Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент фармони ижроси нега таъминланмаяпти?

Президент фармони ижроси нега таъминланмаяпти?

Фото: «Advi.club»

2018 йил 20 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги Фармони ва унинг ижросини таъминлаш мақсадида 2018 йил 21 июнда Вазирлар Маҳкамасининг Қарори қабул қилинган эди.

Бу ҳужжат билан минглаб юртдошларимизни қийнаб келаётган масала — ноқонуний қурилган уй-жойларга бир марталик умумдавлат акцияси доирасида мулк ҳуқуқи бериш имконияти тақдим этилди. Аммо...

Кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси бошланганидан бери кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш учун Тошкент шаҳри бўйича 2 600 дан ортиқ аризалар келиб тушган. Эътибор беринг — шундан фақат 79 та мурожаат бўйича мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича туман ҳокимликларининг қарорлари чиқарилган, 2 500 дан ортиқ аризалар ижроси эса таъминланмаган.


Ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича ўтказилаётган бир марталик умумдавлат акцияси доирасида ўтказилган хатлов натижасида республикамиз бўйича жами 1 млн.га яқин ўзбошимчалик билан қурилган турар жойлар аниқланган. Ушбу акция бошланган вақтдан буён Давлат хизматлари марказларига 38 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Бу хатлов натижасида аниқланган иморатларнинг атиги 3,8 фоизи. Мурожаатлар сони шундоқ ҳам кам, аммо уларнинг ҳам катта қисми Тошкент шаҳрида ва мамлакатимиз бўйича эътиборсиз қолдириляпти. Буни қандай тушуниш мумкин?


Бектемир, Олмазор, Сергели, Учтепа, Чилонзор, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида шу кунга қадар бирорта ҳам ноқонуний қурилган якка тартибдаги уй-жойларга нисбатан туман ҳокимлиги қарори қабул қилинмаган. Мирзо Улуғбек туманида 16 та (мурожаатлар сони 250 та), Миробод туманида 21 та (мурожаатлар сони 170 та), Юнусобод туманида 41 та (мурожаатлар сони 900 та) ва Яшнобод туманида 1 та ноқонуний уй-жойга нисбатан (мурожаатлар сони 350 та) мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақида ҳоким қарори қабул қилинган, холос.

Туманлар Давлат солиқ инспекциялари, Ички ишлар бошқармалари ва бўлимлари, Давлат санитария ва эпидемиология назорати марказлари, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Тошкент шаҳар бошқармаси Вазирлар Маҳкамасининг 461-сон қарорида белгиланган вазифаларни бажармасдан келмоқдалар.

Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан мазкур давлат хизматини кўрсатишда иштирок этувчи ваколатли давлат органлари мутассади ходимларга нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилишига, шунингдек МЖтКнинг 2155-моддасига кўра 31 нафар мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилганлигига қарамасдан, юқорида кўрсатилган Фармон ва қарорнинг ижроси таъминланмасдан қолмоқда. Бу эса ўз навбатида фуқароларнинг норозилигига ва юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга, шунингдек давлат органларига бўлган ишончи пасайиб боришига сабаб бўлмоқда.

Мазкур Қарорнинг 5-бандида кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссияларининг ишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш ишлари «республика — вилоят — туман (шаҳар)» уч поғонали принцип бўйича амалга оширилиши, шунингдек 10-бандида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимлари ушбу қарорда назарда тутилган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беришлари белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5421-сон Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 461-сон Қарори ижроси мутассади ташкилотлар томонидан тез кунларда таъминланади ва фуқароларнинг оворагарчилигига чек қўйилади деб умид қиламиз.

Давлат хизматлари агентлиги
Тошкент шаҳар бошқармаси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг