Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент танқидидан сўнг солиқ органларининг фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилди

Президент танқидидан сўнг солиқ органларининг фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилди

Фото: Давлат солиқ қўмитаси

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2019 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича Давлат бюджетига тушумлар ва экспорт прогнозлари ижроси натижадорлиги ҳамда биринчи ярим йиллик учун белгиланган кўрсаткичларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш юзасидан ўтказилган видеоселектор ўтказганди. Президент бюджет даромадлари прогнозини бажармаган Тошкент шаҳрининг еттита тумани инспекциялари раҳбарлари ишини кескин танқид қилган эди.

Давлат солиқ қўмитасида видеоселекторда белгиланган устувор вазифалар ижросига бағишланган навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда ДСҚ марказий аппарати шахсий таркиби ва пойтахтимиздаги туман инспекциялари раҳбарлари, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари ва туман ҳокимлари ўринбосарлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, солиқ тўловчилар Тошкент шаҳар солиқ органларининг иши ва хатти-ҳаракатларидаги ижобий ўзгаришларни ҳали сезмаяпти. Солиқ қонунчилигига риоя этиш бўйича профилактик тадбирлар ва тушунтириш ишларини амалга ошириш ўрнига, айрим ходимлар қўштирноқ ичидаги тадбиркорларга солиқ тўловларини тўламасликнинг айланма йўлларини таклиф қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан фаолияти танқид қилинган Миробод, Мирзо Улуғбек, Учтепа, Сергели, Юнусобод, Бектемир ва Шайхонтоҳур туманлари инспекциялари бошлиқларининг ўз лавозимидан озод этилгани тўғрисидаги Давлат солиқ қўмитасининг буйруғи эълон қилинди.

Йиғилишда Тошкент шаҳри давлат солиқ хизмати органларининг ходимлар таркибини зудлик билан қайта кўриб чиқиш, уларнинг лавозимига лаёқатлилиги даражасини баҳолаш, хизмат ваколатидан четга чиққан ҳолатлар аниқланган тақдирда, меҳнат шартномасини бекор қилиш зарурлиги қайд этилди.

Айнан бу йўналишда иш олиб бориш учун махсус ишчи комиссияси тузилиб, тизимга замонавий дунёқарашга эга, ўз ишига масъулиятли ёш мутахассисларни жалб қилиш вазифа қилиб қўйилди. Солиқ органларига ошкора танлов асосида ишга қабул қилиш ва улар учун касбий кўникмаларга эга бўлишларига махсус дастур ишлаб чиқиш топширилди.

Йиғилишда камерал назорати, хронометраж кўздан кечириш, паспортлаштириш, экспресс-ўрганиш каби солиқ назорати усулларини самарасиз фойдаланилаётганлиги, жумладан, кунлик нақд пул тушумига эга автотураргоҳлар, транспорт хизмати кўрсатиш муассасалари, йирик савдо комплексларини ижарага бериб, даромад олаётган мулк эгаларининг даромади солиққа тортилмаётганлигига жиддий эътироз билдирилиб, бу соҳаларда солиқларни йиғувчанлигини ошириш вазифалари белгилаб берилди.

Солиқ органларида коррупцияни бартараф этиш учун имкон қадар инсон омилидан воз кечиш, ҳужжатларни қоғоз шаклидан электрон кўринишга ўтказиш ва бу ўз навбатида тадбиркорларнинг вақти ҳамда сарф-харажатларини камайтиришга олиб келиши таъкидланди.

Энг муҳими, янги солиқ ислоҳотларини жорий этилиши асносида тадбиркорлар томонидан ҳисоботларни тўлдиришда айрим хатоликларнинг учраши табиийлиги ва бундай ҳолатда, уларнинг жавобгарликларини белгилашдан олдин етакчи хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, хатосини тўғирлаш имкониятини бериш амалиётидан фойдаланиладиган бўлди.


Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг