Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қашқадарёда «in-vitro» усулида картошка уруғликлари кўпайтирилади

Қашқадарёда «in-vitro» усулида картошка уруғликлари кўпайтирилади

Қашқадарё вилоятида Польша инвестиция дастури асосида қиймати 8 млн АҚШ долларига тенг, йиллик қуввати 8 млн дона in-vitro усулида картошка уруғлик мини туганакларини кўпайтиришга ихтисослашган лаборатория ҳамда йилига 5 минг тонна юқори авлодли соғлом картошка уруғликлари етиштиришга мўлжалланган комплекс ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати «Xabar.uz»га маълум қилиб ўтди.

Жорий йилнинг 6 июнь куни Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Польша-Ўзбек савдо-саноат палатаси, Польша картошка уруғчилиги ва ҳимоя қилиш институти, «Замартэ картошка етиштириш» МЧЖ, сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти, қишлоқ хўжалигини стандартлаштириш маркази, Ўзбекистон фанлар академияси биоорганик кимё институти вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда мазкур лойиҳани амалга ошириш, Ўзбекистон-Польша ўртасида картошка уруғчилиги соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган масалалар муҳокама этилди.

Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида мамлакатимизда картошка уруғи импортига бўлган эҳтиёж ички имкониятдан қопланиши, аҳолини иш билан таъминлаш, картошка уруғи сифатининг яхшиланишига эришилади. Ҳозирги кунда фермер хўжаликларини соғлом, вируслардан холи картошка уруғликлари билан таъминлаш мақсадида Польша Республикаси билан ҳамкорликда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилда Ўзбекистонда 135 минг гектар ҳудудда 2,8 миллион тонна картошка етиштириш режалаширилган. Бугунги кунда Ўзбекистонга турли хорижий давлатлардан ҳар йили ўртача 20-30 минг тонна картошка уруғликлари импорт қилинмоқда. Маълумотларга қараганда, 2017 йилда Афғонистон, Беларусь, Эрон, Қозоғистон, Россия, Туркия, Покистон сингари давлатлардан қиймати 23 551 АҚШ долларига тенг 193 622 тонна картошка импорт қилинган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 224 674 тоннани ташкил этган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг