Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев озиқ-овқат бўйича янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқишга топшириқ берди

Шавкат Мирзиёев озиқ-овқат бўйича янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқишга топшириқ берди

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 16 январь куни «Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА сайтида берилган.

Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш, бозорни сифатли, хавфсиз ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, аҳолининг харид имкониятларини мустаҳкамлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш ва соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, шунингдек, мазкур соҳадаги мавжуд тизимли муаммоларга барҳам бериш мақсадида 2018 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон Республикасига озиқ-овқат товарларини импорт қилиш бўйича айрим хўжалик юритувчи субъектларга тақдим қилинган индивидуал божхона, солиқ ва бошқа имтиёзлар, шунингдек, бошқа преференциялар бекор қилинди.

Ушбу банд талаблари бузилган ҳолларда айбдор шахслар қонунчиликда белгиланган жиноий жавобгарликкача тортилади.

Шунингдек, 2018 йилга озиқ-овқат маҳсулотларини ташувчиларни излаб топиш ва жалб қилиш, улар учун бозорга киришда тенг шароитлар яратиш, уларга шартномалар тузиш, киритилган маҳсулотларни ташиш ва сақлашда кўмаклашиш бўйича комплекс чора-тадбирлар, шунингдек, аҳолининг сифатли, арзон озиқ-овқат товарларига бўлган талабини тўлиқ қаноатлантиришга қаратилган бошқа чора-тадбирларни ишлаб чиқилади.

Республиканинг барча ҳудудларида давлат-хусусий шериклик шартларида ихтисослаштирилган омборхона иморатлари, омборлар, музлатиш камералари, озиқ-овқат товарларини қайта ишлаш ва қадоқлаш бўйича замонавий юқори технологик, энергия самарадор ускуналар ташкил этилади.

Бундан ташқари, уч ой муддатда жамғарма маблағлари ҳисобидан ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш тартибини чайқовчилик ва бошқа суиистеъмолчилик ҳолларига имкон бермайдиган чораларни назарда тутган ҳолда белгилаш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланади.

Бозорни сифатли, хавфсиз ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, аграр комплексни ривожлантириш, ижтимоий ва давлат-хусусий шерикликнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш, озиқ-овқат бозори барқарорлигига таҳдидларни ўз вақтида бартараф этиш, озиқ-овқат товарлари импортини қулай божхона-тариф тартибга солиш бўйича чораларни белгиловчи «Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ҳафта муддатда Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментига Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ва бошқа идораларнинг ахборот маълумотлар базаларидан масофадан туриб фойдаланиш имконияти яратилади.

Давлат божхона қўмитаси ва унинг ҳудудий тузилмалари раҳбарлари божхона тартиб-таомилларини амалга оширишда сунъий тўсиқлар яратиш, сансалорлик ва суиистеъмолчилик ҳолатларига йўл қўйганлик учун шахсий жавобгарлиги ҳақида қатъий огоҳлантирилади.

Мазкур фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори И.Б.Абдуллаев зиммасига юклансин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг