Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қани тил билувчи, изланувчан журналистлар?.. (ёхуд ўқув жараёни муаммоларига бир назар)

Қани тил билувчи, изланувчан журналистлар?.. (ёхуд ўқув жараёни муаммоларига бир назар)

Фото: «Школа журналистика»

Халқ шоири Абдулла Орипов таъбири билан айтганда «оёқланган қўзидай» довдираб Ўзбекистон миллий университети остонасига қадам босганимизда, бу даргоҳнинг салобати кўпчилигимизни эсанкиратиб қўйган эди. Аудитория бизнинг орзуларимиз рўёбга чиқадиган сеҳрли масканга ўхшар эди. Кейин эса ҳаммаси жўнлашди.

Ҳатто мактабда адабиёт китобини очиб кўришга ҳафсала қилмаган талабанинг ҳам халқ оғзаки ижодига меҳр қўйишига эришган устозимиз Омонулла Мадаев шундай деганди: «Ҳеч қачон таълим олган даргоҳингни ёмонлаб гапирма!..». Агар кимдир машғулотлардан нолиб қолса, шу гапни эслатардик.

Аммо тўрт йиллик таълим ва ундан кейинги жараёнлардан сўнг менда журналистларни ўқитиш тизимидаги баъзи камчиликларни таҳлил этиш хоҳиши туғилди. Бу фикрларни ўзим ўқиган факултетга тош отиш маъносида қабул қилмаслигингизни сўрайман.

Хўш, нега бугун журналист кадрлар муаммоси юзага келмоқда? Нега президент бу соҳада ислоҳотлар кераклигини, алоҳида университет ташкил қилишни ва «тил биладиган журналистлар йўқлигини» таъкидлади?

Менимча, дастлабки иллатни қабул босқичидан изламоқ керак. Агар журналистика факултетига кириш баллари статистикасига эътибор берсангиз, кўп ҳолларда ижодий имтиҳон, ўзбек тили ва адабиёти, тарих фанларидан яхши натижага эришган абитуриентлар талабага айланганининг гувоҳи бўласиз. Чет тилларидан «қоқиладиган»лар учун айни имконият. Чунки сўнгги тест блоки — чет тили кам балл беради. Чет тили шу даражада «сиқиб» қўйилган. Чет тилидан билими яхши, аммо тилшуносликнинг қоидалари, тарихнинг факт ва рақамлари аро адашганлар «йиқилади».  Ижодий имтиҳондаги коррупцияни эса бу ерга аралаштирмоқчи эмасман.

Барчамиз журналистга хорижий тил зарурлигини биламиз. Бу борада у керак бўлса дипломатдан ҳам ортда қолмаслиги керак. Аммо эътибор беринг: инглиз тили Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаларига ҳар куни ўтилса, журналистика факултетида ҳафтада бир марта (!) ўтилади.

Биринчи босқичда журналист-талабалар «илк ижодий парвозлар»ни бошлайди деб ўйлайсизми? Йўқ, улар туну кун математика фанидан қай тарзда баҳо олиш ҳақида бош қотиришади, журналистикадан узоқ курс ишлари, рефератлар тайёрлаш билан машғул бўлишади. Иккинчи босқичда дарс жадвалимизнинг катта қисми журналистикага тааллуқли эмаслигини ҳам пайқаган эдик.

Бошқа факултетлардан келувчи устозлар нуқул «журналист ҳамма нарсани билиши керак!» дея оғзимизга уришарди. Биз логарифмлар, квадрат тенгламалар, механика, импулс, мураккаб иқтисодий формулаларни ўрганишга мажбур этилдик. Лекин жаҳон журналистикаси каби улкан фан учун ярим йилгина вақт ажратдик, «Матбуот муаммолари» каби муҳим фанни тўртинчи босқичдагина ўқидик. Аслида улар журналист учун ҳар доим ўқитилса арзийдиган предметлар эмасми?

Афсуски, талабаларда ҳам айб кўп: биз прогрессни эмас, «сессияни эсон-омон ёпиш» ва «уйдагилар олдида юзи ёруғ бўлиш»ни ўйладик. Тўрт йил радиостудиясиз радиожурналистикани, телевидениега амаллаб рухсатнома олиб тележурналистикани ўргандик.  Журналистика факултети талабаси бўлиб туриб телевидениега амалиёт рухсатномасини ойлаб кутдик. Ҳар хил қоғозбозликлар ила ўзини иҳоталаган бу ташкилотга киришнинг ўзиёқ қийинлигини билдик. Мажлисларда бу муаммо кўтарилар эди. Ваъда бериларди, аммо...

Журналистика соҳасида янги университет ташкил этилишини эшитиб қувондим, лекин ўйланиб ҳам қолдим. Чунки у ерга ҳам ҳозирги қабул жараёни, дарс билан боғлиқ муаммолар, қоғозбозлик ва эътиборсизлик «экспорт» қилинса, ютқазишимиз аниқ. Формат эмас, моҳиятни ўзгартиришга эътибор қаратиш керак менимча.

Факултетни яқинда тугатган собиқ талаба сифатида юқоридаги муаммоларга барҳам берилса, қувончли ҳодиса бўларди. Зеро, Шукур Холмирзаев айтганидек, «ёзганларим кўнглимдан ўтган бир нарса эди ва унинг қадр-қиммати мен учун бўлакча».

Улуғбек Орипов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг