Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қодирий шу ерда отилган эди. «Xabar» таҳририяти қатағон қурбонларини ёд этди

Қодирий шу ерда отилган эди. «Xabar» таҳририяти қатағон қурбонларини ёд этди

Фото: «Xabar.uz»

Юртимизда ҳамон байрам кайфияти ҳукмрон, яқинда Мустақиллигимизнинг 28 йиллигини нишонладик. «Xabar» таҳририяти аъзолари шу муносабат билан бугун «Шаҳидлар хотираси» мажмуасини зиёрат қилишди ва қатағон қурбонларини ёд олишди.

Бу ерда ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари охирида ўзбекнинг энг олди зиёлилари отиб ташланган. СССР Олий суди ҳарбий коллегиясининг 1938 йил 4 октябрдаги сайёр йиғилишларида ўзбекистонлик 507 нафар сиёсий маҳбус устидан ҳукм чиқарилган. Ўлимга ҳукм қилинганлар орасида Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Пўлат Солиев, Ғози Олим Юнусов, Абдулҳай Тожиев, Акбар Исломов, Анқабой Худойбахтов, Санжар Сиддиқ, Қурбон Берегин, Аъзам Айюб ва Отажон Ҳошимов каби зиёлилар бўлган.

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг мамлакатда амалга оширилган хайрли ишлардан бири чор ва совет мустамлакаси йилларида қурбон бўлган, ўтган асрнинг 30-50 йилларида «халқ душмани» сифатида қатағон этилган ва шу сабабли номлари ўзбек халқи ҳамда маданияти тарихидан ўчириб юборилган сиймолар хотирасини абадийлаштириш орқали тарихий адолатни тиклаш бўлди.

Республика Президентининг 1999 йил 12 майда имзо чеккан фармойишига кўра, мустамлака даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш комиссияси тузилди. 2000 йил 12 май куни Тошкентнинг Юнусобод туманида барпо этилган «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуасининг тантанали очилиши мамлакат ва халқнинг ижтимоий, маданий ва маънавий ҳаётида улкан воқеа бўлди. Қисқа муддатда мазкур мажмуа табаррук зиёратгоҳлардан, ёш авлодларни ватанпарварлик ва миллатпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган масканлардан бирига айланди.

Гарчи қоқ тушда борган бўлишимизга қарамай, мажмуада одам гавжум эди. Бу ерга оилавий келган юртдошларимизни ҳам, ўқувчилару сайёҳларни ҳам кўриш мумкин.

Шаҳидлар хотирасига бағишланган музейдан яхши янгилик бор. Истиқлол учун жонини фидо қилган Муҳаммад Али ибн Муҳаммад Собир Дукчи Эшон ҳазратнинг сурати архивдан келтирилган ва музейга жойланган. Бу сурат биз дарсликларда кўриб ўрганганимиздан анча сифатли бўлиб, Андижон қўзғолонига бағишланган бўлимда турли тарихий ҳужжатлар билан ҳам танишиш мумкин.

Зиёрат асносида марҳумлар ҳаққига тиловат қилинди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг