Тошкент шаҳрининг қайси кўчалари сизга кўпроқ ёқади?» деган саволга у «Амир Темур шоҳкўчаси» дея жавоб берди.

Бизнесдан кетдими, йўқми?

Ҳоким бўлиб тасдиқлангач, Ўзбекистонда машҳур бўлган «Artel», «Imzo» корхоналари муассиси Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг бизнесдан кетган-кетмаганлиги масаласи ҳам бугун кўпчиликни қизиқтиради. Шерзод Қудратхўжаевнинг шу саволига жавобан Жаҳонгир Ортиқхўжаев: «Албатта бизнесдан четландим. Аммо ҳокимиятда бизнес юритиш ниятим бор», — деди ва «яъни ҳокимиятни фақат пул ишлатувчи эмас, балки пул топувчи органга айлантириш нияти бор»лигини маълум қилди.

«Бўладиган даромадларни халқимизга ишлатиш ниятимиз бор, албатта», — деб қўшимча қилди Тошкент ҳокими.

«Artel», «Imzo» тендерларда имтиёзларга эга бўладими?

Собиқ тадбиркор ўзи муассис бўлган корхоналарга келажакда Тошкент шаҳрида бўладиган қурилиш ишларида қандайдир имтиёзлар берадими деган саволга жавобан олдин ҳам бунақа ишлар билан шуғулланмаганини ва бундан кейин ҳам шуғулланмаслигини маълум қилди.

«Халқимизнинг ўзининг ихтиёрида, маҳсулотларимиз сифатли бўлса, рақобатга дош бера олса, олишлари мумкин», — деди у.

Тадбиркор сифатида ишни нимадан бошлаган?

«Artel», «Imzo» сингари нозик технологиялар асосида ишлайдиган машҳур корхоналарига раҳбар бўлгунга қадар йўлни сартарошхона ширкатидан бошлаганини маълум қилди.

«Ўша вақтда кооператив фирмалар очилган давлатимизда, мен кичикрок сартарошхона ва пойабзал тузатиш устахоналари ширкатини очганман», — деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Хоббингиз нима деган саволга жавобан «Халққа хизмат қилиш ва бир одамга бўлса ҳам фойдам тегиши. Бунинг учун қанча меҳнат керак бўлса, шунча ишлашга тайёрман», — дея таъкидлади.

Ўз командасида кимлар бўлишини хоҳларди?

Ишни яқинда бошлаган ҳоким ўз олдига қўйган мақсадларга эришиш учун атрофида қандай инсонларни кўришни исташи тўғрисидаги савол ҳам кўпчиликни қизиқтиради.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев бу саволга жавобан шундай деди: «Ҳокимларга маслаҳат берувчилар кўп бўлар экан, бунга ишга киргач яна бир карра амин бўлдим. Мен ҳам маслаҳат бериб, ҳам ўша ғояни ўзи амалга оширадиган одамлар командамда бўлишини хоҳлайман».

Ҳоким этиб тайинлангач, ишни нимадан бошлашни лозим топган?

Жаҳонгир Ортиқхўжаев ишни нимадан бошлашни лозим топганидан ташқари Тошкент шаҳри олдида турган қатор муаммолар хусусида ҳам тўхталиб ўтди.

Ҳокимнинг сўзларига қараганда, ишни ўзи ишлаётган тузилма билан танишишдан бошлаган. «Бу система қандай йўлга қўйилгани билан танишиб, бизнес билан ҳокимият тизимининг умуман бошқачалигини ҳис қилдим. Мен учун бу тизим янги бир ҳаёт, янги бир иш бўлди», — деди у.

Муаммолар ҳақида сўз очар экан, Ўзбекистон пойтахтининг бош плани (генплани) йўқлигини таъкидлаб ўтди. «Узоқ ва яқин стратегияси йўқ. Яъни 10 йилдан кейин нима бўлади, беш йилдан кейин-чи? Йигирма йилдан кейин Тошкентни қандай кўрамиз? Бу саволларга жавобан аниқ стратегик режа қилинмаган эди шу пайтгача. Кейин ҳокимият фақат хизмат кўрсатувчи органга айланиб қолган. Супуриш-сидириш, қурилиш ва бошқа ишлар… Яъни ўзи алоҳида бир пул топиб, пулни кўпайтириб, у ерда бизнесни, яъни хусусий корхоналар билан биргаликда, шерикчиликда ишлашни ривожлантирмаган экан. Коммунал, йўл-транспорт соҳалари эскириб кетганлиги диққатимни тортди. Буларнинг барчасини янгидан кўтариш керак», — деди ҳоким.

Шунингдек, Жаҳонгир Ортиқхўжаев туманларнинг ўзининг маркази йўқ бўлиб кетганини аниқлаганини қўшимча қилди. «Ҳамма эътибор марказга, туманларда эса марказ йўқ бўлиб кетган».

Тошкент ҳокими улгуржи бозорларнинг шаҳар ичидан четга олиб чиқилиши ҳақида ҳам сўз очди

«Дунёнинг ҳеч бир жойида улгуржи бозор билан савдо расталари бир жойда эмас», — деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва бундай номутаносибликка барҳам беришини маълум қилди. Ҳокимнинг сўзларига кўра улгуржи бозорлар келажакда шаҳардан 80 км четроққа кўчирилиши мумкин.

Тошкент раҳбари аҳолининг яшаш жойига қараб спорт мажмуалари, боғча, дўконлар ва бошқа ижтимоий объектлар тўғри тақсимланмаганига эътибор қаратди.

«Мисол учун битта туманда 200 минг аҳолига спорт мажмуалари 10 та бўлса, бошқа туманда 300 минг аҳолига бундай мажмуалар сони 3 та. Яъни бу шаҳардан ёки тумандан бир-бирига қатнашлар орқали тирбандликни юзага келтириши, камига одамларнинг сарсон бўлиши — бунга ўхшаш кўплаб муаммолар бор ва буларнинг барчасини дейлик 3 ёки 5 йилда тўғриласа бўлади, режалаштириш орқали ҳал этиш мумкин. Бугунги кунда биз ҳатто 5 ойда тўғриласа бўладиган муаммоларни кўриб, ўрганиб чиқаяпмиз», — деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Охирги ўқиган китоби: Рашид Мактумнинг «My Vision» («Менинг қарашларим») китоби.

 Интернет ҳаётининг бир бўлаги

Иш кабинетида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг портретлари бор.

Жаҳонгир Обидович Ортиқхўжаев 1975 йил 2 январда Тошкентда туғилган. 1991 — 1996-йилларда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида таҳсил олган. Мутахассислиги иқтисодчи. 2015 йили «Дўстлик» ордени билан мукофотланган. Тошкент шаҳар ҳокими бўлгунча «Артел инжиниринг» МЧЖ директори лавозимида ишлаб келган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг