Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: «Қон босимининг ошиши кўпроқ ёшларда учрамоқда»

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: «Қон босимининг ошиши кўпроқ ёшларда учрамоқда»

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Жорий йилнинг 27 июль куни мамлакатимиз бўйлаб «Соғлом оила – соғлом жамият» шиори остида оммавий тадбир ўтказилди. 

Жумладан, пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган «Central park» боғида ҳам оилалар ўртасида оммавий гимнастика ва 5 километрга фаол юриш машқлари билан бир қаторда, оилавий мусобақалар ҳам уюштирилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қайд этишича, дунё миқёсида қон босимининг ошиши кўпроқ ёшларда учрамоқда, одамлар юрак-томир, нафас олиш органлари, диабет, саратон касалликлари билан кўпроқ оғримоқда. Ушбу юқумли бўлмаган хасталиклар келиб чиқишининг энг асосий омилларидан бири соғлом турмуш тарзига амал қилмасликдир.

Юқумли бўлмаган касалликлар бутун дунёда ўлим ҳолатларининг асосий сабабчиси ҳисобланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, 2016 йилда дунё бўйича 40 миллион ўлим ҳолати юқумли бўлмаган касалликлар туфайли юз берган бўлиб, бу барча ўлимнинг 70 фоизини ташкил этади. Ўлим ҳолатларининг анчагина қисми (дунё бўйича барча ўлимнинг 27 фоизи, юқумли бўлмаган касалликларнинг эса 38 фоизи) барвақт, яъни 30 ёшдан 70 ёшгача рўй берган. Ачинарлиси, келгусида дунёда бу касалликлардан вафот этганлар сонининг янада кўпайиши кутилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, соғлом турмуш тарзи риоя этилса, 80 фоиз юрак- қон томир, қандли диабетнинг 2 тури ва 40 фоиз ўсма касалликларининг олдини олиш мумкин экан.

«Хўш, нима учун одамлар ёшлигидан юқумли бўлмаган касалликларга чалинмоқда? Сабаби технологияларнинг ривожланиши, турмуш тарзининг ўзгариши билан одамларнинг ҳаракатланиши ва жисмоний меҳнат билан шуғулланиши камайди, чекадиган ва спиртли ичимлик ичадиган инсонлар кўпайди, таркибида ёғ, қанд ва туз миқдори юқори бўлган носоғлом озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмоли кўпайди. Шунингдек, аҳолининг овқатланиш одатлари ўзгарди, жумладан, сабзавот ва меваларни етарли истеъмол қилмаслик, тузни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш ҳолатлари ҳам кўпайди. Бу эса ўз навбатида, турмуш тарзининг ўзгариши, тана вазнининг ортиши, семизлик, қонда холестерин миқдорининг ошиши ва оқибатда, юқумли бўлмаган касалликларнинг ривожланишига сабаб бўлмоқда»,-дейилади вазирлик хабарида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг