Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент эътибори яна тиббиётда. Бу сафар соҳадаги қабул квоталари сезиларли равишда оширилади

Президент эътибори яна тиббиётда. Бу сафар соҳадаги қабул квоталари сезиларли равишда оширилади

Шавкат Мирзиёев: «Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни янада яхшилаш, халқимизни тиббиёт тизими фаолиятидан рози қилиш – барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир».

Фото: «President.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2017 йил 12 декабр куни мамлакатимиз тиббиёт соҳасидаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммо ва камчиликларни ҳудудлар кесимида таҳлил қилиб, жойлардаги тиббиёт муассасаларининг кадрлар таъминоти ва салоҳияти етарли эмаслиги, яъни бугунги кунда Ўзбекистонда 11 мингдан зиёд шифокор етишмаслиги сабабли янгидан ташкил этилаётган тиббиёт муассасалари томонидан аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсата олинмаётгани, бунинг сабаблари, оқибат ва ечимларига алоҳида эътибор қаратди.

Шунингдек, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси заифлиги, қишлоқ оилавий поликлиникаларида зарур бўлган тез тиббий ёрдам шохобчалари ва дорихоналар ташкил этилмагани, хусусий тиббиёт тизимини ривожлантиришда тадбиркорлар ишига тўсиқ бўлаётган раҳбарлар фаолияти танқид қилинди.

Ихтисослаштирилган тиббий ёрдам тизими фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида фармон ва қарорлар қабул қилинганига қарамай, республика ихтисослаштирилган марказларининг ҳудудлардаги фаолияти талаб даражасида ташкил этилмаётганига алоҳида эътибор қаратилди.

Республика ихтисослаштирилган педиатрия, хирургия, урология, кўз микрохирургияси, кардиология, дерматовенерология, эндокринология, нейрохирургия каби илмий-амалий тиббиёт марказлари фаолиятида йўл қўйилаётган камчиликлар, хусусан, маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ишлари етарли эмаслиги, жойларда замонавий диагностика ва даволаш усуллари суст татбиқ этилаётгани, касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш ҳамда аҳоли ўртасида профилактика ишлари талаб даражасида ташкил этилмаётгани муҳокама қилиниб, мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди.

Йиғилиш кун тартибидаги кўриб чиқилган масалалар юзасидан қайд этилган камчиликларни бартараф этиш мақсадида 2018 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилиши лозим бўлган қатор стратегик вазифалар белгилаб берилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни доимий назорат қилиш ва мониторингини юритиш мақсадида олти ойлик иш режасини ишлаб чиқиши ва унинг қатъий ижросини таъминлаши лозимлигига эътибор каратилди. Шунингдек, бир ҳафта муддатда ҳар бир ҳудуд бўйича раҳбар ходимлардан иборат доимий ишлайдиган ишчи гуруҳларни тузиш ва уларнинг самарали фаолиятини ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

Ишчи гуруҳлари томонидан амалга ошириладиган ишлар юзасидан туман (шаҳар) ҳокимликлари билан биргаликда “йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатаси томонидан тасдиқланиши ва қатъий назоратга олиниши қайд этилди.

Ушбу ишларни амалга оширишда текшириш эмас, балки жойлардаги реал ҳолатни чуқур ўрганган ҳолда, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш усулини ишлаб чиқиш ва жорий этиш талаб этилди.

Кадрлар таъминоти масаласи ечими сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда тиббиёт кадрларига бўлган эҳтиёжни ҳудудлар, туманлар ва муассасалар кесимида аниқлаш, 2018 йилда бакалавриат таълим йўналишининг мақсадли қабул квотасини 2017 йилга нисбатан 20 фоиз ошириш, мақсадли магистратурани 10 фоиз, клиник ординатура қабул квотасини 15 фоиз ошириш белгиланди.

Тез тиббий ёрдам тизимида дори воситалари учун ажратилаётган маблағларни 2018 йилда камида икки баробар ошириш ва ҳудудлар кесимида бир меъёрда молиялаштириш бўйича чоралар кўриш топширилди.

Шунингдек, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, бунда ҳомиладор аёлларга кўрсатилаётган перинатал хизматни такомиллаштириш, оналар, гўдаклар ва болалар ўлимини камайтириш, туғма нуқсонли ва наслий касалликлар билан туғилишларнинг олдини олиш, туғруқ комплекслари ва болалар шифохоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, аёллар ўртасида онкологик касалликларнинг олдини олиш, эрта аниқлаш ва даволаш мақсадида аёллар тиббий кўригини тўлақонли ташкил этиш тизимини жорий қилиш вазифаси юклатилди.

Хусусий тиббиётни тизимли асосда ривожлантиришга қаратилган топшириқлар берилди. Хусусан, пойтахтимизда фаолиятини бошлаган “Акфа медлайн” хусусий тиббиёт муассасаси негизида мамлакатда хусусий тиббиётни ривожлантириш ва уларга малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ўқув-даволаш марказини ташкил этиш, мазкур тиббиёт маркази ҳамкорлигида Корея Республикасининг олий таълим тиббиёт муассасаси ва унинг ҳудудий филиалларини ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Бу борада Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман ҳокимликларига Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда аҳолининг ҳудудларга хос касалланиш кўрсаткичлари ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, тор йўналишларга ихтисослашган стационар шароитидаги ҳусусий тиббиёт ташкилотларини кўпроқ ташкил этиш топширилди.

Маълумот учун қайд этиш керак, 2016 йил билан қиёслаганда, ўзгаришлар яққол кўзга ташланади. Жорий йилда оилавий поликлиникалар 793 тага кўпайди. Туну кун фаолияти кўрсатадиган 793 қишлоқ оилавий поликлиникаси ташкил этилиб, уларда тез тиббий ёрдам шохобчаси ҳамда кундузги стационарлар очилди. Оналар ўлими 19 дан 18,2 га тушди. Сил билан касалланиш кескин камайди. Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ҳудудларга 2407 марта чиқди, ваҳоланки, 2016 йилда бу рақам 500дан аранг ошган эди. Ўтган уларнинг хизматидан 30 минг киши фойдаланган бўлса, жорий йил кўрсаткич 220 мингга чиқди. Хориждан қайтиб келган 99 нафар малакали шифокор энди Ўзбекистонда хизмат қилмоқда.

Тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор берилмоқда. Муҳтож фуқароларни реабилитацион техник воситалар билан таъминлаш 90 фоизгача оширилди. Ногиронлар аравалари, эшитиш мосламалари каби буюмлар билан таъминлаш икки ҳисса ортди. Тиббий-ижтимоий муассасаларини қуриш ва реконструкция қилиш мақсади учун 49,3 миллиард сўм, яъни 2 баробар кўп маблағ ажратилди.

Соҳа учун кадрлар тайёрлаш ишлари кўлами кенгаймоқда. Олий маълумотли шифокорлар тайёрлаш учун қабул квоталари сони 3445 тага етказилди, шундан 1180таси мақсадли ҳудудий квотадир. Клиник ординатурада тайёрлаш бўйича ҳам квоталар оширилди.

Тиббиётда хусусий секторни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар натижасида ихтисослик турлари 50 тадан 126 тага кўпайди; солиқ ва божхона имтиёзлари 2022 йилга қадар узайтирилди; “Асака” банки ҳузурида “Нодавлат тиббиёт муассасаларини ривожлантириш жамғармаси” ташкил этилди, хусусий тиббиёт муассасалари сони 400 тага кўпайди. Айни пайтда давлатга қарашли ва хусусий тиббиёт муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳити шаклланди.

Давлат тиббиёт ташкилотларига дори воситалари ва тиббий буюмлар сотиб олиш учун ажратилган маблағ миқдори 821 миллиард сўмни ташкил этди. Бу 2016 йилдагидан 3,5 баробар кўпдир.

Шу билан бирга соҳага жалб қилинаётган хорижий инвестиция миқдори ошиб бормоқда. 2016 йилда 40,2 миллион доллар ўзлаштирилган бўлса, жорий йилда бу рақам 93,5 миллионга етди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг