Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент ОИВ инфекцияси бўйича янги қарорни имзолади

Президент ОИВ инфекцияси бўйича янги қарорни имзолади

Фото: «Istinito.com»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 22 июнь «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш ва шифохона ички инфекцияларини профилактика қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Унга кўра, қуйидагилар ОИВ-инфекциясини профилактика ва диагностика қилиш, уни даволаш бўйича аҳолига кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий ёрдамни янада такомиллаштириш ва кенгайтиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

— қон орқали юқадиган инфекцияларни профилактика қилиш соҳасидаги даволаш-профилактика муассасаларининг фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;

— эпидемиологик назоратни, республикада ОИВ-инфекцияси тарқалиши ва шифохона ички инфекцияларининг профилактикаси назорат қилинишини кучайтириш;

— тиббий асбобларни стерилизация қилиш ва тиббиёт чиқиндиларини утилизация қилиш функцияларини хусусий тузилмаларга бериш орқали
давлат тиббиёт муассасаларида давлат-хусусий шерикликни босқичма-босқич жорий этиш;

— даволаш-профилактика муассасаларини тест-тизимлар ва ретровирусга қарши препаратлар билан узлуксиз таъминлаш, шунингдек, республикада ОИВ-инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича тадбирларни барқарор молиялаштириш мақсадида бюджетдан ажратиладиган маблағлар миқдорини босқичма-босқич кўпайтириш;

— ОИВ-инфекциясини даволаш ва шифохона ички инфекцияларини профилактика қилишда фан ва техниканинг энг янги ютуқларига асосланган инновацион ёндашувларни кенг қўллаш;

— ОИВни юқтириб олган шахсларни комплекс тиббий-психологик қўллаб-қувватлаш ишларини ташкил этиш;

— ОИВ-инфекциясини профилактика ва диагностика қилиш, уни даволаш бўйича тиббиёт ходимларининг касбий билимлари даражасини ошириш;

— давлат тиббиёт муассасаларининг ОИВ-инфекциясини профилактика ва диагностика қилиш, уни даволаш билан шуғулланувчи тиббиёт ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш;

— ОИТСга қарши курашиш марказлари ва ОИВ-инфекцияси диагностикаси бўйича туманлараро лабораторияларнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, уларни замонавий диагностика ва лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш;

— хорижий соҳавий муассасалар билан яқин алоқаларни йўлга қўйиш ва ҳамкорликни янада ривожлантириш.

Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда дастлабки босқичда соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинида тажриба лойиҳаларини жорий этишни, кейинчалик ижобий тажрибани республиканинг барча минтақаларига тарқатишни назарда тутган ҳолда, тиббий асбобларни стерилизация қилиш ва тиббиёт чиқиндиларини утилизация қилиш соҳасида давлат-хусусий шерикликни босқичма-босқич жорий этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиши керак.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, «Ўзбекэнерго» АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда даволаш-профилактика муассасалари, жумладан, стерилизация бўлинмалари ва операция блокларининг сув, газ ва электр энергияси билан узлуксиз таъминланганлиги ҳолатини ўрганиб чиқиб, ривожланиш давлат дастурларига биринчи навбатда уларни киритиш юзасидан ҳар бир ҳудуд кесимида таклифлар тайёрлайди.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг