Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қаҳрамон Қуронбоев: «Ёшлар иттифоқи «Камолот» уйлари қурилиши учун жавобгарликни бўйнига олмайди» (видео)

Қаҳрамон Қуронбоев: «Ёшлар иттифоқи «Камолот» уйлари қурилиши учун жавобгарликни бўйнига олмайди» (видео)

Фото: «www.facebook.com/kuranbaev.k»

Тошкент шаҳрида Президентнинг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев оммавий ахборот воситалари вакиллари олдида ҳисобот берди.

Унга кўра, ўтган олти ойда ёшлар қабулхонасига 2 минг 345 та мурожаат келиб тушган. Шундан 82 фоизи ижобий ҳал этилган бўлса, 14 фоизи кўриб чиқилмоқда. Бошқа ташкилотларга тегишли бўлган 4 фоизи эса тегишли жойларга етказиб берилган. Ҳозирда Андижон, Фарғона ва бошқа вилоятларда 5 ёшлар маркази ташкил этишга 25 миллиард маблағ сарфланган.

Шунингдек, Қаҳрамон Қуронбоев ОАВ ходимлари ва ижтимоий тармоқлардан келган саволларга ҳам жавоб бериб ўтди. Фейсбук орқали келган саволни эътиборингизга ҳавола қиламиз:

— Ёшлар уйларини бериш тартиби қандай амалга оширилади? Уйлар маълум бир қатлам ёки ютуққа эришган ёшларга бериладими? Ёки фақат фаол ёшлар учун тақдим этиладими?

— Биринчидан, «Камолот» уйини олганлар «Камолот» нималигини умуман билмаган ва тушунмаган. Шунинг учун ёшлар уйлари Ёшлар иттифоқи фаолларига берилади, деяпмиз. Ҳамма ёш иттифоқ фаолига айланади, худо хоҳласа, — дея жавоб берди Қ.Қуронбоев. — Келгуси йил март ойида ҳар бир аъзомизга ID кардлар берилади, уй олиш учун муваффақиятга эришган бўлиш шарт эмас. Энг муҳими, уйга муҳтож иттифоқ фаоли бўлса бас. Шундай экан, ёшлар уйини ҳамма ёш олиши мумкин. Буни онлайн тарзда ташкил этамиз.

Бундан ташқари, Давлат маслаҳатчиси «Камолот» уйлари ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди:

— «Камолот» уйларига аризалар кўпайиб кетган. Тошкент шаҳрининг ўзида 400 одамга сертификат берилди, лекин Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан уй ҳали қурилмаган. Бизда 169 та уй қурилган, лекин 569 та ариза келиб тушган. 400 одам сертификати билан уй ололмаяпти. Бунга Ёшлар иттифоқи айбдор эмас. Биз буни Тошкент шаҳар ҳокимлигига айтдик, улар ўзлари тавсия қилган, режага киритган ва қурмагани учун ўзлари жавоб беради.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 12 октябрь куни «Telegraf.uz» сайти Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Юридик бўлим мудири Баҳром Илҳомжоновдан интервью олган, суҳбат чоғида 2017 йилнинг 23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори «Камолот уйлари»ни олиш учун ҳужжат топширган, аммо шу пайтгача турли сабабларга кўра уй ололмай келаётган ёш оилаларга янги қурилаётган «Ёшлар уйлари» берилиш-берилмаслиги ҳақида ҳам сўз борган эди. Ҳуқуқшунос Б.Илҳомжонов Ёшлар иттифоқи Ўзбекистон «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг барча ҳуқуқ ва мажбурияти бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланишини, бугунгача уй олиш учун ҳужжат топширган ёш оилаларнинг аризалари ўз кучида қолишини маълум қилган эди.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг