Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Қашшоқ» миллиардер. Дунёни яхши томонга ўзгартириш иштиёқида

«Қашшоқ» миллиардер. Дунёни яхши томонга ўзгартириш иштиёқида

Чак Фини.

Фото: «Moz.com»

У «Duty Free» тармоғи асосчиси. Ёши 86да ва умри давомида 8 миллиард долларлик сармоя тўплаган. Бироқ унинг на автомашинаси, на шахсий уйи бор. Ҳамон ижарада туради, метро ёки таксидан фойдаланади, узоқ сафарларга чиққанида эконом-классда учади. Қўлида атиги 15 долларлик соат, эгнида одми кўйлак. Европада уни оддий америкалик турист сифатида қабул қилишади.

Уни пул сарфлашга кўзи қиймайдиган хасис чол деб ўйлаётгандирсиз? Йўқ, унақа эмас. У салкам 40 йил давомида ишлаб топган 8 миллиард долларнинг 99 фоизи(!)ни хайрияга ишлатган. Бу пуллар АҚШ, Ветнам, Австралия, Жанубий Африка, Ирландия, Бермуд ороллари ва бошқа мамлакатларнинг таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фан, қариялар уйларига сарфланган.

Агар вақтни 15 долларлик соат билан ҳам аниқлай олсам, менга қиммат Rolexнинг нима кераги бор.

Чак Фини

«Қашшоқ» миллиардерни бойлик нафақат қизиқтирмайди, балки шон-шуҳратдан ҳам йироқда: миллионларини эҳсон қилар экан, буни ҳеч кимга билдирмасликка ҳаракат қиларди. 15 йил давомида унинг хайриялари ҳақида ҳеч ким хабар топа олмаган. У бошқа миллионерлардан фарқли равишда, ўзи ҳомийлик қилган университетлар ёки клиникалар деворларида исми битилган тахтачалар осилиб туришини истамасди. Кўпчилик ҳомийлик пули қаердан келиб тушганини билмасди ҳам. Бир сафар ўзи таълим олган Корнел университетига хайрия қилганида, университет кенгаши бу пуллар бирор мафия гуруҳиники бўлиши мумкин деб, қабул қилмаган. Университет президенти пул қаердан келиб тушганини аниқлагачгина, кенгашни кўндира олган.

Саховатпеша миллиардернинг кимлиги ошкор бўлганидан сўнг ҳам у ўзини ҳамон жуда камтар тутади. Билл Гейтснинг фикрича, ўрнак олиш учун ҳақиқий идеал инсон.

Пул — бу мажбурият. Мен, албатта, кимгадир ўз сармоясидан қандай фойдаланишни ўргатмоқчи эмасман, аммо уни ақл билан ишлатишини маслаҳат бераман.

Чак Фини

Унинг мисолида кўринадики, кўп пул ишлаб топишдан мақсад — шоҳона саройлар қуриш, яхталар сотиб олиш, юлдузлар иштирокида дабдабали тўй-ҳашамлар уюштириш эмас, шунчаки дунёни яхши томонга ўзгартиришга ҳаракат ётиши ҳам мумкин. Бу аслида жуда кучли асос, фақат инсон тафаккури шунга монанд улғайиши керак.

Ҳикоямиз қаҳрамони, сезганингиздек — Чак Фини.

Фини инсон ўлимидан сўнг эмас, ҳаётлигида хайрия ишларига сармоясини сарфлашни муҳим деб ҳисоблайди. Ахир, эзгулик йўлида сарфлаган пулларинг ўз мевасини бераётганини кузатишинг роҳат-ку! Унинг шиори — «Giving while living» («Ҳаётлигингда борини бер») қоидаси бугун Билл Гейтс, Уоррен Баффет ва бошқа миллиардерлар учун дастуриламал бўлиб хизмат қиляпти.

Қаерга қанча сарфлаган:

1982: Корнел университетига биринчи хайрия ($7 млн.). Университет  Чак Фини  жамғармасидан жами $937 млн. қабул қилиб олган.

1984: «DFS» акциялари пакетини (38,75%) Atlantic хайрия жамғармаси ҳисобига ўтказади.

1988: Саратон касаллиги тадқиқотлари институтига дастлаб $142 минг ўтказиб беради. Умуман, саратон касаллиги тадқиқотлари учун жами $370 млн. ажратади.

1991: Шимолий Ирландияда иш ўринларини ташкил этиш ва таълим учун грант.

1999: Ветнам тиббиёти ва олий таълимини ривожлантириш учун сармоя.

2001: Квинсленд (Австралия) университети биомедицина тадқиқотларини молиялаштиради. Австралиялик олимлар учун жами  $320 млн. ажратилган.

2002: Жанубий Африкада ОИТС билан курашишга грант. ЖАР соғлиқни сақлаш тизимига жами 117 млн. доллар ажратилган.

2006: Тиббий суғуртаси бўлмаган 8 миллион америкалик болаларга тиббий хизмат кўрсатиш кампаниясини бошлайди.

2008: Калифорния университети тиббиёт маркази қурилишига $125 млн. ажратди (университетга жами 290 млн. доллар хайрия қилган).

2012: Ню-Йоркдаги «Янги Кремний водийси» қурилишига $350  млн. грант тақдим этди.

2016: Ҳисобида қолган барча сумма (салкам $ 2 млрд.) хайрия ишларига ишлатилди.

2020: Унинг Atlantic Philanthropies хайрия жамғармаси ёпилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг