Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сарвар Очилов

Еганинг ҳақида эмас, кўрган-билганинг ҳақида ёз!

Порани олган ҳам, берган ҳам жиноятчи, бироқ улар яхшилаб ўйлаб олишлари учун бир ой муҳлат берилган

Порани олган ҳам, берган ҳам жиноятчи, бироқ улар яхшилаб ўйлаб олишлари учун бир ой муҳлат берилган

Иллюстратив сурат.

Фото: «Marketwatch.com»

Ўзбекистон Олий суди матбуот хизматидан маълум қилишларича, 2017 йилда мансабдор шахсларга пора бериш билан боғлиқ 1,7 мингдан ортиқ жиноят иши бўйича суд ҳукми ўқилган. Натижада 2,5 мингга яқин шахс жиноий жавобгарликка тортилган. 

Бир қарашда ушбу факт кишини хурсанд қилади, аммо мен, сиз, биз – ҳаммамиз жамиятимиздаги порахўрликлардан олдин бехабармидик? Авваллари дуч келмаганмидик ёки курашмаганмидик? Албатта, барча даврларда ҳам таниш-билишчилик, коррупция, адолатсизлик қаттиқ қораланган ва унга қарши кураш олиб борилган. Бироқ халқимизни ва давлатимизни кўп йиллар давомида порахўрлик, коррупция балосидан химоя қилувчи тузилма раҳбарлари шу кунларда ҳибсга олинмоқда. Нега? 

Бош прокуратура томонидан 24 февраль куни Ўзбекистоннинг собиқ Бош прокурори Рашиджон Қодиров Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддасига асосан ушланганлиги ҳақида хабар берилди. Қодировга нисбатан Жиноят кодексининг 165-(«Товламачилик»), 205-(«Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш»), 210-(«Пора олиш»)моддалари бўйича жиноят иши очилган. Шунингдек, ушбу жиноят иши бўйича Бош прокурорнинг собиқ ўринбосарлари ҳамда Тошкент вилоятининг собиқ прокурорлари Жамшид Файзиев ва Улуғбек Суннатов ҳам ҳибсга олинган. Бу жараёнлар айни кунларда давом эттирилмоқда.  

Қолаверса, яқинда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси ишдан олинди. Унинг собиқ ўринбосари, генерал-лейтенант Шуҳрат Ғуломов ўтган йил ёзида Сурхондарё вилояти бошқармаси раҳбарлигидан олиниб, кейинроқ, 2017 йилнинг августида суд томонидан давлатга миллиардлаб сўмлик зарар етказиш, қурол-яроғ контрабандаси ва пул ювишда айбланиб, умрбод озодликдан маҳрум этилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Айни пайтда ҳам МХХнинг турли даражадаги ўнлаб раҳбарлари жиноий жавобгарликка тортилиб, сўроқ қилинаётгани ҳақида маълумотлар тарқатилди. Асосийси, бу масалаларга Президентнинг шахсан ўзи бош-қош бўлмоқда. Юртимиздаги коррупция ва порахўрлик билан боғлиқ ҳолатларни Шавкат Мирзиёев эътироф этмоқда. Бу нимадан далолат? Ҳар қандай коррупциянинг эртаси, келажаги йўқлигининг исботи эмасми? 

Шавкат Мирзиёев президент сифатида давлат тепасига келгач, китобхонликка, маънавиятга жиддий эътибор қаратишни бошлади. Бунинг исботи сифатида 2017 йил 12 январда давлат раҳбарининг «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши, 2017 йил 13 сентябрда «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ҳатто китоб ўқиганларга автомобил совға қилинмоқда. Ҳаммаси халқни китобга қайтариш ва маънавиятини ўстириш учун қилинаяпти. Чунки ҳар бир жиноят, коррупциянинг замирида маънавиятсизлик ётади.

Тан олиб айтиш керакки, кейинги пайтларда рўй бераётган турли даражадаги жараёнлар юртимизда қонун барча учун баробар эканлигининг амалий исботи бўлмоқда. Таниш-билишчилик, порахўрликка қарши аввалгиларидан бошқачароқ кураш кетаяпти, адолат қарор топаяпти.

Отам мендан пулини «аяган»

Мен дастлабки йили олий ўқув юртига ҳужжат топшириб, киролмаганман. Ўшанда (ҳозир ҳам йўқ эмас) яхшигина пул (пора) эвазига ўқишга жойлаб қўйгувчиларнинг бозори жуда чаққон эди. Халқ орасида билим эвазига ўқишга кириб бўлмайди деган тушунча урчиган эди. Ўшанда пул бериб мени ўқишга жойлаб қўйишга отамнинг ҳам қурби етарди, лекин пулини мендан «қизғанганди». Ҳатто бундан озроқ хафа ҳам бўлгандим. Кейин бир йиллик тинимсиз китоб ўқишлардан сўнг базўр шартнома асосида ўқишга кирдим. Энди эса ўшанда отам мендан нега пулини «аягани»ни билиб, кўриб турибман.

Банкдан порасиз доллар

Кредит, валюта, нақд пул, омонат, қўйингки, банк билан боғлиқ барча хизматлар оддий аҳоли учун деярли пора эвазига амалга оширилар эди. Бир сафар менга 1000 АҚШ доллари миқдорида нақд пул керак бўлиб қолди. Аслида ҳар бир фуқаро ҳар чоракда 2000 (ўша пайтда) долларгача бўлган маблағни Марказий банк белгилаган қийматда сотиб олиши мумкин эди. Бироқ кўчадан борган ҳар кимга ҳам бундай имконият берилмас эди. Ўшанда банк эшигида икки кун сарғайганман. Чунки қора бозордан валюта олиш ўша пайтда ҳам хавфли ва анчагина қиммат эди.

Фуқаролик ҳуқуқимдан фойдаланиш учун ойлар ва йиллар кутишим керак бўларди. Кейин банк раҳбари билан юзма-юз гаплашдим, муаммом ҳал бўлмади. Бироқ журналист эканлигимни билгач, масалам Миллий хавфсизлик хизматидаги банк кураторининг розилиги билан ҳал бўлишини очиқчасига айтди. Ҳафсалам пир бўлиб, ортга қайтдим... Лекин банк раҳбари ишимни бир ҳафта оралиғида ҳал этиб берган, албатта порасиз. Минг афсуски, банкдан кредит, нақд пул олиш ва ҳокозолар ҳам коррупциясиз ҳал бўлиши жуда қийин эди. Чунки биз пора беришга мойилмиз...

Икки минг доллар ёнга қолган

Биз йиллар давомида бутун дунёга мақтаниб келдик. Ўзимизда замонавий автомобиллар ишлаб чиқарилаётгани-ю ўзбек автомашиналари чет давлатларга экспорт қилинаётганидан ғурурландик. Бироқ оддий ўзбек пешона тери эвазига орттирган пулига автосалонга бориб янги машина ололмаётгани ҳақида лом-мим демадик. Янги автомобиллар учун шартномалар халққа очиқчасига катта маблағлар эвазига пулланди. Пора олиб ўрганган раҳбарлар ҳеч бир қийинчиликсиз бераверишди, оддий халқ эса...   жабрини тортди.

...2012 йил ўзимизда ишлаб чиқарилган «Спарк»дан сотиб олиш ниятида «Автотеххизмат» корхонасининг эшигини қоқдим. Боришимдан олдим бир ҳамкасбим айтганидек, шартнома йўқ экан. Қачон келиши эса номаълум. Ачинарлиси, айланма йўллар билан мен истаган машина учун шартнома тарқатилмоқда. Фақат 2000 доллар пора эвазига. Ўшанда ҳам ҳақим учун талашиб, ўзим истаган автомашинага порасиз шартнома олганман.

Юқорида бевосита ўзим гувоҳ бўлган, дуч келган соҳалардаги коррупция ва порахўрликнинг айримлари ҳақида ёздим. Бироқ ҳаммамиз учун оддий ҳолга айланган, қонимизга сингиб кетаёзган иллатдан бугун қутулмасак, яна қачон бундай имконият бўлади?

Эслатиб ўтиш лозимки, пора бериш жиноят ҳисобланиб, бу қилмишни содир этганлар Жиноят кодексига мувофиқ жавобгарликка тортилади. Яъни, энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Пора бериш жуда кўп миқдорда, уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса – ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. 

Бироқ шахсга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлса ва ушбу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берса жавобгарликдан озод этилиши белгиланган. 

Тан олиб айтсак, йиллар давомида порахўрлик бунчалик авж олишига кўп ҳолларда ўзимиз сабабчи бўлаяпмиз. Атрофимиздагиларни пора олишга кўндираяпмиз. Ҳатто «Пора олмайдиган одам йўқ, беролмайдиган ношудлар бор» деган иборани тўқидик ва шунга амал қилдик. Асл ҳақиқат шуки, пора бериш ҳам, олиш ҳам жиноят, бироқ 30 сутка ўйлаш учун етарли муддат. Вақт кетди...

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг