Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Пахта шартномасидаги битта банд ҳақида эслаганларим

Пахта шартномасидаги битта банд ҳақида эслаганларим

Бундан йигирма йиллар олдин бўлган воқеа. Куз, барглар сарғайган, йиғим-терим айни авжида. Эрталаблари анча салқин, аммо тушлик вақтида куз қуёши тиккадан келганда нақ пешонага уриб, қиздиради, беҳол қилади. Чанқоқ, очлик. Сен эса пахта теришинг керак.

Икки дала нарида қовун-тарвуз ғарқ пишиб ётибди. Бориб биттагинасини еб олсанг, чанқоғинг ҳам қонади, қорнинг ҳам тўяди. Аммо мен пахта майдонидан чиқа олмайман. Бунга ҳаққим йўқ, умуман, хоҳлаганимда ҳам белимдаги фартукни ечиб, отвориб кета олмайман барибир. Чунки мактабимнинг деярли ҳамма ўқитувчилари шу ерда, дала четидаги дарахтлар соясида қоровуллик қилишяпти. Пахтадан қочмоқчи бўлганлар (ҳа, бизнинг давримизда шунақа «атамалар» бўларди, у вақтларда нафақат дарсдан қочиларди) қўлга тушиб қолса, аҳвол чатоқ...

Э, йигирма йил олдин пахта териш учун шартнома имзолаш қаёқда эди, биродар. «Теримчининг ҳуқуқи», деган гапни адашиб айтиб қолсанг, устингдан бир ҳафта кулишарди.

Эндичи?

Кеча, теримчилар билан имзолаш учун чиқарилган фуқаровий-ҳуқуқий тусдаги шартномани ўқир эканман, ўша кунлар эсимга тушди. Шу дамларга ҳам етибмиз.

Биласизми шартноманинг нимаси менга жуда ёқди. Ундаги 3.1 бандда шунақа жойи бор экан:

«Бажарувчи (теримчи) шартномани исталган вақтда ўз ихтиёрига кўра бекор қилиш ҳуқуқига эга. Бундай ҳуқуқдан фойдаланиш Бажарувчи учун Буюртмачининг розилигини олиш ёки бошқа бирон бир мажбуриятларни келтириб чиқармайди».

Бу нима дегани? Деганики, айтайлик сиз — теримчисиз. Бирдан сизга нимадир ёқмай қолди —шароит кўнглингиздагидек эмас. Шартта фартукни ечиб отасизу, кетворасиз. Маззами?

Пахтанинг ҳам ўз одами бўлади, дўст. Яъни, тергани сари тергиси келиб, яйрайдиганлар бор. Қўли пахта теради, миясида олинажак пулни ҳисоблаб кетаверади. Унақаларни ҳам кўрганмиз. Аслида теримни шундайларга бериш керак. Эгатда адашиб юрган, қувиб олиб келинганлардан нима наф?

Энди у кунлар қайтмайди. Пахтага ҳаммани ёппасига қувиб олиб келишмайди — ўзининг одами теради. Ҳар ҳолда қўлимдаги шартнома шундан далолат бериб турибди.

Унга кўра, Буюртмачи, яъни пахта тердирадиганлар қуйидаги мажбуриятларга эга:

- Меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган, муносиб меҳнат шароитини яратиб бериш.
- Териб берилган пахта учун Ҳукумат томонидан белгиланган нархлардан кам бўлмаган миқдорда ҳар куни (кечи билан беш кунда бир марта) тўлаб бориш.
- Бажарувчини (теримчини) уч маҳал иссиқ овқат билан таъминлаш. Шунингдек дам олиш вақтида керакли жиҳозлар ва маиший техникалар билан таъминланган, тиббий ва маиший хизмат кўрсатиш ташкиллаштирилган ётоқ жойи билан таъминлаш, ётоқ жой билан пахта дала майдони узоқда жойлашган бўлса, бориб келиш учун транспорт билан таъминлаш.
- Теримчилар касал бўлганда, соғлигига шикаст етказилганда уларга тиббий ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш ва соғлиги тикланиши билан боғлиқ ҳаражатларни қоплаши лозим.

Албатта теримчи ҳам ўз навбатида ишини виждонан бажариши, ҳосилни нобуд қилмай, тоза-озода йиғиб олиши керак. Бу ҳам шартномада кўрсатилган.

Шунақа. Мен боя йигирма йил олдинни гапирдим, аслида 5-6 йил аввал ҳам бунақаси шунчаки утопия эди. Энди давр ўзгарди, дўстим.

Шартномани ўқинг. Ишни ҳам қилинг, ҳаққингизни талаб қилишни ҳам ўрганинг.

Абдуллоҳ

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг