Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қаршида реконструкция қилинган «Мурувват» уйи очилди. Унда понилар билан терапия ўтказилади

Қаршида реконструкция қилинган «Мурувват» уйи очилди. Унда понилар билан терапия ўтказилади

Жорий йилнинг 23 декабрь куни Қарши шаҳрида ногирон болаларга мўлжалланган «Мурувват» интернат уйи капитал реконструкциядан сўнг ушбу тантанали тарзда очилди.

Реконструкция давомида бир неча корпуслар бузиб ташланди, янги ошхона ва бош корпусни ошхона блоки билан боғловчи янги бинолар қурилди.  Болалар ва ходимлар қулайлиги учун касалхона лифти ўрнатилди, барча палаталарда ҳавони кондиционерлаш ва шамоллатиш тизимлари монтаж қилинди.

Зарур нормативларга  мос равишда ҳудудга канализация тармоғи тортилди, ўт ўчириш бўйича 100 тонна сув сиғимига эга янги тизим ўрнатилди.

«Мурувват» интернат уйи янги жиҳозлар билан таъминланди ва ён-атрофдаги ҳудуд тўлиқ ободонлаштирилди. Капитал харажатларнинг умумий суммаси 22 миллиард сўмдан ортиқ маблағни ташкил этди.

Қарши шаҳри «Мурувват» интернат уйининг директори Рўзиқул Хўжаевнинг таъкидлашича, энди нафақат болалар, балки ходимлар ҳам болаларни мослаштириш бўйича ишларни амалга ошириш, уларга тиббий хизмат кўрсатиш ва ривожлантириш учун шарт-шароитларга эга бўлди. Ушбу комплекс инновацион услубларни қўллаш борасида ҳам янги имкониятларга йўл очди. Интернат уйнинг тарбияланувчиларига иккита пони от совға қилинди, болалар бундан беҳад хурсанд. Болаларни от устида соғломлаштириш мақсадида сайр қилдириш ва жониворлар билан мулоқот қилиш  йўли билан реабилитация қилиш «иппотерапия» деб аталади. Бу усул ўзининг таъсирчанлигини исботлади ва болаларда муҳим туйғуларни ривожлантириш, ташқи муҳитга тезроқ мослаштириш имконини беради. 

Бинолар комплекси қурилишида ташкилотчилар томонидан жониворларни сақлаш учун жойлар ҳам кўзда тутилган. Айни чоғда пони отлари Қарши иқлимига мослашиш жараёнидан ўтмоқда. 

Янги бино 300 нафар болага мўлжалланган ва ҳозирги пайтда у ерда 286 нафар бола истиқомат қилади.

Таъкидланишича, 300 нафар бола учун нормативда қарийб 300 мутахассис кўзда тутилган. Шундан 27 нафари тиббиёт ходими, 75 нафари тарбиячи, 50 нафари хўжалик ходими, энагалар. Ушбу муассасага уч ёшдан келиб тушадиган болалар билан ўқув ишлари олиб борилади, тиббий хизматлар кўрсатилади. Комиссия томонидан танлаб олинган айрим болалар билан ўқитувчилар якка тартибда шуғулланади. Ҳозирги пайтда бунинг учун алоҳида синфхоналар ташкил қилинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг