Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қабристонни ким шудгорлади?

Қабристонни ким шудгорлади?

Фото: Лазиз Раҳматов / «Xabar.uz»

Наманган вилояти Норин туманида 57 та қабристон бўлиб, ўрганишлар чоғида уларнинг аксарияти ободонлаштирилмагани, девор тортилмагани ва эътиборсиз қолдирилгани аён бўлди.

Жумладан, «Шоҳидон» маҳалла фуқаролар йиғини 1-Боғ кўчасидаги «Марғизор» қабристони 1930 йилда ташкил этилган, 4,5 гектар ҳудудга эга. Аксарият қабрлар сезилмайди, янтоқ ва бегона ўтлар ўсиб, унинг қиёфасига соя қолмоқда. 420 метрли девор бетон, ғишт билан, 300 метр қисми пахса девор билан ўралган. Қабристонинг орқа томонидаги, фермер хўжалигининг боғлари билан туташ 200 метр узунликдаги қисми девор билан ўралмаган. Бу ердаги ариқ чегара вазифасини ўтамоқда.

Оқибатда бу ердан бегона ҳайвонлар мозористонга эркин киришига шароит яратилмоқда. Аҳоли билан ўтказилган суҳбатда аён бўлдики, ҳар йили Наврўз арафасида бир марта ҳашар қилинади, холос. Қабрлар устига турли чинни буюмлар, коса, пиёла, чойнак каби идишларни тескари қилиб қолдириш каби бидъатларга йўл қўйилган.

Фото: Лазиз Раҳматов / «Xabar.uz»

Қабристонда аҳоли учун йўлаклар охирига қадар етказилмаган. Таҳоратхона ва маросим ўтказиш биносини таъмирлаш ишлари тугалланмаган. Сув қувури мавжуд бўлса-да, оқар сув олиб келинмаган. Қабристон қоровулини топиш имкони бўлмади. Ишчи гуруҳи томонидан маҳалла фуқаролар йиғинига ҳашар ташкил этиш тавсия этилди ва қабристон ободонлаштирилди.

Қўшчек маҳалласи ҳудудида 2 та қабристон – «Шайх ота» ва «Парпи ота» қабристонлари мавжуд. 0,86 гектардан иборат «Шайх ота» қабристонида ичимлик суви тармоғи йўқ, маъмурий биноси таъмирталаб, маросим ўтказиш жойи тор, қабристоннинг 250 метрлик пахса девори нураб тушмоқда. Бегона ўтлар ўсиб ўтибди, хашаклар уюм-уюм. Оқибатда қабрлар кўринмай, билинмай қолган.   

Бундан ташқари, мозористоннинг 20 сотих ерига ҳам тартибга, ҳам инсонийликка зид равишда кунгабоқар экилган. Ҳозир ҳосили пишиш арафасида. Бунинг учун деворнинг бир қисми бузилиб, трактор киритилган ва ер ҳайдалиб, жўяклар олинган. Қабристонда ички йўлакчаларни асфальтлаш ишлари охиригача етказилмаган, ёнғин хавфсизлиги жиҳозлари умуман йўқ.

Фото: Лазиз Раҳматов / «Xabar.uz»

Бундан ташқари, маҳалладаги 1,5 гектардан иборат «Парпи ота» қабристонида ичимлик суви тармоғи йўқ, маъмурий биноси таъмирталаб, маросим ўтказиш жойи тор, қабристоннинг 200 метрлик пахса девори эскилиги боис нураб тушмоқда. Бу ердаги дарахт шохлари буталмаган.

Бундан ташқари, бу ерда ҳам 20 сотих майдонга беда экилган. Диққатимизни тортгани, беда экилган жойларга эътибор ва қаров зўр. Обод ва кишининг баҳри дили очилади. Аммо қабрлар ўт-ўлан ва тиканлар билан тўлиб-тошган.

Ўрганишлар жараёнида маҳалла фаоллари билан биргаликда қабристонни ободонлаштириш бўйича ҳашар уюштирилди. Аммо одамни ўйлантирадигани, қабристонларни ўзимиз англаган ҳолда қачон обод ва тоза бир гўшаларга айлантирамиз? Ободонлаштириш бошқармаларининг бу ерларга бириктирилган ходимларини нега доимо жойидан топиб бўлмайди? Нима учун ўз аждодларимизни сўнгги манзилга кузатган жойларни доимо зиёрат қилиб, тозалаб турмаймиз? Бунинг учун ҳам юқоридан кўрсатма ёки топшириқ бўлиши керакми?

Лазиз Раҳматов,
журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг