Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Пенсия жамғармаси пенсия тайинлашни қайта кўриб чиқиш ҳақидаги петицияга муносабат билдирди

Пенсия жамғармаси пенсия тайинлашни қайта кўриб чиқиш ҳақидаги петицияга муносабат билдирди

Фото: «Protoday.uz»

Кеча, 6 июнь куни «Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталига «Нафақалар тайинлашни қайта кўриб чиқиш ҳақида» янги петиция овозга қўйилгани ҳақида хабар берган эдик. Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ушбу петицияга расман муносабат билдирди.

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунда агар жамоа хўжалиги аъзоси узрсиз сабабларга кўра жамоа хўжалигида белгиланган меҳнатда иштирок этиш минимумини бажармаган бўлса, ишланган вақтнинг амалда давом этган даври бўйича ҳисобга олиниши қайд этилган.

Шундан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-қарори билан тасдиқланган «Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги низомда жамоа хўжалигида меҳнатда иштирок этишнинг белгиланган минимумини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, меҳнатнинг амалдаги давомийлиги бўйича иш вақти ҳисобга олиниши белгиланган.

Мисол учун, 1980 йилда «Победа» колхозида фаолият кўрсатган эркаклар учун 230 кун, аёллар учун эса 160 кун этиб меҳнатда қатнашиш минимуми белгиланган. Шунда эркак кишининг пенсияга чиқиш ҳуқуқи пайдо бўлганда, унинг 1980 йилда ишлаган 230 иш кунидан, аёл кишининг 160 иш кунидан иборат даври меҳнатда қатнашиш минимумини тасдиқловчи ҳужжатлар билан тасдиқланган тақдирда, тўлиқ бир йил иш стажи сифатида инобатга олинади.

Юқорида кўрсатилган низомга асосан агар жамоа хўжалигида меҳнатда иштирок этишнинг белгиланган минимумини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, меҳнатнинг амалдаги давомийлиги бўйича иш вақти ҳисобга олинади.

Мисол учун, 1980 — 1981-йилларда «Победа» колхозида фаолият кўрсатган эркакнинг пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлганда ҳамда мазкур шахс томонидан тақдим этилган архив маълумотномасида 1980 йил учун 210 кун, 1981 йил учун 220 кун ишлаганини тасдиқловчи маълумотнома тақдим этилиб, бироқ меҳнатда иштирок этишнинг белгиланган минимумини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, унга пенсия тайинлашда юқорида кўрсатилган меҳнат фаолияти даври қуйидагича инобатга олинади: 1980 йил — 210 кун = 7 ой, 1981 йил — 220 кун = 7 ой 10 кун сифатида, яъни амалдаги давомийлиги бўйича иш вақти ҳисобга олинади.

Шу билан бирга, Меҳнат кодексининг 115-моддасига асосан ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, Меҳнат кодексининг 139-моддасига мувофиқ таътилларнинг муддати олти кунлик иш ҳафтаси ҳисобидан календарь бўйича иш кунлари билан ҳисоблаб чиқарилади. Таътил даврига тўғри келиб қолган ва ушбу кодекснинг 131-моддасига мувофиқ ишланмайдиган кунлар деб ҳисобланадиган байрам кунлари таътил муддатини белгилашда ҳисобга олинмайди.

Ўзбекистон Олий суди пленумининг 2017 йил 29 ноябрдаги «Давлат пенсия таъминоти билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги 44-қарори 12-бандида Меҳнат кодексининг 115- ва 139-моддаларига асосан жамоа хўжалигида ишланган вақтнинг амалда давом этган даври байрам кунларини ҳисобдан чиқарган ҳолда олти кунлик иш ҳафтасидан келиб чиқиб белгиланиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.

Шу боис жамоа хўжалигида амалдаги давомийлиги бўйича иш вақтини ҳисоблашда олти кунлик иш ҳафтаси ва байрам кунларини ҳисобга олган ҳолда календарь бўйича иш кунлари билан ҳисоблаб чиқарилмоқда.

Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан фуқаролар билан ўтказилган сайёр учрашувлар, шунингдек Ўзбекистон Президентининг виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган мурожаатлар таҳлили натижасига кўра жорий йилнинг апрель ойида Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Мазкур қарор лойиҳасида Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-қарори билан тасдиқланган «Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 35-банди «а» кичик банди 4-хатбошисига қуйидаги мазмунда ўзгартириш киритилмоқда:

— «жамоа хўжалигида меҳнатда иштирок этишнинг белгиланган минимумини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, меҳнатнинг амалдаги давомийлиги бўйича иш вақти олти кунлик иш ҳафтасидан келиб чиқиб белгиланади».

Ушбу қарор қабул қилиниши билан петицияда қайд этилган муаммоли масалалар бартараф этилади.

Қарор лойиҳаси бўйича Иқтисодиёт вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги, Соғлиқни сақлаш, Ташқи ишлар, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси, «Ўзбекнефтгаз» АЖ билан келишилган ҳолда Адлия вазирлигидан ҳуқуқий экспертиза хулосаси олинган.

Мазкур қарор лойиҳаси яқин кунларда Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритилади.

Эслатиб ўтамиз, Пенсия жамғармаси томонидан ишлаб чиқилган Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш концепциясига кўра дастлабки босқичда талаб этиладиган минимал иш стажини босқичма-босқич ҳар йили, 2019 йилдан бошлаб 10 йилгача ошириш, пенсия ёшини эса 2022 йилдан бошлаб ҳар йили 6 ойга, аёллар учун 58 ёшгача, эркаклар учун 63 ёшгача ошириб бориш кўзда тутилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг