Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Пайариқдаги МФЙ биноси авария ҳолатида: мутасаддилар эътиборсиз

Пайариқдаги МФЙ биноси авария ҳолатида: мутасаддилар эътиборсиз

Фото:«Маҳалла»

Сиз кўриб турган суратлардаги манзара — Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги «Оққўрғон» ва «Сарисув» маҳалла фуқаролар йиғинлари жойлашган бинонинг ташқи кўриниши.

 Ўтган асрнинг 50-йилларида бунёд этилган мазкур иншоот собиқ тузум даврида «Оққўрғон» жамоа хўжалиги бошқарувининг маъмурий биноси сифатида фаолият кўрсатган. Айни пайтда эса унинг деворлари нураб, тўкила бошлаган.

Эшиклари базўр очилиб-ёпиладиган йўлак бўйлаб секин ичкариладик. Ўзини маҳалла посбониман, дея таништирган йигит бизни хоналардан бирига олиб кирди. Эски мебеллар қўйилган хонада «Оққўрғон» ва «Сарисув» маҳаллалари фуқаролар йиғинларининг раислари ва яна бир йигит пальто, куртка каби қалин кийимларда қўнишибгина ўтиришибди. 

Фото:«Маҳалла»

—  Икки йилдан буён шу эски бинодамиз, — дейди «Оққўрғон» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мамарасул Омонов. — Ҳавонинг илиқ кунлари-ку бир амаллаймиз, аммо қиш мавсумида ишлаш жуда қийин. Хоналар совуқ. Иситиш тизими мутлақо ишламайди. Бинони таъмирлашнинг фойдаси йўқ. Чунки у нам тортиб, яна нураб тушаверади.  

Раиснинг айтишича, мазкур масала бўйича бир неча бор туман ҳокимлигига мурожаат қилинган, мутасаддилар ҳар йили янги бино қуриб беришни ваъда қилишади, аммо ваъда ваъдалигича қолаверади.

Ҳар иккала маҳалла ҳудудида жами 21 та кам таъминланган оила мавжуд. Гарчи деворлари тўкилай деб турса-да, мазкур бинонинг ярмига  «Оққўрғон» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли кам таъминланган оилалардан бири вақтинча жойлашган. Ташландиқ жойни эслатувчи ҳовлига яқин орада инсон зотининг оёғи етмаган кўринади.  

Фото:«Маҳалла»

Дарвоқе, яна бир гап. Бинога кираверишдаги узунлиги бор-йўғи 30-40 қадам келадиган йўл кўлмак ва балчиқдан иборат. Шу боис одамлар йўлнинг четидан юришга мажбур. Бинони таъмирлаш, уни қайта қуришга каттагина маблағ, алоҳида дастур талаб қилинар, аммо кўчага-чи? Наҳотки кичик йўлакчани таъмирлашга ҳам катта маблағ талаб қилинса? Бу юмушни ҳомийлар кўмагида амалга оширишса бўлмайдими? Икки машина шағал тўкилиб текисланса олам гулистон. Бунинг учун маҳаллий раҳбарлардан озгина қунт, эътибор, ташкилотчилик керак холос!

Хуллас, Пайариқ туманидаги «Оққўрғон» қишлоғида кўрган-кечирганларимизни сиз кўриб турган суратларга муҳрладик. Уларга изоҳ беришни эса мутасаддилар ҳукмига ҳавола этамиз.

Ёрмамат Рустамов

«Маҳалла» газетасидан олинди

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг