Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қашқадарёдаги завод ишчилари норозилигининг асосий сабаби маълум қилинди

Қашқадарёдаги завод ишчилари норозилигининг асосий сабаби маълум қилинди

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги GTL компаниясининг қурилиш майдончаларидан бирида юз берган норозиликда иштирок этган ишчилар эътирозларини баён қилишди. Барча муаммолар ҳал қилинади, дейилади Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабарида.

Қайд этилишича, ишчиларнинг қатор чиқишларида билдирилишича, уларни ташвишга солаётган асосий муаммо пандемия пайтида 40-45 кун давомида объектдан чиқмай ишлаш тартиби ўрнатилиб, бу ўз навбатида уларнинг яқинлари билан кўп вақт кўришмаслигига олиб келганидир. Улар қатъий карантин чора-тадбирларининг бекор қилиниши, яъни вахта усулида ишлаш тартиби – объектда 22 кун ишлаш ва 8 кун дам олишга ўтказилишини сўрашган. 

Ишчилар томонидан шунингдек ҳал этилиши керак бўлган муаммолардан яна бири – ошхонадаги узун навбат, сифатли овқатланиш масалалари ҳам кўтарилган.

Қашқадарё вилояти хокими томонидан барча санитария ва эпидемиология чораларига риоя қилган ҳамда ПЦР таҳлилини ўз вақтида топширган ҳолда қатъий карантин чораларининг бекор қилиниши маъқулланган.

«Раҳбарият вакиллари томонидан ижтимоий тармоқлар ва қатор ОАВлардаги муҳокама чоғида урғу берилган ходимларнинг ойлик маоши ўз вақтида тўлаб берилган. Ишчилар томонидан меҳнат шартномасининг бу банди бузилганлиги тасдиқланмади», дейилади вазирлик хабарида.

Ишчиларда йиғилиб қолган норозиликларни ўрганиш ва уларни ҳал этиш учун махсус ишчи гуруҳлар тузилиб, уларнинг таркибига Қашқадарё вилояти ҳокимияти, «ENTER Engineering» компанияси касаба уюшмаси, Энергетика вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, «Ўзбекнефтьгаз» АЖ вакиллари киради. Доимий равишда низоли масалаларни ўрганиш учун 3-4 та шундай ишчи гуруҳи ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг