Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент айтдими – бўлади!

Президент айтдими – бўлади!

Фото: «kun.uz»

«Мажбурий меҳнатга жалб қилганингни аямай жазолайман!».

Шундай дедими Президент?

Деди.

Ана энди айниқса маориф ва тиббиёт соҳаси раҳбарлари кўзини катта очиб олишлари, «ҳашар»ларга эҳтиёт бўлишлари керак эди. Ҳатто сенатор опа «Ўз уйингни ўзинг тозала!» деган бўлса ҳам.

Азамат Умаров яхши олим

Азамат Умаров менинг эски танишим. Устазода педагог, яхши мутахассис. Академик лицей директорлигидан вилоят халқ таълими бошқармаси мудирлигига, ундан Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари даражасигача ўз меҳнати билан кўтарилиб келган сиёсий ҳушёр кадр эди.

Охирги лавозимини кўтариш оғирлик қилди, шекилли. Ана шу лавозимда доимо камтар, самимий бўлган Азамат ака ўзгарди. Энди бу табиий ҳол, ҳокимларга яқин юрган ҳар қандай одамнинг димоғи ҳаво олади. Олдин мен билан бир товоқдан ош еган Азамат ака у ер-бу ерда кўришсак, қўл бериб сўрашишни ўзига эп кўрмайдиган бўлди. Буниси майлига...

Энг ёмони, Диана фожиасини матбуотда ёритганимда мақоламга қарши ёзилган биринчи раддиянинг ижодкори, илҳомчиси, таъбир жоиз бўлса, «айтиб туриб» ёздирувчиси ҳам айнан Азамат Умаров бўлди. Раддияни имзолаганлар «каттаконлар» эмас, уларнинг «замлари» бўлди: «замоблОНО» ва Каттақўрғон тумани «замҳокими».

Аммо «Ким қилмағай, ким топмағай» деганларидек, энг аввал калтакнинг тўқмоқли учи айнан Азамат Умаровнинг бошига тушди. Ҳали Диана фожиасига Президент аралашмаган, фожиага холис баҳо берилмаган, айбдорларни қандай жазолаш масаласи кўтарилмай туриб, энг аввал Азамат Умаровга чора кўрилди: у Самарқанд вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимидан четлаштирилиб, Самарқанд шаҳридаги 62-махсус мактаб-интернат директори лавозимига «туширилди».

 «ОблОНО» мудири мактабда

«Каттакон»ликка ўрганиб бўлган Азамат Умаров бу мактабда ҳам ҳокимиятчасига иш бошлади. Ҳовлиларни айланган Азамат Умаров ҳамма ёқнинг бетартиб эканини кўриб, дарров ҳаммани ҳашарга чиқарди. Албатта, «ихтиёрий». Аммо орада кўп ишлар бўлиб ўтган эди. Президент мажбурий меҳнатга йўл қўймасликни ҳукумат раҳбарларидан талаб қилган, бу борада Вазирлар Маҳкамаси дастурхонча келадиган қарор ҳам эълон қилган эди. Замон ҳам ўзгариб, ўқитувчилар ҳам бир-икки жойда ҳақини талаб қила бошлаган эди. Хуллас, ўқитувчилар «исён» кўтаришди. «Бетинг, кўзинг» дейишмади. Шикоят қилишди.

Ушбу вазиятни ўрганиб чиққан Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ҳузуридаги Ўқитувчиларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда мажбурий меҳнатга жалб этишга қарши курашиш комиссияси бўлиб ўтган воқеани тасдиқлади.

Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги матбуот хизматининг хабарига кўра, «Самарқанд шаҳридаги 62-мактаб-интернат директори ободонлаштириш ишларини нотўғри тарғиб қилган, педагогик жамоада норозилик кайфиятини уйғотган ва муассасада соғлом муҳитни ўрнатолмаган».

Шундай қилиб, комиссия тавсиясига кўра мактаб-интернат директори билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Президент сўзларини писанд қилмаслик вилоят миқёсидаги етук бир раҳбарнинг оддий мактаб директорлигидан ҳам шарафсиз четлатилишига сабаб бўлди.

Қолган «каттаконлар»га эслатма

Унутманг, ўқимаган бўлсангиз, ўқиб олинг, тушунмаган бўлсангиз, тушуниб олинг: 2018 йилнинг 10 май куни Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги 349-қарори қабул қилинган ва унга кўра ҳар қандай ихтиёрий-мажбурий ҳашар ташкил қилиш тақиқланади!

Эътибор беринг: хоҳ ихтиёрий бўлсин, хоҳ мажбурий бўлсин, энди ҳашар ташкил қилиш тақиқланади!

О, отини «ҳашар» қўйиб, не-не ишларни қилдирар эдилар шўрлик муаллимлар, дўхтурлар ва талабалар, ҳатто ўқувчиларга! Шу йилгинанинг бошида ҳам 5-синф ўқувчилари темир-терсак, картон қоғоз излаб юришганди, яширмайлик! Барака топсин, Президент ҳаммасига битта амр билан чек қўйди!

Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ ҳокимлар, барча даражадаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига фуқароларни, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини, таълим муассасаси ўқитувчилари ва талабаларини мажбурий меҳнатга, ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, металл чиқиндилар ва макулатура йиғиш, шунингдек, бошқа турдаги мавсумий ишларга жалб қилиш ҳолатларининг зудлик билан олдини олиш ва чек қўйишга, бундай ҳолат рўй берганда эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар бериш вазифалари юклатилган!

Огоҳ бўлинг, «каттакон»лар, арзимаган бир «ҳашар» уюштираман деб иссиққина ўрнингизни муздеккина қилиб совутиб қўйманг!

Яна битта гап

Ҳадемай сентябрь келади. Қанча «каттакон» пахта кампаниясини кутиб ётибди. Энди ҳаммаси бошқача бўлади.

29 май куни видеоселекторда Ўзбекистон Президенти мана бундай деди: «Бюджет ташкилоти ҳеч қачон пахтага тегмайди, далада пахта ёниб кетса ҳам теккиздирмайман. Кимга керак пахта? Корхонага керак. Қайси корхона? Қайта ишлайдиган. Ўзининг одамлари, ўзи бориб, пул тўласин, ўзи йиғсин. ...Қаерга борсак, болалар меҳнати. Ундан 2-3 миллиард фойдами ёки ундан кўра обрўни, сиёсатимизни жойига қўйиш керакми? Ҳеч қандай, биронта болалар меҳнати, мажбурий меҳнат керак эмас. Мана қанча тўқимачилик комбинатларимиз бор, ўзлари бориб, ўзининг пахтасини ўзи териб олаверсин!».

Муҳтарам «каттакон»лар, Президент мажбурий меҳнатнинг ҳеч қанақаси керак эмас деяпти. Ана шуни яхши билиб олинг. «Муаллимларнинг ўзлари ташаббус билан чиқди» деманг, «Дўхтурларнинг ўзлари отилиб чиқди» деманг. Ўтган чорак асрдагидек «Тўқсон ёшли онахонлар, юз ёшли отахонлар, масжид имомлари белига этак тутиб, ўзлари пахтазорга чиқиб кетди» деманг. Уларни пахтазордан қувинг! Бўлмаса, сизнинг шўрингиз қуриб қолади.

Қайтариб айтаман, «каттакон»лар, огоҳ бўлинг! Ҳеч қанақа «ихтиёрий-мажбурий» ҳашар ҳам уюштирманг, олдинги йиллардагидек ўзингиз ўқувчи, талаба, домла, муаллим, дўхтур, имомларнинг, маҳалла нуронийларининг, зиёлилар, санъаткорларнинг ташаббусларини ҳам ташкил қилманг! Етар шунча йил ўзингизни алдаб, ўзингиз ишонганингиз. Президент айтганидек, етар «ўзимизни ўзимиз аҳмоқ қилиб юрганимиз».

Энди креслога қўшиб, обрўнгизни ҳам йўқотиб қўйишингиз ҳеч гап эмас!

Бу гапни сизларга мен эмас, юртнинг эгаси, Президент айтди!

Мен эслатиб қўйдим, холос.

Каримберди Тўрамурод, «Хаbar.uz» мухбири 

 

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг