Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қачон одам бўламиз?

Қачон одам бўламиз?

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазирлиги 2018 йилнинг 21 апрель куни эрталаб 07:40 да Қозоғистоннинг Жамбул вилоятида рўй берган автоҳалокатда ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар рўйхатини эълон қилди. Микроавтобусда 19 киши бўлиб, уларнинг 17 нафари Ўзбекистон, 2 нафари Қозоғистон фуқароси бўлган.

Бу нима дегани, биласизларми?

Бу — «Сизлар минг марта ёзинглар, миллион марта огоҳлантиринглар, бизга бир тийин, биз барибир автобусларга миниб, Россияга қатнайверамиз, сўнгги каллаварам автобусда ёниб кетмагунча жонимизни ана шу автобусларнинг ҳайдовчилари қўлига топшираверамиз!» дегани.

Бу — «Ўзбекистон ҳукумати самолётларнинг чипта нархини автобуснинг чипта нархидан арзон қилиб қўйса ҳам биз қозоқлар бошқарадиган автобусларга чиқаверамиз!» дегани.

Бу — «Ўзбекистон президенти ўзимизнинг мамлакатимиздан Россияга қатнайдиган янги, ишончли автобуслар ҳаракатини йўлга қўйса ҳам, биз барибир қозоқларнинг автобусларида қатнайверамиз, ўзимизнинг автобусларга, ўзимизнинг ҳайдовчиларга эмас, қозоқларнинг автобусига, уларнинг ҳайдовчиларига ишонамиз!» дегани.

Сабаб битта — арзон! Лекин одамнинг жонидан ҳам арзонми?! Бир ҳафта совуқда тиқилиб бориш, ҳаётни хавфга қўйиш ортидан тежалган пул қайтганда битта бемаъни зиёфатга сарфланмаяптими?!

Бу нимага ўхшайди, биласизларми?

Бу поезд йўли ёқасида ўтлаб юрган қўйлар ҳақидаги мультфильмни эслатади. Эслайсизми, поезд келиб қолганда у билан баравар чопа бошлаган қўйларнинг энг олдиндагиси поезд йўлини кесиб ўтади. Паровоз уни қиймалаб ташлайди. Кейин иккинчи қўй поезд олдини кесиб ўтади. Паровоз уни ҳам бурдалаб ташлайди. Кейин учинчиси, тўртинчиси, хуллас, ҳаммасини кўриб келаётган энг охирги қўй ҳам поезнинг олдидан ўтади ва уни ҳам поезд бурдалаб ташлайди.

Улар қўй эди.

Эй, ватандош! Сен қўй эмассан-ку?

Кўзингни оч!

Сўнгги «гастарбайтер» автобусда ёниб кетгунча алмисоқдан қолган автобусларга чиқаверасанми?

Эшакдай ишладинг, одамдай келсанг бўлмайдими оиланг бағрига? Наҳотки, шунча ишлаб, битта самолёт чиптасига пул орттиролмаган бўлсанг?

Унда қум ейсанми Россияга бориб?

Шунчалар ичинг ачимайдими жонингга? Жонинг шунчалар арзонми?

Сиз билмайсиз!

— Сиз билмайсиз, булар ана шу шалтоқ автобусларнинг юкхонасига ўрис чиқариб ташлаган эски телевизор борми, бузуқ велосипед борми, боласининг аравачаси борми, ҳаммасини ортиб олишади, — дейди Россиядан автобусда келган бир танишим. — Пайвандлаш аппаратини ортиб олган одамларни, ҳатто босқон ва киркаларни ортган одамларни кўрдим.

Эй, ватандош! Кунинг ўриснинг чиқиндихонага ташлаган нарсаларига қолганми?

Жонингни жабборга бериб, шунча ишлаганингдан кейин бола-чақанг учун босқон эмас, конфет олиб, аёлингга, онангга бузуқ телевизор эмас, ўриснинг рўмолидан биттадан олиб, самолётга ўтириб, одамдай келсанг бўлмайдими?

Келганингдан кейин ўртоқларинг билан бир кунда ичиб юборадиган ароғингнинг пулига самолётнинг «эконом класс»и эмас, «бизнес класс»ига чипта беради-ку?

Келганингдан кейин камида Озодбекни олиб келиб қиладиган тўйингга сарфлаган пулингга самолётнинг ўзини беради-ку?

Бунчалар жонингни арзон сотасан?

Мамлакат аза тутганди

52 йигит қозоқнинг автобусида ёниб кетганида бир мамлакат аза тутди. Қанчалар куйиб-ёниб мақолалар ёздик. Ўзбекистон Президенти ўзини айбдор ҳис қилиб, чоралар кўрди, самолёт чипталарининг нархини арзонлаштириш ҳақида фармойиш берди.

Кўп ўтмай, бунақа фожиалар такрор-такрор содир бўлаверди. Ҳаммасининг сценарийси бир хил: элликталаб ўзбек жабрланаверади, иккита қозоқ ҳайдовчиси омон қолаверади. Худди бизнинг устимиздан кулгандек!

Мана энди бу фожиа!

Биз киммиз ўзи?

Бизга нима бўлган, эй, ватандошлар?

Биз қачон халқ бўламиз?

Биз қачон миллат бўламиз?

Биз қачон муносиб одам бўламиз?

Қачон онгимиз, ақлимиз, калламиз ишлайди?

Каримберди Тўрамурод,
«Хаbar.uz»нинг махсус мухбири

Изоҳлар 4

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг