Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Саид-Абдулазиз Юсупов

Мен миллатимни бошқарилувчи эмас бошқарувчи, тарошланувчи эмас тарошловчи сифатида кўргим келади.

Қачонгача Президент айтмагунча пусиб ўтирамиз? Давлат раҳбарига елкадош бўлиш учун нима қилмоқ керак?!

Қачонгача Президент айтмагунча пусиб ўтирамиз? Давлат раҳбарига елкадош бўлиш учун нима қилмоқ керак?!

Шавкат Мирзиёев — Ўзбекистон Президенти.

Foto: «Kun.uz»

Шарқда Искандар номи билан машҳур бўлган македониялик Александрга форс ҳукмдори Доро қўшинларига кечаси ҳужум қилишни таклиф этишганда, у: «Мен ғалабани ўғирламайман!» — дея жавоб бергани тарих саҳифаларида ёзиб қолдирилган. Ўша пайтда кимлардир Александрнинг бу қарорини хатога йўйгани турган гап. Аммо, у ҳақ эди. Дородек қудратли шоҳ бундай ҳарбий ҳийлалар оқибатида енгиладиган рақиб эмас. У тунги кутилмаган ҳужумда аскарларининг бир қисмидан ажралар, аммо йўқотишлар ўрнини қисқа муддатда тўлдириш ва жанг тизгинини қўлга олиш имконига эга эди. Шундай экан, Дорони ва унинг шонли армиясини мағлуб этишнинг бирдан-бир йўли уларнинг жанговор руҳини синдириш бўлиб, буни эса фақат очиқ майдондаги юзма-юз жангда амалга ошириш мумкин эди холос.

Бугун жамият айни ҳолатда. Давлат ислоҳотлари тафаккур ва руҳият ўзгармагунча кутилган натижани бермайди. Жамиятимизда янгиликка тўғоноқ бўлаётган энг катта душман миллий стереотипларимиз, руҳиятимиздаги қусурларимиз, онгимиздаги турғунликдир.

Миллий истиқлол ғояси 26 йил давомида ўзига юклатилган вазифани тўлалигича амалга ошириб бўлди. Бугунги кун эса... Бугун жамиятимизга янги бир ҒОЯ, мафкура керак. Мафкураки, мамлакатда истиқомат қилаётган ватандошларимизни ягона бир байроқ остида руҳан бирлаштирувчи ва айни замонда ҳар бир Ватандошдан керак бўлса бу ғоя учун жонини қурбон қилишга ҳам, яшатишга ҳам қодир, кучли бир ғоя керак. Замонавий давлат қурилиши олимлари ёхуд демократ либераллар орасида бу фикрга қарши чиқувчилар кўп. Уларнинг иддаосича, ҳеч бир мафкура давлат мафкураси бўла олмайди! Бу — Конституцияда ҳам ёзилган норма, дейишади.

Улар билан баҳсга киришиш ниятидан узоқ ҳолатда шуни таъкидлашим лозимки, мен Давлатга эмас жамиятга, ўзини онгли санаган ҳар қандай мамлакатга, миллатга уни кучли қиладиган ҳамда умид бахш этадиган мафкура кераклигини таъкидламоқчиман. Айрича, аслида мафкура давлат мафкураси бўлмаслиги керак иддаосини демократиянинг асоси сифатида тарғиб қилаётганларнинг қайси бири менга мафкураси бўлмаган (очиқ ёхуд махфий бу бошқа масала) ривожланган давлатни, мафкураси бўлмаган, ғояси бўлмаган, дунёда иддаоси бўлмаган кучли миллатни кўрсата олади? Албатта, на бундай миллат ва на бундай давлат бор.

Тарихий фалсафий мисоллар ва фикрлар борасида тортишишдан воз кечиб, асосий масала — бугунги кундаги бундай эҳтиёжни вужудга келиш сабабига тўхталсак.

Шундай қилиб, давлат раҳбари томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар чинакамига амалга ошишида қатор тўсиқларга дуч келмоқда. Бошқарув кадрларининг малакасизлигидан тортиб, оддий фуқаронинг янги даврга кўникишигача ва бошқа-бошқалар...

Аммо бу муаммоларнинг энг катта сабаби — жамият келажаги ва равнақини белгиловчи омил ҳисобланган ижтимоий тафаккур масаласидир. Жамият аъзолари тафаккури ўзгармас экан, бошланган ислоҳотлар қанчалик чуқур ўйлаб мукаммаллаштирилган бўлмасин, натижа бериши қийин.

Шу боис ана шу муҳим ва оғриқли нуқта — тафаккур ва мафкура масаласига тўхталамиз. Зеро, банданинг Ҳақ олдидаги даражаси молу дунёси-ю, бошқаси билан эмас иймони билан белгилангани каби миллатнинг даражаси унинг тафаккури билан белгиланади.

Манфаатсиз сиёсат бўлмайди

Дунё сиёсий полигонида вазият нақадар кескинлашиб кетаётган бўлса, дунё иқтисодий ҳолати ҳам шунчалик оғир вазиятни бошдан кечирмокда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг сўнгги ўн йилликда роли ва аҳамияти (таъсир кучи!)нинг кучсизланиш тенденцияси, унга аъзо гегемонликка даъвогар мамлакатларнинг истаганида халқаро қонун қоидаларга амал қилиб, истаганда очиқчасига амал қилмаслик ҳолатларининг кучаяётгани, ўрни келганда БМТ Хавфсизлик кенгашида баъзи давлатларнинг очиқча айтаётган ёлғонлари, истасакда-истамасакда қадам-бақадам инсониятни учинчи жаҳон уруши сари олиб бораётганлигини кўрсатмоқда.

Инсоният таназзул сари кетмоқда. Жаҳонда ривожланган, ривожланаётган ва ривожланмаётган мамлакатлар деган иборалар халқаро сиёсий музокараларда кўлланилаётгани — Одам алайҳиссалом авлодларининг очиқчасига табақаланиши — зотан таназзулдир. Бу чиройли иборалар ортида аслида бойлар, ўрта ҳоллар ва кашшоқлар маъноси ётади. Бу табақаланишни муомалага киритган «бойлар» (ривожланган мамлакатлар) эса ўзида қашшоқлар (ривожланмаган мамлакатлар) устидан ҳукмронлик қилиш, уларнинг тақдири устидан ҳукм чиқариш ҳуқуқимиз бор, деган тушунчада яшамоқдалар. Ўз сиёсатини ана шу тушунчалар асосида олиб бормоқдалар. Шундай бўлмаса Европада бир йилда спиртли ичкиликларга сарфланаётган маблағ Африка қитъасидаги инсонларнинг тоза ичимликка бўлган эҳтиёжини тамоман қондиришга етиши каби ҳолатлар ўртага чиқармиди?!

Ривожланаётган мамлакатларга қараб ҳавасланаётган содда инсонлар кўп. Бундай давлатларнинг аксари бу ривожланишга миллиардлаб ташқи қарзлар, яъни кредитлар эвазига эришаётганини, бу қарзларни эса бугун қарз эвазига, гўёки «мазза қилиб яшаётган» — миллатларнинг эртанги болалари тўлаши лозимлигини, бунинг учун Давлат кимга қарздор бўлса ўшаларнинг шарти асосида сиёсат юритишга мажбур бўлиши, улар тавсия қиладиган китоблар ўқилиши, кинолар кўрилиши, ёшлар уларнинг тавсиялари асосида тарбияланиши, улар истаган ҳаёт тарзи секин-аста урф бўлиши шартлари мажбуриятга айланишини кўпчилик билмаса керак. Билса-да бу ҳақда ўйламасликка ҳаракат қилади.

«Бўлмаса олмасин кредитларни, биров мажбур қилмайди-ку!», дер баъзилар. Тўғри, ҳеч ким мажбур қилмайди очиқчасига. Фақат ўз ихтиёри билан «рози» қилинади. Бундай кредитларни олишдан бош тортган, кредит ортидан қўйилган шартларга норози ўлкалар инсон ҳуқуқлари топталишида, терроризмни қўллаб-қувватлашда, кимёвий қурол сақлашда, норасида гўдакларнинг қотиллигида ёки ўз халқига зулм қилишда айбланади. Исталган мамлакатда гўёки ҳурфикр демократлар хўрланаяпти, инсон ҳуқуқлари, диний эркинликлар топталаяпти баҳонасида революциялар уюштирилаверади.

Фикримизнинг исботи ўлароқ ўзни жаҳоннинг энг қудратли давлати деб биладиган мамлакат махсус хизмати раҳбари А.Д.нинг узоқ 1953 йилда «Биз исталган давлатнинг чегарасини жисмонан кесиб ўтмай, у ерда ҳукуматларни ағдариш технологиясини қўлга киритдик», деган эътирофини эслашнинг ўзи кифоя. Токи ўша «қулоқсиз» давлат бошига ташқи кучларнинг исталган одамлари бошчилигидаги, уларнинг қоидаси асосида давлат сиёсати олиб боришни истовчилар ҳукумати давлат тепасига келтирилмаганига қадар бундай ишлар давом этаверади.

Мисоллар келтириб ўтирмаслигимнинг сабаби иккита: биринчиси, бу ҳақиқатларни англаш зеҳниятига эга инсонлар қайси давлатларни назарда тутаётганимни шундоқ ҳам билади, иккинчиси, у давлатларнинг номи мисол келтираверилиб сийқаси чиқиб кетди. Ўқувчи бу мамлакатлар номини эшитса, кўнгли айнийдиган даражага келиб қолди. Албатта, бу ишларнинг барчаси мафкуравий йўллар, технологиялар, инсонлар онгини бошқариш, омма тафаккурини зарур йўналишда шакллантириш каби илмлар, фанлар ёрдамида амалга оширилади. Буларнинг барчасини ортида қайси мамлакат турибди дерсиз? Буларнинг ортида мамлакатлар эмас трансмиллий корпорациялар турибди. Фақат ижрочилар сифатида баъзи мамлакатлар, халқаро ташкилотлар қўлланилади холос. Қисқаси, дунё сиёсати майдонида манфаатсиз сиёсат бўлмайди.

Ошқозон миядан ақлли…(ми?)

Ҳар куни дунёнинг барча нуқтасида уруш бормоқда. Урушки — совуқ қуролларсиз, ўқларсиз, қонларсиз аммо қурбонларсиз эмас. Информацион қўшинлар тинимсиз бутун дунёда ҳар сония — телевизорингиз ёниқ, телефон ёки компьютерингиз интернетга уланган ҳар сонияда сизнинг, болангизнинг, аёлингизнинг онгу шуурини забт этиш учун уруш олиб бормоқда. Мақсад эса битта — инсониятни маънавиятидан, руҳиятидаги ахлоқдан мосуво қилиб, уни яшашдан мақсади — фақат истеъмол қилишдан иборат маҳлуққа айлантиришдир. Раҳматли Чингиз Айтматовнинг бир гапи бор: «ошқозон миядан ақллироқдир, чунки қайт қилиб ташлашни билади, мия эса ҳар қандай ахлатни ҳам ютаверади».

Телефонингизда интернет орқали келаётган рекламаларга, аниқроғи рекламадаги ҳолатларга эътибор қилинг: реклама қилинаётган маҳсулот олд планда бошқа, аммо орқа планда реклама ролигидаги оҳанг, кийиниш услуби, ўзини тутиш нормалари бошқа. Гўёки маҳсулотни сизга тавсия этишади-ю, аслида эса сизнинг кўзингиз кўрмайдиган, аммо онг ости даражада таъсир этувчи йигирма бешинчи кадр онгингизни заҳарлайди. Сиз у маҳсулотни балки умуман сотиб олмассиз, аммо реклама онгингизнинг сиз билмаган нуқталарида ўз ишини қилиб бўлган бўлади…

Инсоният тарихи, маънавий ҳамда маданий, диний қадриятлари устидан кулиш орқали инсон онгини манипуляция қилиш — унинг маънавий илдизларига болта уруш — кўринмас информацион қўшинларининг стратегиясидир. Асосий мақсадларини фош этмаслик учун буларнинг барчаси кўнгилочар воситалар орқали амалга оширилади. Кўнгилочар кўрсатувлар, каналлар кўпайтирилади. Қизиқчилар миллат қаҳрамонларига, жамият юлдузларига айлантирилади. Жамият аъзолари ҳаётий реалликдан кўра кўпроқ телевизор кўриб «зомби»га айланишига, кўпроқ ўйин кулгу қилишга, «юлдуз»ларнинг ёки спорт клубларининг фанатига айланиши учун ҳаракат қилишади.

Эркин фикр билдириш деб санъат эмас санъаткорларнинг кўйлак иштонини муҳокама қилиш, сиёсий позиция деб сиёсий жараёнлар эмас сиёсатчиларнинг шахсий ҳаёти, пули, ҳаракатларига муносабат билдириш деб қабул қилдирилади. Бу ишни қилаётганлар фатҳ этиб бўлган ўлкаларда эса уларнинг байроқлари марказий кўчалар ва биноларда осиғлиқдир. Уларнинг байроқлари — корпорация ва компанияларнинг брэндларидир. Шукрки, бизнинг мамлакатни бу инфоқўшинлар ҳозирча забт эта олгани йўқ. Аммо уруш давом этаяпти.

Бизга қарши бу урушни олиб бораётганлар ким деб сўрарсиз. Жавоб берай: тунги клубларда болаларингиз қайси мусиқалардан ҳузур қилаётганига, қайси услубда кийинаётганига, қайси интернет сайтларида «мазза» қилаётганига, ижтимоий тармоқлардан бир — бирига қайси видеоларни улашаётганлигига эътибор қилинг — саволингизга жавобни топасиз. Чингиз ака раҳматлининг ҳақлигига иймон келтирасиз.

Нима қилмоқ керак?

Бугун инсоният ана шундай таҳликали бир даврни бошидан кечираётганида, биз яъни миллати ва динидан қатъи назар Ўзбекистон ватандошлари трансмиллий корпорациялар қўлида ўйинчоқ бўлиб қолмаслик учун, яшаётганимиз Ватанимиз тупроғида қонлар тўкилмаслиги учун, болаларимиз эртага кўчада юришга қўрқмаслиги учун, одамийлик, одамгарчилик деб атайдиган миллий ўзлигимиз, миллий хослигимиз, турмуш тамойилимиздан маҳрум бўлмаслик учун, ЎЗБЕКИСТОН деган ДАВЛАТ боқий туриши учун нима қилишимиз керак?

Қилиниши керак бўлган иш кўп. Бу ҳакда четдан туриб маслаҳат берувчилар (асло ёмон маънода эмас!) баробарида ўз фикр мулоҳазалари билан бўлишаётган олимлару, оддий ватандошларимиз кўп. Бундай таклифлар «портал»да ҳам қалашиб ётибди аслида. Аммо бу борада менинг ҳам фикр билдириш ҳуқуқимдан фойдаланиб, айтадиган таклифларим бор.

Биринчи қадам ҳамиша оғир !

Биз миллат сифатида, энг аввало, ёлғондан воз кечишимиз керак. Машҳур Сингапур иқтисодий мўъжизаси ҳам аслида ана шу қадамдан бошланган эди. Ўзимизни алдашни бас қилиш айни онда ҳақиқатни қабул қилиш демакдир. Ишга ўн дақиқа кеч келса, мукофотдан маҳрум қилиб, иш соати олтида тугаса-да яна икки уч соат ишлатиб, айни маошни бериш ёлғондир! Беш иш кунига шартнома тузиб, олти кун ишлатиб, беш кунлик маош бериш ёлғондир! Ҳар куни ишга келиб кетиб, на ҳафталик, на ойлик мақсад қўймасдан, натижасиз ишлаш ёлғондир!

Ўқитувчи, шифокор, нафақачи (нафакахўр эмас!), зиёлиларнинг жамият ижтимоий ҳаётида мавқеъи ва ижтимоий аҳволи паст бўлса, буюк келажак ҳақидаги ўйлар ёлғондир! Қирқ кунлик аскарликка бориб келиб, бир маротаба ўқ отмаган, автоматни бўлиш ва йиғишни билмаган аскарнинг ҳарбий гувоҳномаси ёлғондир! Ўттиз уч миллионли халқнинг номидан бекорчиликда ўтириб смс йўллаб, қўшиқларга берилган атиги беш юз минг (агар ҳақиқатда шунча одам овоз берса!) берилган овоз орқали Ўзбекистон хитлари номи берилган қўшиқларнинг хитлиги ёлғон! 

То давлат раҳбари айтмагунча ёки тепадан топшириқ бўлмагунча нима иш қилиши кераклилигини билмай ўтирадиган амалдорларнинг фидоийлиги ёлғон! Миллат бақоси учун эртаю кеч тинимсиз ишлаяпман деб ўзини овутаётган, аслида Фаробий, Хос Ҳожиб, Маҳмуд Қошғарий, Макиавелли, Қози Муҳаммад, Достоевский, Толстой, Беҳбудий, Збигнев Бжезинский, Генри Киссенжерларнинг асарларини ўқимаган масъулларнинг лаёқатлилиги ёлғон!

Бир адолатсизлик ёки ҳақсизликни кўриб индамай кетиш жиноят эмаслиги ёлғон! Пора орқали мансабга ўтираётганларнинг давлатга хизмат қилиш даъвоси ёлғон! Пора олаётганларнинг ўзларини ҳожатбарор деб билишлари ёлғон! Уйидаги аёлига кўчада вафо қилмаган эркакнинг яхши оила бошлиғлиги ёлғон! Аёлларининг камқонлик касали билан оғриган миллатнинг тўқлиги, ўша давлатнинг иқтисодий ривожланиш кўрсаткичи 8 фоизлиги ғирт ёлғон! Ғийбатчининг адолатлилиги ёлғон! Ўқитувчи пахта теришга, кўча тозалашга мажбур қилган ҳокимнинг минбардан муаллим миллат меъмори дегани ёлғон! Энг ёмони эса, маддоҳ ва мунофиқнинг дуоси ёлғон!  Биз бу ёлғонлардан воз кечишимиз керак.

Миллий «брэнд» даражасидаги қусурларимиз

Миллатимизнинг улуғлигию, юксак маънавий тарафлари ҳақида биздан бошқа миллионлаб гапирганлар, гапираётганлар ва гапирадиганлар топилади. Биз эса миллий «брэнд» даражасига кўтарилган қусурларимиз ҳақида мушоҳада этишга жазм этдик. Тафаккурдаги қусурлар ҳақида сўз юритганимизда уларнинг бутун бошли миллатга хос камчилик сифатида тамғаланмаслигини истардик. Бироқ миллатимиз вакиллари орасида баъзи қусурлар кундан-кунга урчиётирки, фалокатга олиб борувчи бу иллатларнинг олдини олиш, оқибатлари ҳақида огоҳлантиришни фуқаровий бурчимиз деб билдик.

Ана шундай қусурлардан бири маддоҳлик деб эталади. Бугун жамиятда рўй бераётган ўзгаришлар, ислоҳотлар, муаммолар тўғрисида конструктив мулоқот ўрнини йиғилишлар, мажлислар, телекўрсатувларларда аравани қуруқ олиб қочишу «Фэйсбук» саҳифаларида давлат раҳбарини, ҳукуматни алқаш, кўкка кўтариш тенденцияси эгаллаб олди. Ва бу кундан-кунга авж олаяпти.

Маддоҳлик мустақилликни қўлга киритган илк кунларимиздан бошланмади ёки совет тузуми даврида шаклланмади. Унинг илдизи олис-олисларга бориб тақалади. Тупроғимизда вужудга келган улкан давлатларнинг аксарияти сарой аъёнлари ва амалдорларининг зиммасидаги вазифаларни адо этиш ўрнига маддоҳликни касб этгани, мақтов ва алдов орқали давлат раҳбарининг кўзини кўр қилиб, ҳақиқий аҳволдан узоқлаштиргани сабабли инқирозга юз тутгани ҳақида кўп ўқиганмиз. «Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир», деганда Абдулла Қодирий ўтмишдаги хатолардан тўғри хулоса чиқариш, уларни такрорламасликни назарда тутган бўлса керак?! Афсуски, ўтмишдаги ана шу хатолар бугун қайта бўй кўрсатмоқда, айримларнинг қон-қонига сингиб кетган, таъбир жоиз бўлса, йўргакда юққан эски иллатлар яна жонланмоқда.

Маддоҳликнинг энг ёмони зиёлиларникидир. Чунки у давлатни ҳамиша жарга етаклаган.

Бундан аввал сиёсий партиялар, депутатлар Президент танқидига худди шу форматда жавоб берган эди. Бирортаси мард бўлиб: «Мен ўзимга билдирилган ишончни оқлолмаганим сабабли истеъфо бераман, халқим мени кечир!» — демади.

Тараққиётимизни ортга сураётган яна бир қусурлардан бири андиша деб аталади. Аслида ижобий бўёққа эга бу хусусият йиллар мобайнида моҳиятини ўзгартирди. Бугун ноҳақни ноҳақ демаслик, ҳақсизликка индамай кетиш, ахлоқсизликка кескин муносабат билдирмаслик, керакли ўринда ўз фикрини, ўз муносабатини билдиришдан уялиш — буларнинг барчасини биз андиша дея ўзимизни алдай бошладик. Надоматки, жасоратсизлигимизга, қўрқоқлилигимизга, масъулиятсизлигимизга маънавий важ топиб ўзимизни оқлаб, андишалимиз деб виждонимизни тинчлантириб, ўз ёлғонимизга ўзимиз ишониб келаяпмиз.

Дарвоқе ўзини алдаш хусусида. Ўзини ўзи алдаш — энг буюк хиёнат. Нафақат инсоннинг ўзига балки миллатга нисбатан энг катта хиёнатдир. Чунки ўзини ўзи алдаётган оломон ўз ёлғонларини культга, «брэнд»га айлантиради. Ёлғонларидан бутлар ясаб олади ва уларга сиғина бошлайди. Авлодларини ҳам сиғинтиради.

Бутларни синдиринг! Нажот илм тараққиёти ва ахлоқ равнақида!

Қачонки сабаблар билан эмас, тафаккур даражасининг маҳсули бўлган асоратлар билан курашда давом этар эканмиз, гўёки соялар билан жанг қилаётган одам уни енголмаганидек, миллат сифатида қисматимиз айсбергнинг кўздан панадаги, яъни сув остидаги катта қисми ҳалок қилган Титаникдек фожиали тугаши мумкин. Бундай бўлмаслиги учун нима қилиш керак???

Гай Саллюстий Крисп Цезарга ёзган тўртинчи мактубида шундай насиҳат қилади:

«Ҳеч қачон ўз давлатингда ахлоқсиз инсонларнинг фақат пулдорлиги учун обрў топишига йўл қўйма! Чунки камбағал бўлсада ахлоқли инсондан кўра, ахлоқсиз бой жамиятда обрў топса, ахлоқсизлик ўша жамиятда урф бўлади ва Сенинг ҳар қанча қудратли империянг таназзулга юз тутади».

Таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини қайта ислоҳ қилишдир. Ислоҳки, фундаментал ислоҳ. Аҳолиси ўттиз уч миллиондан ортиқ мамлакат сифатида 63 тагина олий ўқув юртига эгалигимиз миллий илмий салоҳият тарафидан ночор эканлигимизни кўрсатади. Ҳар йили салкам олти юз минг битирувчидан етмиш мингга яқинигина ўқишга қабул қилинади. Қолганларининг тақдири нима бўлади? Бу ўқишга кириб битирганларнинг дипломлари нечта мамлакатда ўтади? Халқаро стандартлар талабларига нечта ОЎЮ жавоб берар экан?

Давлат ОЎЮлари баробарида чет эл ОЎЮлари, хусусий ОЎЮлари очилишига имкон бериш керак. ОЎЮлари Европанинг аксарият давлатларида қўлланиладиган тизим асосида фаолияти қайта ташкил этилиши мақсадга мувофиқдир.

Жумладан, ОЎЮларига талабаларни қабул қилиш имтиҳонсиз амалга оширилиши керак. Истаган битирувчи исталган ОЎЮга кириш имкониятига эга бўлиши керак. Аммо, контракт тўлови эвазига. Контракт тўлови микдори бозор шароитидан келиб чиққан ҳолда, албатта, қиммат бўлади. Ҳозирги даврда тахминан ўттиз миллион сўм атрофида. Бунинг натижасида ОЎЮлари ўртасида рақобат кучаяди. Профессорлик таркибини кенгайтиришга, шароитларни яхшилашга ҳаракат қилишади. Халқаро стандартларни қўлга киритиш орқали тақдим этаётган дипломларининг бошқа давлатларда тан олиниши учун имконият яратишади. Кўпроқ талаба жалб қилишга ҳаракат бошланади. Чунки қанча кўп талаба бўлса, ОЎЮлари шунчалик кўпроқ иқтисодий манфаат топади, ўқитувчиларига кўпроқ маош тўлайди. Имкониятларини кенгайтиради.

Ҳар йили ёки семестр охирида Давлат стандарти асосида имтиҳон қилинади талабалар. Ўтмаганлар ҳайдалмайди. Қайтадан ўша йилни ёки семестрни қайтадан тўлов орқали давом эттиради. Албатта, кимдир халқнинг иқтисодий аҳволи боласини ўқитиш учун бунча кўп пул тўлаш имкониятини тополмайди дейиши мумкин. Биринчидан, Давлат ҳозир бу тизимга миллиардлаб ажратаётган ОЎЮларини молиялаштиришдан озод бўлади ва бу маблағларни Давлат грантлари дастури ташкил қилиб, унга йўналтириш имконияти пайдо бўлади. Давлат грантлари дастури ОЎЮ тизимидан алоҳида бўлади. Бунда грант олишни истаган талабалар дастурга маълум бир имтиҳон топшириб, грантни қўлга киритиши мумкин бўлади. Яъни ўз йўналиши бўйича қўйилган талаб — баллни йиққан ҳолатда дастур томонидан бир йиллик контракти тўлаб берилади.

Бундан ташқари, исталган компания ва фирмалар ўзларига юқори малакали мутахассис тайёрлаш учун, кейинчалик маълум муддат ишлаб бериш шарти билан грантлар тақдим этади. Албатта, давлат ёки хусусий грантлар бўлсин, уларни қозонишнинг ягона йўли илм синови бўлади. Табиийки, илми кучлилар грант асосида ўқишади. Натижада соҳадаги коррупция тугатилади, ёшларнинг катта қисми ОЎЮларида ўқиш имкониятига эга бўлади, давлат миллиардлаб ҳаражатдан қутулади, ОЎЮлари ҳамда мутахассислар сифати ошади, мамлакат илмий салоҳияти ўсади, хусусий сектор ривожланади.

Яна бир оддий тилда айтиладиган, оддий ҳақиқат бор — пули куйган совунни еркан деганларидай, бепул эришилган нарсанинг қадри бўлмайди. Яъники, одамлар пул топиш учун, сарфланган пулдан натижа олиш учун танбалликка чек қўйишга мажбур бўлади. Кенг профилли сифатсиз мутахассислардан, аниқ йуналтирилган тор профилли мутахассислар етиштирилади.

Соғлиқни сақлаш тизимида соғлиқ суғуртасини жорий этиш, соҳанинг ривожланишига, давлатнинг соҳага сарф-ҳаражатини кескин камайтиришга сабаб бўлади. Энг асосийси кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати яхшиланади. Шукрки бу соҳада илк қадамлар ташлана бошланди.

Шакл ва моҳият

Комиллик шакл ва моҳият уйғунлигида эканлигини ҳаммамиз биламиз. Бизнинг шаклимиз моҳиятимизга ва аксинча моҳиятимиз шаклимизга уйғун бўлмас экан, тафаккуримиз ўзгармас экан биз бахтли бўла олмаймиз. Муродимизга етмаймиз. Жалолиддин Румий ҳазратларининг машҳур етти ўгитидан энг асосийсини эсланг: «Ё бўлганинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл!».

Бугун ҳукумат Президент қабул қилган ҳаракатлар стратегиясини улуғлаш билан, уни мадҳ қилиш билан овора. Эътибор қилинг: унинг моҳиятини тараннум этиш билан банд ҳамма. Аммо унинг чинакамига, ҳов, ўша олис қишлоқ одами ҳаётига ижобий таъсир қилиши борасида амалий ишлар кам. Эртага Президент олдига чиқиб унча уй қурдик, бунча кўприк қурдик, аҳолини ижтимоий ҳимоясини кучайтирдик дея гўзал ҳисоботлар берилади.

Аммо бу ҳисоботларда қишлоқдаги оддий меҳнаткаш оналаримизу сингилларимизнинг қонидаги гемоглабин миқдори нега ошмаганлиги, миллат боласининг жисмида йод танқислиги нега камаймаганлиги, нега қишлоқдаги ҳар бир гўдак ҳар эрталаб шаҳардаги болалар каби сутли овқат, колбаса, сарёғ ейиш имконияти йўқлиги ҳақида бирор сўз бўлмайди. Президент бу саволларни сўрамайди деб умид қилади. Бироқ Президент буларнинг барчасини сўрайди. Чунки у ўғрини ўғри, тўғрини тўғри дейишдан қўрқмайди. Ҳаракатлар стратегияси оддий қишлоқ меҳнаткаши ҳаётига ижобий ўзгартириш киритмагунича тинчимайди.

Шу ўринда яна бир фикр. Биз Ҳаракатлар стратегиясини тилга олган эканмиз, уни тўлақонли ҳаётга тадбиқ этишда муаммо туғдираётган кичик бир нуқтага тўхталишимиз лозим. Ҳаракатлар стратегияси қанчалик улуғ марраларни мақсад қилиб олган бўлмасин, токи ҳар бир стратегияни амалга ошириш бўйича аниқ концептуал дастурлар ишлаб чиқилмас экан, муродга етилмайди.

Бу кўтарилган масалалар ўз ечимини топар ёки топмас, таклифлар ўрганиб чиқилар ёки чиқилмас, аммо, дунёда рўй бераётган ҳодисалар, янгидан янги таҳдидлар замонида миллатни бирлаштириб, уни яшатадиган кучли бир мафкура, янги бир тамойил бўлмас экан уч минг йиллик давлатчилик тарихига эга давлат таҳлика остида қолади.

Адолат давлатнинг тамалидир!

Замоннинг ўзи олдимизга янги таҳликалар, янги шартлар, янги чақириқларни, янги шартларни қўймоқдаки, бугун янги бир ғояга эҳтиёж пайдо бўлди. Фикримча, бу ғоя юқорида келтирилган ислоҳотларни ўз ичига олган АДОЛАТЛИ ЖАМИЯТ — КУЧЛИ ДАВЛАТ ғояси бўлиши керак. Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев ҳам ўз чиқишларида адолатнинг нақадар муҳимлиги ҳақида кўп тўхталмоқдалар. Зотан исталган давлатнинг тамали адолат эканлигини, бундай тамалга эга бўлмаган давлатлар тезда парчаланиб, таназзулга юз тутганлиги тарихдан маълум.

Иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар айнан адолат тамойилига қурилмас экан давлат кучли бўла олмайди. Адолат тамойили фақатгина иқтисодий-ижтимоий, сиёсий соҳаларда эмас, ҳар бир хонадонда, жамиятимиз аъзолари орасидаги ўзаро ижтимоий муносабатларда, оилада, ҳар бир ватандошимиз турмуш тарзида акс этишига эришсакгина дунёда беназир кучга эга давлат қурдик дея оламиз. Бу албатта жуда катта сифатли маънавий тарғиботни тақозо этади.

Аммо, буни амалга оширишга киришишнинг ўзиёқ миллат сифатида янги бир иқтидорга эришаётганимизни кўрсатади. Чунки фақатгина миллатини Она, давлатини Ота ўрнида билиш орқалигина дунёда рўй бераётган ва бериши кутилаётган бўхронлардан давлатимиз ва қадриятларига содиқ миллатимизни қутқариб қолишимиз, тинчликни ва тўқликни, сокин ва таҳликасиз ҳаёт тарзини, ривожланган ва ҳимояланган иқтисодни, эркин келажак кафолатини болаларимизга таъминлай оламиз. Бунинг учун кучли ғоя керак: АДОЛАТЛИ ЖАМИЯТ — КУЧЛИ ДАВЛАТ ғояси. Зеро, миллатимизнинг азалдан жисми — одамийлик, руҳи — адолат бўлган.

Фобиялар — тараққиёт кушандаси

Биз бугун нафақат Марказий Осиёда, балки дунёда энг ривожланган Давлат бўлиш мақсадида дунёга очилган эканмиз, миллий тафаккуримиздаги турли фобиялардан воз кечишимиз керак. Фобия — у қанақа шаклдаги қўрқув бўлишидан қатъий назар руҳият билан, янада тўғрироғи, тафаккур билан боғлиқ муаммодир. Аммо асосийси шуки, фобия (қўрқув) ўзига ишонмаган шахсда, кенгроқ олинганда, миллатда учрайди.

Эски СССРни тикламоқчи дея русофобияни, Туркий мамлакатларни бирлаштириб ўзига бўйсундириб олмоқчи дея Туркофобияни, ҳамма намоз ўқиса террористлар босиб кетади дея исломофобияни, янгиликлар яхшиликка олиб келмайди дея неофобияни урчитмаслик керак.

Ўзига ишонган миллат, ўз қудратига ишонган Давлат ҳеч нарсадан қўрқмайди. Кучли маънавиятга, мустаҳкамга эътиқодга эга шахс даҳрий билан мулоқот қилиб даҳрий бўлиб қолмаганидек, уч ярим минг йиллик давлатчилик тарихига эга бу Давлатни ҳеч қандай куч ўз йўлидан, ўз эътиқодидан қайтара олмайди!

Мураккаб давр

Умуман олганда, юқорида айтганимиз барча изтиробли масалалар ортида миллий тафаккур ва мафкура масаласи ётади. Бугунги кун учун янги бир мафкура зарурлигини ҳаётнинг ўзи исбот қилиб турибди. Биз бир онгли жамият сифатида дўппини бошдан олиб бизга қандай мафкура кераклиги ҳақида жиддий ўйлаб кўришимиз керак. Бу жуда оғир танлов. Чунки яшаётганимиз ва мураккаб деяётганимиз ҳозирги замон фақат Ўзбек учун эмас, барча миллатлар учун мураккаб бир даврдир.

Мафкура борасида олдимизда тўрт хил танлов бор: биринчиси, миллатчилик руҳидаги мафкура; иккинчиси, диний-монархик мафкура; учинчиси, либерал-демократик мафкура; тўртинчиси, консерватив мафкура.

Қайси бирини танлашдан қатъи назар, муҳим бир нуқтани унутмаслигмиз лозим: биз мафкурани оммани бошқариш воситаси эмас, мамлакатимиз ва бутун дунё олдида турган муаммоларини ечиш инструменти сифатида кўришимиз керак.

Бу танловнинг оғирлиги шундаки, буларнинг ҳеч бири идеал эмас. Барчасининг фойдаси каби зарари, яхшисига баробар ёмон оқибатлари бор. Биз бугун яхши ёки ёмон ўртасида танлаш имкониятимиз йўқ. Бизда фақат кўп ёмондан кўра озроқ ёмонини, кўп зарардан кўра озроқ зарарлисини танлаш имкони бор холос. Аммо бунда ҳам адашмаслигимиз, бунинг учун ҳар томонлама чуқур ўйлаб, етти ўлчаб бир кесишимиз зарур. Ҳолатнинг оғирлиги шундаки, ўйлашга вақтимиз оз. Жуда ҳам оз.

Изоҳлар 5

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг