Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ғайрат Йўлдош

Бешикдан қабргача илм изла!

Президент халқ билан бирга ёхуд ўзгаришни хоҳламаётган айрим одамлар

Президент халқ билан бирга ёхуд ўзгаришни хоҳламаётган айрим одамлар

Фото: «Novostienergetiki.ru»

Яқинда «Ўзбекэнерго»нинг «Telegram» ижтимоий тармоғидаги «Ўзбекэнерго» билан мулоқот» каналига маҳалламиз транформатори 1990-йилларда ўрнатилгани, ҳозирги кунда маҳалламиз катталашиб кетгани туфайли трансформатор босим билан ишлаётгани, шу сабабли имкони бўлса уни каттароқ трансформаторга алмаштириб ёки яна битта янги трансформатор ўрнатиб беришлари ҳақида мурожат қилган эдим. Шундан кейин Самарқанд вилояти электр тармоқлари идораси раҳбари телефон қилиб, маҳалладан битта билдириш хати олиб келишимни, шундан кейин вазият ўрганилиб, лозим топилса янги трансформатор ўрнатиб беришларини маълум қилди.


Мавзуга доир:
«Ўзбекэнерго»нинг яхши янгилиги


Эртаси куни маҳалла раисининг олдига бориб, бўлиб ўтган гапларни айтиб бердим. Аммо маҳалламиз раиси томдан тараша тушгандай «мен ундай хат ёзиб беролмайман» деса бўладими? Унга «Ҳой барака топкур, сиз ўша трансформаторга одам кўпайиб кетганини биласиз, шундай экан, ўша билганингизни ёзиб беринг, бўлди» десам, «Йўқ, барибир ёзиб бера олмайман. Ҳокимиятдан менга гап тегади. Олдин бу ишни ҳокимият билан, туманимиз электр тармоқлари корхонаси билан маслаҳатлашишимиз керак» дейди. «Қанақа ҳокимият? Қанақа маслаҳатлашиш? Ахир муаммомиз юзасидан порталга ёзмаяпмиз-ку ҳокимият аралашса, биз ўша муаммо тегишли бўлган ташкилотга мурожат қилаяпмиз, улар эса ижобий жавоб бериб, маҳалладан битта билдирув хати сўрашаяпти. Шундай экан, беравермайсизми ўша хатни?» деб роса гапирганларим ҳавога учди.

Ишимиз шу ерга келганда тўхтаб қолди. Ўшандан кейин устма-уст уч кун бориб ҳам маҳалла раисини жойидан топа олмадим, бирга ҳокимият ва электр тармоқлари идорасига ўтишимиз керак эди. Ҳар куни мажлисга кетибди. Бунча мажлиси кўп бўлмаса буларнинг?

Мени маҳалла раисининг эшиги олдида кўрган маҳалладошларим ўз-ўзидан нега у ерда уч кундан бери турганим билан қизиқишди. Уларнинг ҳар бирига «Ўзбекэнерго», «Telegram»даги канал, мурожаатнинг осон йўли, янги трансформатор ҳақида эринмай гапириб бердим. Аксарияти мени қўллаб-қувватлади. Аммо...

Кеча кечки пайт отам маҳалла чойхонасидан келди-да, «Ўғлим, нима ташвишларни бошлаб юрибсан?» деб сўраб қолди. Мен бўлган ишларни отамга гапириб бердим. Шунда отам «Ўғлим, ўзинг биласан, аммо шу ишларнинг югур-югурига сендан бошқа одам йўқ эканми? Эҳтиёт бўл, айрим одамлар шундайки, сени сиртдан қўллаб-қувватлайверади. Лекин йўлда қоқилиб кетсанг сенга қўл узатиб ўрнингдан турғазиб қўймайди. Йиқилган жойингда қолиб кетаверасан.Улар эса сени тепкилаб, босиб ўтиб кетаверади» деди. Отамнинг айтишича, чойхонада кимлардир у кишига «Ўғлингизга айтиб қўйинг, ўзини ўтга ҳам, чўққа ҳам уравермасин, оқибати ёмон бўлади» дебди. Ана бўлмаса. Уларга ҳам ҳайрон қоламан. Президентимиз «Ҳой халқ, уйғон. Энди эски замонлар ўтди. Муаммоларинг бўлса айт, ёз, кўтариб чиқавер. Бугун ҳал бўлмаса, эртага ҳал бўлади» деб жон куйдириб турса-ю, маҳалламиз чолларининг қилган ишини қаранг. Бу не ҳол?

Шу мавзуда яна бир мисол. 2016 йилнинг охири, 2017 йилнинг бошлари, одамлар дардини ёзадиган портал аҳоли орасида оммалаша бошлаган пайтлар эди. Ўз муаммоларини мутасадди раҳбарларга айтишга одатланмаган маҳалладошларимдан фарқли ўлароқ маҳалламиздаги бир бола роса «ёзувчи» чиқиб қолди. Қисқа муддатда порталга чироқ, йўл, газ каби икки-учта муаммони ёзиб юборибди. Порталнинг тартиби шу: бир муаммони ёздингизми, кимдир манзилингиз бўйича излаб келади. У болани ҳам ёзган муаммоларига қараб тегишли ташкилотлардан кимлардир йўқлаб келган. Шундан кейин ўша бола кўринмай қолди. Бир куни кўчада отасини учратиб қолиб ўғлини сўрасам, «Россияга жўнатиб юбордим. Ҳар йили ишлаб келадиган жойига кетди. Бу ерда юрса порталга ёзаверади, ёзаверади. Ўша ёқда тинчгина ишини қилиб юраверсин» деди. «Муаммоларни ёзса нима бўпти? Мана Президент “муаммоларинг бўлса ёзаверинглар” деяпти-ку» десам, «Ука, гапинг тўғри. Аммо кўча-кўйда бита-иккитаси «Ўғлингга айт, ҳадеб ёзавермасин. Мана шунақа муаммоларни кўп ёзадиганларни олиб кетиб қолишаётганмиш» деди. Шунга тинч юрсин деб жўнатиб юбордим» деди.

Унинг гапларини эшитиб ҳайрон қолдим. Қаердан чиқаяпти бу гаплар? Кимга керак бундай гапларни тарқатиш?

Ўйлаб кўрсам, бу гапни чиқарадиганлар ҳам одамларнинг ўзи, бу гапларга ишониб кетадиганлар ҳам одамларнинг ўзи экан.

Яхши ҳам яқинда Президент порталида «муаммоларни ёзганингизда сизга кимдир босим ўтказишга уринса бизга мурожат қилинг» деб эълон қилинди. Акс ҳолда бундай аҳмоқона миш-мишлар баттар урчирмиди? Умуман олганда, биринчи навбатда одамларнинг ўзлари ўзгаришни хоҳламаяпти. Қўрқув ҳалиям бор. Шу туфайли ҳам ҳанузгача ечилмай ётган кўплаб муаммоларни порталга ёзишга ёки тегишли ташкилотга кўтариб чиқишга журъат эта олмай юрганлар кўп. Президент «Мен сизлар билан биргаман. Сизларнинг муаммоларингиз менинг муаммом» деб жон куйдираётган бир пайтда халқда ҳам «Президентимиз биз билан» деган тушунча шаклланиши керак. Ана шунда балки кўплаб муаммоларга шунчаки кўз юмилмай, муаммонинг борлиги айтилиб, ечими талаб қилинар?

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг