Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қаердасиз, моҳир мироблар? Орол денгизига фотоэкспедиция

Қаердасиз, моҳир мироблар? Орол денгизига фотоэкспедиция

Фото: «Xabar.uz»

Европа иттифоқи молиялаштираётган «UzWaterAware» лойиҳаси доирасидаги Марказий Осиё минтақавий экология маркази ҳамда Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши ҳамда туман ҳокимликлари қўллови ва иштирокида Қорақалпоғистоннинг Оролбўйи ҳудуди ҳамда Орол денгизига медиатур ўтказилди.

Биз, юртимизнинг кўплаб оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар Орол денгизига йўл олдик. Бизга қорақалпоғистонлик тарих фанлари номзоди Октябр Дўспанов гидлик қилди.

Орол денгизини ўз кўзим билан кўриш бир умрлик орзум эди. Болаликда қорақалпоқ ёзувчиси Тўлепберген Қаипбергеновнинг асарларини ўқиганимдаёқ кўнглимда бу денгизга муҳаббат уйғонган. Денгизда кўтарилган шамол сабаб қайиғи оролчага бориб қолган болаларнинг ўрнида бўлиб қолишни истардим. Лекин, афсуски, менга денгизнинг кучга тўлган, қирғоқларидан тошган пайтини кўриш насиб этмади. Кейинчалик матбуотда унинг қуриб бораётгани ҳақида бонг ура бошлашди. Ўшанда денгизга жуда ачиндим. Сувни ўйламай сарфлаганларни ёмон кўрдим.

Кўп ўтмай бу ҳалокат донғи минтақа ҳудудларидан ўтиб бутун дунёга ёйилди. Шундан сўнг Орол денгизи бутун дунё ҳамжамияти эътиборига тушди.

Денгизни асраб қолиш учун юртимизда кўплаб ишлар қилинди, лекин у олдингидек бўла олмаслигини тан олишга мажбур бўлдик. Шундан кейин уни қандай бўлса шундайлигича сақлаш, офат кўламини камайтириш ҳаракатлари бошланди.

Бунга қанчалик эришилгани ҳақида маълумотлар ОАВда мунтазам бериб борилди. Бажарилаётган ишлар, Оролнинг ҳозирги ҳолати, анча жонланиб қолган фауна ва флораси ҳамда Оролқум саҳросини ўз кўзим билан кўриш учун мен ҳам ҳамкасбларим билан бирга отландим.

Нукус. «Жипек жўли»

Кечки рейс билан учиб бориб, Нукусдаги ихчамгина меҳмонхонага жойлашдик. Нукус жуда шинам ва қулай шаҳардек туюлди менга. Игор Савицкий музейи, ҳокимият биноси ва бошқа маъмурий бинолар бир-бирига жуда яқин жойлашган. Биз кечроқ борганимиз учун музейга киришнинг иложи бўлмади ва Савицкий музейи учун алоҳида келамиз деб ният қилиб қўйдик.

Биз борадиган манзил узоқ ва йўл машаққатли бўлгани учун эртаси куни эрталабдан йўл тадоригини кўра бошладик. Орол бўйига фақатгина жипларда етиб бориш мумкинлиги туфайли 12 та «Toyota» машинасида йўлга тушдик.

Қўнғирот туманидан ўтарканмиз, шаҳар тугагач, бир хил манзара бошланди. Чўл, чўл, чўл...

Йўлда бизни Қўнғирот тумани ҳокимининг ўринбосари Бахтиёр Камолов кутиб олди. Биз журналистлар у билан суҳбатлашишга шошилдик.

— Қўнғирот тумани ҳудуди жиҳатидан республикамиздаги энг катта туман. У Ўзбекистоннинг 12 фоизини, Қорақалпоғистоннинг эса 46 фоизини эгаллаган. Майдони 7 млн. 600 минг гектар бўлган энг чекка ҳудуд ҳисобланади. Қўнғиротнинг катта қисмини Устюрт пасттекислиги эгаллаган. Аҳолиси 126 минг 800 киши. Туманимизга Амударё орқали сув етказилади, сувни тежаб ишлатиш учун махсус қурилмалардан фойдаланаяпмиз. Орол қуригани туфайли ҳосил бўлган Оролқумдан кўтарилган чанг-тўзонларни тўхтатиш учун манзарали ўсимликлар экиш йўлга қўйилган, — дея жавоб берди Бахтиёр Камолов саволларимизга.

Шундан сўнг машиналар карвони Устюрт платоси томон йўл олди. Йўлнинг шу қисми (Орол денгизини ҳисобга олмаганда) медиатур иштирокчиларининг ҳайратига сабаб бўлди.

Киноларда Америка каньонларини кўриб, ҳайратланардим. Ўзимизда ҳам худди шунақа, балки ундан ҳам чиройли ва маҳобатли каньонлар борлигини билмас эканман.

Устюрт каньонлари

Каньонлар ва чинклар ёнидаги тор йўлда тўхтаган машиналардан тушган журналистлар изоҳ сўраб гид Октябр Дўспановнинг атрофига йиғилишди.

— Устюрт чинкидамиз. Бу каньонлар 16-18 метрдан бошлаб 127 метргача баландликка эга. Аслида каньонлар 6 млн. 700 минг йил илгари дунё океани тубида ҳосил бўлган. Бу икки шамол учрашадиган жой деб аталади. Ғарб ва шимол шамоллари учрашганда океан остида қатламлар пайдо бўлган. Булар асрлар давомида пайдо бўлади. Иқлим ўзгариб, дунё океани бўлингач, ер ости кўриниб қолган ва натижада Орол, Каспий денгизлари ҳосил бўлган. Агар яхшилаб эътибор берилса, бу ерлардан чиғаноқларни топиш мумкин...

Маёқ ва Урга

Амударёнинг суви Орол денгизига етиб бормай қумга сингиб кетавергач, бунинг олдини олиш мақсадида Амударё дельтасини тўсиб, турли кўллар юзага келтирилган. Ҳозирги кунда ўша кўлларда балиқчилик йўлга қўйилган. Ана шундай кўллардан бири Судочье кўли бўлиб, биз ўша ерга йўл олдик.

Лекин кўлга бораётиб, сигнал берувчи қадимий маёқ вайроналари олдида ҳам тўхтадик. Октябр Дўспановнинг айтишича, бу маёқ жуда қадимий бўлиб, денгизчиларга эмас, Буюк ипак йўли бўйлаб ҳаракат қилган савдо карвонларига белги бериш учун хизмат қилган экан. Бунақа маёқлардан бир нечта бўлганини билиб олдик.

Маёқ ҳақидаги маълумотларга эга бўлгач, Судочье кўли ёқасидаги Урга қишлоғи томон йўлга тушдик. Бир пайтлар Россия империяси томонидан бу ерларга сургун қилинган старообрядчилар (христианликда: эски дин мухлислари) қабристонига дуч келдик.

Октябр Дўспановнинг айтишича, бу ерлар бир пайтлар орол бўлиб, катта ерга бориш учун одамлар қайиқлардан фойдаланишаркан.

Ҳозир эса сув кетиб, ороллар ер билан бирлашиб кетган.

Судочьеда балиқчилар қўналғасида кўлдан тутилган балиқдан тановул қилдик. Атрофни қоплаган қамишзор, эски қайиқлар, қадимги бинолар қолдиқлари манзарасида тушлик қиларканмиз, кўнглимдан ўрта асрлар ҳақидаги фильм суратга олиш учун тайёр павильон бўларкан деган фикр ўтди.

Судочье кўлида балиқчилик ривожланиб қолгани ва анча одам иш билан таъминланганидан хурсанд бўлиб яна йўлга тушдик.

Қибла-Устюрт

Анчагина юриб, Қибла-Устюрт қишлоқчасига етиб келдик. Бу ерда бир пайтлар аэродром фаолият кўрсатган ва қўрғон аҳолиси туман марказига «Ан» самолётларида қатнаган экан. Ҳақиқатан ҳам салкам юз километр йўл юриб, биринчи аҳоли пунктига дуч келгандик.

Машиналар карвони самолёт йўлакларига келиб тўхтаганини кўрган қишлоқ ёшлари ўз мотоцикллари ва велосипедларида бизни қарши олгани чиқишди.

Биз уларни суҳбатга тортдик.

— Қўрғонда қанча аҳоли яшайди?

— 40 оила яшаймиз.

Мени бу ҳудуднинг ёшлари нима билан шуғулланиши қизиқтирарди, шу сабаб ёши каттароқ суҳбатдошимиздан ёшлар нима билан шуғулланиши, мактаб ва боғчалар ҳақида суриштирдим.

— Бизда деҳқончилик қилиб бўлмайди, ҳамманинг ўзига яраша чорваси бор холос. Шу атрофда газ тортишда меҳнат қилишади. Қишлоқ яқинидан газ қазиб олинади. Мактабмиз тўққиз йиллик, боғча йўқ.

Сув, газ бор, шароитимиз яхши, худога шукур. Фақат биттагина муаммомиз бор, сизлар президентимизга яқинсизлар, шу илтимосимизни етказинглар. Бизга йўл қуриб беришсин. Қўнғиротгача 130 км. Йўлда битта қўрғон бор, унгача 40 км. Қишда умуман юриб бўлмайди, даштни қор босса, адашиб қолиш, қорга, лойга ботиб қолиш ҳеч гапмас. Бизнинг бунақа машиналаримиз йўқ, оддий машиналарда бу йўллардан юриб бўлмайди.

— Шифохона, туғруқхона-чи, борми?

— Ҳа, шифохонамиз бор, битта ҳамшира ярим ставкада ишлайди. Лекин туғруқхона йўқ. Ҳомиладор аёлларни вақтлироқ Қўнғиротга олиб бориб туғруқхонага ётқизиб келишади.

Мактабимиз ҳам яхши, ўқитувчилар етарли. Бизга фақат йўл керак, бошқа ҳамма нарсамиз бор, — дея яна таъкидлади суҳбатдошим.

Бошқалар атрофни кўздан кечириб турганда югурганча бориб симтўр билан ўраб қўйилган мактаб ҳовлисини суратга олиб қайтдим. Маҳаллий аҳолига уларнинг муаммолари ҳақида албатта ёзишга ваъда бериб хайрлашдик.

Кейин кўнглимга чироқ ёқса ёришмади. Чунки бу қўрғонга етиб келгунча босиб ўтган йўлимизни ўйладим. Бозор-ўчар қилиш учун ёки бемор қариялар, ҳомиладор аёлларнинг бу йўллардан 150 км йўл босиб ёзнинг саратони-ю қишнинг қаҳратонида юришларини тасаввур қилиб кўрдим ва ичимда очиқкўнгил қибла-устюртликларнинг муаммоси ҳақида албатта ёзаман деб ўзимга сўз бердим.

Дилфуза Собирова

Тошкент-Нукус-Қўнғирот-Тошкент

Давоми бор...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг