Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Таъмагир, фирибгар ва порахўр. Гап фарғоналик журналист ҳақида кетяпти

Таъмагир, фирибгар ва порахўр. Гап фарғоналик журналист ҳақида кетяпти

Фото: «Volbusiness.ru»

Мамлакатимизда бугунги кунда оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, матбуотни эркин минбарга айлантириш борасида катта ишлар амалга оширилаётган бир пайтда айрим журналистлар нафс кўйига кириб, журналист касбига доғ туширмоқда.

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятида бир журналист пора билан қўлга тушгани ҳақида турли хабарлар тарқалди. Хўш, бу нечоғли тўғри? Аслида нима бўлган эди?

Тошкент шаҳридан рўйхатдан ўтган «Тафсилот-Пресс» газетаси бош муҳаррири ўринбосари Н.Ашуров Фарғона вилоятидаги халқ таълими ва тиббиёт муассасаларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати, озиқ-овқат захирасини шакллантириш борасида амалга оширилган ишлар аҳволини ўрганиш мақсадида хизмат сафарига юборилади.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг хабар беришича, у Фарғона туманидаги 32 ва 3-мактабгача таълим муассасаларида захира режасида кўрсатилган ҳажмда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захираси яратилмагани ҳолатини матбуотда ёритмаслик эвазига товламачилик йўли билан 1 минг 500 АҚШ доллари талаб қилган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментнинг Фарғона вилояти бошқармаси, Фарғона шаҳар ва Фарғона туман бўлими ходимлари, Миллий хавфсизлик хизмати Фарғона тумани бўлими ходимлари томонидан 2017 йил 19 декабрь куни ўтказилган тезкор тадбир давомида Н.Ашуров Фарғона шаҳридаги «Дўстлик» меҳмонхонаси ёнида 800 АҚШ долларини олган вақтда ушланди.

Тезкор тадбир давомида «Дўстлик» меҳмонхонасидаги Н.Ашуров жойлашган хона холислар иштирокида кўздан кечирилганда хизмат гувоҳномаси, ташкилотлар билан тузилган шартномалар, маълумотномалар ва норматив ҳужжатлар нусхалари ашёвий далил сифатида олинган. Шунингдек, у Фарғона тумани тиббиёт бирлашмаси омборини куз-қиш мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини ва бирлашма ошхонасида овқатларнинг тайёрланиш ҳолатини ўрганиб, тушликка солинган овқатга оз миқдорда гўшт солинганлик ҳолатини матбуотга олиб чиқмаслик эвазига омборчидан 200 АҚШ долларини талаб қилиб, 100 АҚШ доллари олгани аниқланган.

Ҳуқуқ-тартибот органларининг аниқлашича, «уддабурон» журналист Н.Ашуров 2017 йил 11 декабрь куни Фарғона вилояти Данғара тумани ҳокимлигига борган. Иқтисод бўлими ходими Давронжон Бегматовга Тошкентдан келганини, қишга тайёргарлик, озиқ-овқат захирасини яратилганини кўриши кераклигини айтади. Д.Бегматов туман халқ таълими бўлимидан ходим ажратиб, тумандаги 1-ихтисослашган мактаб интернатига юборган. Н.Ашуров ўзини валломатлардан тутиб, текширишни бошлайди. Мактаб директори С.Мамажонова меҳнат таътилида бўлгани боис ишда бўлмайди. Шунга ҳам қарамай, журналист унинг хонасига кириб, ҳужжатларни текширган. Бундан хабар топган мактаб директори ишхонасига келса, кабинетида бир бегона киши унинг иш столида ўтириб ҳужжатларни текшираётган экан. С.Мамажонова журналистдан текширув учун асос сўраган.

Нафс қурбонига айланган С.Ашуров Президент фармонларидан нусхалар кўрсатган. Ҳужжатларда камчиликлар йўқ экан, деб чиқиб кетмоқчи бўлган. Мактаб директори журналистнинг хатти-ҳаракатларидан шубҳаланиб, уни туман ҳокимлигига олиб борган. Туман ҳокими кеч бўлгани сабабли эртага келинглар гаплашамиз, деб уларни чиқариб юборган. С.Ашуров ташқарига чиқиб, мактаб директорига қўнғироқ қилиб уни чақирган. «Энди нима қиламиз?», деб сўраган. Директор камчилик аниқланмагани, бу бўйича ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишини айтган. Таъмагирлик қилмоқчи бўлган журналистнинг ранги ўзгариб, секингина жуфтакни ростлаган. Эртаси куни мактаб директорининг қўнғироқларига умуман жавоб бермаган.

Айни кунларда мазкур ҳолат юзасидан «Тафсилот-Пресс» газетаси бош муҳаррири ўринбосари Н.Ашуровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 165-моддаси 2-қисми «а» банди бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг