Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент Чилонзорда янги очилган заргарлик корхонаси билан танишди

Президент Чилонзорда янги очилган заргарлик корхонаси билан танишди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил 8 май куни ўтказилган йиғилишда заргарликни чинакам саноат даражасига олиб чиқиш вазифасини қўйган эди. Кўп ўтмай, ўша йили 18 майда давлат раҳбарининг «Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. 

Яқинда пойтахтимизнинг Чилонзор туманида «Gold Moon Tashkent» масъулияти чекланган жамияти ишга туширилди.  

Давлатимиз раҳбари бугун ушбу корхона фаолияти билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қиймати қарийб 21 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа доирасида йилига 6 тонна заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш қуввати ташкил этилган. Италия, Германия ва Туркиядан замонавий асбоб-ускуналар келтириб ўрнатилган. Ишга 400 дан ортиқ моҳир заргар жалб қилинган. Италиялик дизайнер ва техник ходимлар уларга ўз маҳорат ва тажрибаларини ўргатмоқда.

Собиқ «ФОНОН» илмий-ишлаб чиқариш корхонаси негизида очилган ушбу ширкат маҳсулотлари замонавийлиги, сифати ва нафислиги билан ажралиб туради. Бугунги кунда уларнинг харидори кўпайиб, импорт ўрнини босмоқда. Шунингдек, завод биносида савдо дўкони ташкил этилган. Маҳсулотларнинг 15 фоизини Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон ва бошқа давлатларга экспорт қилиш режалаштирилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

- Заргарлик халқимизда азалдан бўлган, бугун ҳам бор, - деди Шавкат Мирзиёев. - Бизнинг мақсадимиз - ёшларни замонавий технологиялар ва дизайнга ўргатиб, камида 10 минг нафар йигит-қизни иш билан таъминлаш, Ўзбекистон миллий брендини жаҳон бозорига чиқариш. Юртимизда хомашё, қўли гул ҳунармандлар бор. Бу соҳа миллий анъаналарни тиклаш, ўзлигимизни англаш нуқтаи назаридан ҳам катта пойдевор.

Корхона хомашёни мамлакатимизнинг тоғ-кон саноати комбинатларидан биржа савдолари орқали олади. Бу маҳаллий ҳунармандлар учун ҳам қулайлик яратади. Завод уларга ярим тайёр маҳсулотлар етказиб беради.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг