Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қашқадарёлик бошпанасиз етим қиз «Ёшлар» телеканали ёрдами билан уйли бўлди (видео)

Қашқадарёлик бошпанасиз етим қиз «Ёшлар» телеканали ёрдами билан уйли бўлди (видео)

Кадр: «Ёшлар» телеканали

«Ёшлар» телеканалининг «Ёшлар студияси» дастури орқали қашқадарёлик бошпанасиз етим қизнинг тақдири ҳақида ҳикоя қилинди ва унинг муаммосига ечим топиб берилди. Бу ҳақда «Дарё» ёзмоқда.

Хабарда айтилишича, гўдаклигидан меҳрибонлик уйида тарбиялаган 28 ёшли Дилбар Ражабова айни пайтда Қарши шаҳридаги Қашқадарё вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида фаррош бўлиб ишлайди. Турар жойи эса — Қурилиш коллежи ётоқхонасининг хароб ҳолатдаги бир хонаси.

Маълум бўлишича, қиз уч йилдан буён турли масъул ташкилотларга, шу жумладан, Қарши шаҳар ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раисига, ҳокимнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарига мурожаат қилиб, турар жой берилишини сўраган. Аммо унинг мурожаатига бунинг иложи йўқлиги айтилган қуруқ расмий жавоблар келган холос. Бу вақтда эса Дилбар, ўз сўзларига кўра, ертўлаларда яшаб, одамларнинг уйларида қора иш қилиб, ҳатто, баъзи пайтларда тиланчилик қилиб кун кечиришига тўғри келган.

Кўрсатув давомида бошловчи ва муҳаррир Зилола Расулова Дилбарни ўзи мурожаат қилиб кўрган масъул шахслар билан юзлаштириб, улардан турли баҳоналар олди.

Охир-оқибат, Қарши шаҳар ҳокими Жамшид Фозиловга юзланилганидан кейин «уч йилда ҳал бўлмаган муаммо уч кунда ечилишига эришилди»: Дилбарга яшаш учун ҳокимлик томонидан бир хонали уй ажратилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг