Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент мурожаатномасига Токиодан муносабат

Президент мурожаатномасига Токиодан муносабат

Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёевнинг мурожаатномаси чет элда ўқиётган минглаб талаба-ёшлар қатори мени ҳам тўлқинлантирди! Миллионлаб ёшлар қатори мен ҳам катта ҳаяжон ва умид нашидаси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабр куни мамлакатимиз тарихида биринчи марта Олий Мажлисга мурожаатномасини онлайн тарзда кузатдим.

Президент сифатида сўзини бошлаган Шавкат Миромонович кейинчалик ўзини юртнинг ҳақиқий лидери, чинакам фарзанди, қаҳрамони сифатида намоён этди. Узоқ юртда Юртбошининг куюниб гапирган гаплари мени чинакамига тўлқинлантирди. Яшасин Ватан, яшасин жонажон Ўзбекистоним, яшасин миллатнинг ҳақиқий лидери, деб ҳайқиргим келди...

Мурожаатномани диққат билан тингладим, яна такрор-такрор ўқидим. Амин бўлдимки, яқин келажакда жонажон Ватанимиз мисли кўрилмаган даражада ривожланади. Бу таваккал иш эмас, ахир мазкур концепцияда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ғояси мужассамлашган. Бу ғояни амалга ошириш учун эса ҳар биримиз жонбозлик кӯрсатишимиз лозим.

Яна бир эътироф: Президентимиз халқимизни узоқ йиллардан буён қийнаётган, тараққиётимизга ғов бўлаётган кўплаб муаммолар ва уларнинг омиллари ҳақида очиқ-ойдин гапирди. Айниқса, ёлғон-яшиқ ҳисоботлар, сохта рақамлар билан халқни алдамасдан, аччиқ бўлса-да, ҳақиқий кўрсаткичларни айтиш керак, деб бунга жавобан ўзлари аниқ ҳақиқатларни ошкор этди. Авваллари ҳеч кузатилмаган бундай жасорат ва қатъият Президентимизга бўлган ишонч ва ҳурмат ҳиссини янада кучайтирди. Ҳатто чет эллик тенгдошларимиз ҳам Шавкат Миромоновичнинг нутқидан иқтибос келтириб, у кишининг маънавий жасоратига қойил қолишмоқда ва қизғин муҳокамалар марказида бўлмоқда. Минглаб ёшллар қатори мен ҳам шундай Президентимиз, халқимизнинг етакчиси борлигидан фахрландим.

Президентимизнинг танқидий руҳда айтган қуйидаги сўзлари менинг ҳам эътиборимни тортди. «Ҳозирги кунда Ўзбекистонимизнинг китоб фондларида 100 мингдан зиёд қўлёзма асарлар сақланмоқда. Афсуски, бу нодир китоблар ҳали тўлиқ ўрганилмаган, улар олимлар ва ўз ўқувчиларини кутиб турибди. Ушбу ноёб асарларда бугунги давр ўртага қўяётган жуда кўп долзарб муаммоларга жавоб топиш мумкин. Хусусан, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб берадиган, барча одамларни эзгулик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик йўлида бирлашишга даъват этадиган теран маъноли фикр ва ғоялар бугун ҳам ўз қиммати ва аҳамиятини йўқотган эмас. Лекин биз ана шундай ноёб мерос ворислари, шундай бойлик эгалари бўла туриб, уларни ҳар томонлама ўқиш-ўрганиш, халқимиз, аввало, униб-ўсиб келаётган ёшларимизга, жаҳон ҳамжамиятига етказиш бўйича, етарли иш қилмаганимизни ҳам очиқ тан олиш керак».

Шунга жавобан, мен буюк мутафаккир олимларимизнинг шоҳасарларини япон ва инглиз тилларига таржима қилишга, уларнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган ҳиссасини намоён этиш учун илмий тадқиқотлар олиб боришга аҳд қилдим.

Мен хорижий мамалакатда таълим олиб, эртага Президентимизнинг чақириғига жавобан лаббай, деб Ватанимга қайтиб, олган билим ва тажрибамни сарфлаб, юртим равнақига ўз ҳиссамни қўшаман.

Жасур Раҳмонов,
Япониянинг Ҳуман Академияси тингловчиси
Токио шаҳри, 23 декабр, 2017 йил

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг