Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қандай қилиб ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш мумкин?

Қандай қилиб ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш мумкин?

Фото: «Норма»

Иш берувчи ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзган ходимга меҳнат дафтарчасини бермай, уни ушлаб қолишга уринади. Унинг бундай хатти-ҳаракат қилиши тўғрими?

Ушбу саволга меҳнат ҳуқуқи соҳаси эксперти Абдусалом Рисқуллаев жавоб беради:

– Иш берувчи ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзган ходимни меҳнат дафтарчасини бермаслик орқали ушлаб қолишга уриниши ҳоллари, афсуски, бугунги кунда кўп учрайди. Иш берувчининг бундай хатти-ҳаракатлари ҳуқуққа зид. 

Меҳнат кодексининг 99-моддасига мувофиқ, ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам бекор қилишга ҳақлидир. Бунинг учун икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантиришнинг ўзи кифоя. Огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг ходим ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса, ходимга меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шарт.

Ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан меҳнат шартномаси огоҳлантириш муддати тугамасдан олдин ҳам бекор қилиниши мумкин. 

Шуни назарда тутиш лозимки, меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилиш ҳақидаги ариза у ўз ишини давом эттиришининг имкони йўқлиги (ўқув юртига қабул қилинганлиги, пенсияга чиққанлиги, сайлаб қўйиладиган лавозимга сайланганлиги ва бошқа ҳоллар) билан боғлиқ бўлса, иш берувчи меҳнат шартномасини ходим илтимос қилган муддатда бекор қилиши керак.

Муддатли меҳнат шартномаси ходимнинг ташаббуси билан муддатидан олдин бекор қилинганда ходимнинг неустойка тўлаши белгилаб қўйилиши мумкин. Уни тўлаш тартиби Меҳнат кодексининг 104-моддасида белгиланган. Агар меҳнат шартномасида неустойканинг миқдори белгилаб қўйилмаган бўлса, тарафлар уни тўлашдан озод этиладилар. Неустойканинг миқдори иш берувчи томонидан ходимнинг манфаатларини кўзлаб қилинган харажатларга, ходим ишлаган давр ва бошқа ҳолатларга боғлиқ тарзда тафовут қилиши мумкин. Унинг миқдори иш берувчи тўлайдиган неустойка миқдоридан ошиб кетиши мумкин эмас. Неустойка тўлашдан бош тортилган тақдирда уни ундириш суд тартибида амалга оширилади.

Манба: norma.uz

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг