Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қизнинг отаси энди «нокаут» бўлмайди... Ёки «куёв чиқди» ва «куёв чақирди» рўйхатлардан чиқарилмоқда

Қизнинг отаси энди «нокаут» бўлмайди... Ёки «куёв чиқди» ва «куёв чақирди» рўйхатлардан чиқарилмоқда

Фото: «Zamin.uz»

Одам бир умр фарзандларининг бахту камоли, уларнинг орзулари ушалиши учун ҳаракат қилади. Лекин ҳар ишда ҳам чегара бор. Сир эмаски, халқ тўйлардаги сарф-харажатлар ва тинка-мадорни қуритувчи «расм-русумлар», «одатлар»дан чарчаган.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қўқон шаҳар кенгаши бош-қош бўлиб, Темирйўлчи маҳалласи Дилкушо кўчаси 64-уйда намунали тўй ўтказди. Нодир Мазокиров билан Одинахон Қодирова катта ҳаётга қадам қўйишди. Тўй камчиқим ва ихчам тарзда ўтказилди.

— Бу икки ёш ариза топширганидан кейин «Оила дорулфуни»га чақиртирилди, — дейди Қўқон шаҳри ФХДЁ бўлими мудири Нигора Султонова. — Биз илгари оилалар ажрим ёқасига келиб, ариза берганидан кейингина муаммо билан шуғулланар эдик ва бу кутилган натижани бермасди. Эндиликда ажримларнинг олдини олишни никоҳга кириш чоғидан бошлаяпмиз.

Тизимда ишлаётганимга ўн икки йил бўлди, шундан икки йили Қўқон шаҳрида ўтди. Бу ерда эрта турмуш қуришга мойиллик юқори эди. Масалан, 2016 йилда 17 ёшлилар ўртасида қайд этилган никоҳлар 21 та эди, ўтган йили уни 9 тага туширдик. Жорий йилнинг 3,5 ойида 1 та бўлди. Эътибор берсак, ажримлар айнан 20 ёшгача бўлганлар орасида юқори экан.

Ажримлар борасида тизимли ва илмий асосланган ҳолда ишлашни бошладик. Чунки баъзи рақамлар бизни ташвишга солмай қўймайди. Ҳудудимизда 2017 йилда 2083 та никоҳ қайд этилган бўлса, 416 та ажрим кузатилди. Шу йилнинг биринчи чорагида эса 325 та оила қурилиб, 104 та оила ажрашди. Тўйларга кетаётган бир дунё пулни янги оиланинг эҳтиёжига сарфлашса, ажримлар камайиши аниқ.

Ҳозир Қўқон жамоатчилиги куёвнинг хонадонига бериладиган буюмларни — мебел, гилам, замонавий элита пардалар, телевизор, йигирматадан ортиқ кўрпа-тўшак, идиш-товоқлар ва бошқа жиҳозларни йигитнинг ўзи қилсин деяпти. Бугунгидай тўй 1991 йилдан буён бўлмаганини ҳам эслашди.

— Қўқонда тўй ўтказиш камида 20 миллион, юқориси 200 миллион сўмгача айланаётган эди. Бугун эса намунали тўйга кетган харажатлар 5 миллион сўмдан ортмади, — дейди Қўқон шаҳар маҳаллалар кенгаши раиси ўринбосари Зилола Исломова. — Тўйдан бир ҳафта олдин қизнинг уйида бўладиган «куёв зиёфати» йўқотилди. Унда қирқ-эллик чоғли аёл-эркак йиғилиб, дастурхонга ўн хил таом тортилар эди. Ўзи бир тўйдай бўларди. Бир кун аввал куёвнинг уйида бўладиган «сабзи арчар» маросимини энди ўтказмаяпмиз. Шунга ҳам элликтача одам келиб, чўнтакдан мўмай пул кетиб қоларди. Эрталабки хатм ошига айтилувчиларни қирқ-эллик кишидан оширмаяпмиз. Базмларни кўраяпсиз. Меҳмонлар юз киши атрофида, уни ҳам имкон қадар уй шароитида қилиш урф бўлмоқда.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Аниқланишича, тўйдан кейин куёвнинг уйида ўтадиган «қизнинг отасини кўриш», яъни «ота чақирди» маросими бекор қилинибди. Куёвнинг уйида тўйдан уч кун ўтиб, «куёв чиқди» маросими бўлар экан. Унда қуда томондан юзтача киши келиб, бир-бири билан танишар, ўзаро совға-салом улашар экан. Кўпмиллионли бу ишга ҳам нуқта қўйилибди. Ҳаммасидан «куёв чақирди» одати қиз томоннинг белини чиқарар экан. Куёвнинг йигирмата ўртоғи, икки томондан жами юзтача одам йиғилиб, зиёфатбозлик қилишаркан. Тадбирга куёв томондан келган барча аёлга бир кийимлик сарпо, куёвжўраларнинг ҳар бирига пахтали кўйлак, уйдан учирма бўлган қизига ўн сидра устибош, куёвтўрага уч сидра бош-оёқ сарпо қилинар экан. Бу тадбир бечора қиз боққанга 20 миллионга тушиб, тўйдан кейин «нокаут» қиларкан.

— Моддият кучайган жойда оқибат ва хайр йўқолади. Ёшлар ўзи кўпи ишсиз, бунинг устига ортиқча пул сарфлаб тўй қилиши унинг тақдирига ҳалокатли таъсир кўрсатади, — дейди Ёшлар иттифоқи шаҳар бўлими раҳбари Отабек Расулов. — Қўқон шаҳрида 14-30 ёшлилар 78 минг нафарни ташкил этмоқда. Бугунги тўй соҳиби — 27 ёшли куёвбола ўзи устачилик қилади. Қиз эса 24 ёшда, ишламайди. Шунинг учун уни уч ойлик пазандалик курсларига ўқитамиз. Биз ФҲДЁ бўлими билан никоҳга ариза берилган кундан бошлаб, оила қураётганларнинг уйига бораяпмиз. Ўтириб дилдан суҳбатлашаяпмиз. Тадбиркор ва ташаббускор ёшларга имтиёзли кредитлар бериш орқали уларнинг оилавий бизнесга қизиқишини орттирмоқдамиз. Қизларни эса тикувчилик, пазандалик, оилада аёл нима вазифани бажарса, барчасига мос бўлиши учун курсларда ўқитмоқдамиз. Бу мақсадда 2018 йилнинг ўтган даврида 35 та ёш тадбиркорга 13 фоизли 1,5 миллиард сўмлик кредит бердик. 300 дан ортиқ ёшлар инглиз, рус, корейс тиллари, компютер саводхонлигига ўқитилди. 2017 йилда 48 нафар ёшни бошланғич тўлови бўлмаган, имтиёзли уй-жой билан таъминлаган бўлсак, бу йил ҳам шунча ўғил-қизга уйларнинг калитини топширишни режалаштирмоқдамиз.

Намунали тўйда Ёшлар иттифоқи вакиллари оила психологияси, эр-хотинлик вазифаси ва бурчлари ҳақидаги китоблар тақдим этишди. Бундан ташқари, икки нафар ёшга маиший техника ва Бухоро шаҳрига саёҳат қилиш учун йўлланма берилди. Тежалган пул эса оила бюджетига киради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг