Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президентга қачон мадад бўламиз?

Президентга қачон мадад бўламиз?

Фото: «Uzreport.news»

Ўтган бир йил ичида мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида оламшумул ўзгаришлар рўй берди. Муҳими, одамларда йиллар давомида ваъда қилиб келинган «буюк келажак»ка ишонч уйғонди. Мамлакат раҳбари ўзининг ғайрат-шижоати, ақлу заковати билан уйғота олди одамларни. Кўп йиллардан буён тинчлигимизга шукур қилиб, «миннатдор» бўлиб яшаган бўлсак, энди кўрдик ташқи ва ички сиёсат қандай юритилишини. Энди гап давлатимиз раҳбарини қўллаб-қувватлаш, у кишининг ташаббус ва ҳаракатларига муносиб бўла олишимизда.

Бугун ҳар биримиз жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда иштирок этмоғимиз зарур.

«Лоқайд бўлмайлик ва ҳаётимиз қандай кечишига масъул бўлган раҳбарларнинг ҳам лоқайд бўлишига йўл қўймайлик», — деб кўп таъкидлайди Президентимиз. Қандай тизим бўлмасин, жойларда демократик тамойилларни қарор топтириш, ислоҳотларни секинлаштирувчи турли иллатларга барҳам беришнинг энг мақбул йўли — жамоатчилик назорати. Айнан жамоатчилик назорати ислоҳотлар ўз вақтида амалга ошиши, жамият равнақига тўсқинлик қилаётган муаммолар бартараф этилиши, коррупциянинг олди олинишининг кафолатидир. Бунда оммавий ахборот воситалари асосий ролни ўйнаши, Президентимизнинг энг ишончли ёрдамчилари бўлиши керак.

Мустабид тузумда оммавий ахборот воситалари сони саноқли эди. Вилоят ва шаҳарларда фақатгина ҳокимиятлар ва жамоат ташкилотларининг газеталари фаолият кўрсатарди. Аммо бирор-бир газетада танқидий мақола берилса, у зудлик билан тегишли ташкилот вакиллари иштирокида шаҳар ёки вилоят раҳбариятида муҳокама этиларди. Камчилик ва хатога йўл қўйган ташкилот раҳбарлари қаттиқ жазоланарди. Бундай мақола ёки фельетонларнинг вақти-вақти билан газеталарда босилиб турилиши ҳам ўша даврнинг ўзига хос жамоатчилик назорати эди.

Бугун оммавий ахборот воситаларининг сони ҳам, тури ҳам кўп. Телеканаллар, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Аммо уларда эълон қилинаётган танқидий материалларга эътибор, аксинча, сусайиб борди десак, муболаға бўлмайди. Камдан-кам ҳолларда ваколатли орган ОАВда эълон қилинган танқидий мақолага расмий жавоб қайтаради.

ОАВ ўзи истайдими, истамайдими, бўлаётган ҳодиса, воқеа, жараёнга нисбатан жамоатчилик фикрини шакллантиради. Айни ўша жамоатчилик фикри ривожланган демократик давлатларда ваколатли органлар томонидан йўл қўйилиши мумкин бўлган хато ва камчиликларнинг олдини олади. Қолаверса, қонун устуворлигини таъминлайди. Қонун чиқарувчи, ижро, суд органлари вакилларининг ҳам адолатли иш юритишига ўз таъсирини ўтказади.

Афсуски, бугун жамиятда жамоатчилик фикри орқали ечимини топмаётган муаммоларга қарши кураш қийин кечмоқда. Айни шу аснода мамлакатимиз аҳолиси ҳаётини ҳар томонлама яхшилашга бел боғлаган давлатимиз бошлиғини ёлғизлатиб қўймаяпмизми деган хавотиримиз бор. Муаммоларга қарши курашда нега оммавий ахборот воситалари ташаббускор эмас? Фақатгина Президентимиз айтиб ўтган мавзулар бўйича қатор материаллар бера бошлаймиз. Унгача ўзимиз бу муаммоларни кўтариб чиқишга қўрқамиз. Қўрқувимиз ҳам бежиз эмас албатта. Чунки шу чоққача танқидий материал бериладиган бўлса, бизнинг ютуқларимизни, мустақиллигимизни кўролмаяпти деб ўзини оқлаш, журналистга тазйиқ ўтказиш, ҳатто уни озодликдан маҳрум этиш ҳолатлари кўп бўлди. Энг муҳими, унинг ҳимоя қиладиган тарафкаши қолмади. Бошқача қилиб айтганда, жамоатчилик «соқов» бўлган. Оқибатда амалдорлар ими-жимида хоҳлаган ишини қилаверган.

Шукурки, замон ўзгарди. Интернет сайтларида яхши-яхши танқидий мақолалар берила бошланди. Бутун дунёда бундай мақолаларни ютуқларимизни кўра олмаяпти деб эмас, балки ҳақиқатан шу камчилигимиз бор деб қабул қилишади. Жамоатчилик эътибори шу муаммога қаратилади. Муаммонинг ечими таклиф этилади. Муаммо юзасидан ваколатли орган қабул қиладиган қарорга жамоатчилик таъсири ўтказилади. Шу механизм орқали бошқарувда халқ иштироки, хоҳиш-иродаси таъминланади.

Менимча, айни шу механизмни жамиятимизда кенг қўллайдиган пайт келди. Жамоатчилик ўз фикрини билдириб, муаммо ечимига таъсир ўтказаётган ҳолатлар ҳам кўзга ташланмоқда. Бироқ жамоатчилик фикри инобатга олинмаётган ҳолатлар талайгина.

Мисол келтираман. Бир қатор сайтларда айрим ҳокимлар қўл остидагиларни калтаклагани, ҳақоратлагани ҳақида материаллар эълон қилинди. Жамоатчилик бу ҳолатларни кенг муҳокама қилиб, қаттиқ қоралади. Ҳатто Президентимиз ҳам бу воқеаларга эътибор қаратди. Бироқ ҳокимлар қандай ишлаган бўлса, шундай ишлашда давом этишмоқда. Улардан биригина ишдан олинди ва нима сабабдан ишдан олингани ҳам ошкор этилмади. Прокуратура махсус текширув ўтказиб, ҳокимларнинг ушбу ҳаракатларида жиноят аломатларини тополмади. Қойил. Аммо бу алоҳида мавзу.

Ўз обрўсига доғ тушириб, халқ назаридан қолган бундай ҳокимлар ҳамон амал курсисида ўтиришининг ўзи жиноят эмасми? Нега ўзи ҳақида шунча салбий фикр-мулоҳазаларни эшитган, жамоатчиликнинг қаттиқ танқидига дучор бўлган ҳокимнинг ўзи Президентдан истеъфо сўрамайди? Нега токи давлат бошлиғи бу масала билан алоҳида шуғулланиб, уни ишдан олмагунча креслосини бўшатмайди?

Ёки бошқа бир мисол. Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бу ўйини билан жаҳон чемпионатига чиқа олмаслиги бултур мухлису мутахассислар орасида роса муҳокама қилиниб, жамоатчилик томонидан бош мураббийни ишдан олиш талаби илгари сурилди. Футболимиз мутасаддилари бу фикрларга тупуриб, Самвел Бабаянни «тек туриб» ҳимоя қилишди. Натижада, мухлислар айтганидай, терма жамоа мақсадга эриша олмади. Мана энди Бабаяннинг кирдикорлари фош этилиб, у футболдан умрбод четлатилди. Жамоатчилик фикри инобатга олиниб Бабаян ўз вақтида четлатилганида терма жамоа бугун жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётган бўларди.

Бу нимани англатади? Демак, жамиятимизда жамоатчилик фикрига қулоқ тутиш одат тусига кирмаяпти. Тафаккуримиз ўзгариши қийин бўлмоқда. Оммавий ахборот воситаларининг муаммолар ечими бўйича жамоатчилик таклифи масъул идоралар томонидан қабул қилинишига эришиш борасида бирлашиши қийин кечмоқда.

Наҳотки бу вазиятни ўнглаш учун ҳам Президентимизнинг қарори ёки фармойиши зарур бўлса? Наҳотки юртни бошқаришнинг шунча ташвишларидан ортиб, шу масала бўйича ҳам у кишининг куюниб гапиришини кутиб ўтирсак? Қачон ўз ҳаракатимиз ёки ҳаракатсизлигимиз туфайли халқдан, жамиятдан, бир-биримиздан уяла бошлаймиз? Қачон?

Бурҳон Шерматов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг