Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Адлия вазири қонун лойиҳалари нега ўзбек тилида эмаслигига изоҳ берди

Адлия вазири қонун лойиҳалари нега ўзбек тилида эмаслигига изоҳ берди

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 24 май куни Ўзбекистон адлия вазирлигида блогерлар ва журналистлар билан учрашув бўлиб ўтди. Адлия вазири Руслан Давлетов уларни қизиқтирган қатор саволларга жавоб берди.

Жумладан, блогер Санжар Саид ишлаб чиқилаётган ва жамоатчилик муҳокамаасига қўйилаётган қонун лойиҳалари нега фақат рус тилида экани ҳақида савол берди:

— Олдин лойиҳалар доимо рус тилида чиқарди, биз у муаммога барҳам бердик. Ҳозир барча президент, ҳукуматга оид ҳужжатлар, қарорлар ўзбек тилида бор. Биз уч йилдан бери барчадан талаб қиляпмиз, давлат тилида қабул қилинади ҳаммаси, — дея изоҳ берди Руслан Давлетов. — Қонун лойиҳаларига келадиган бўлсак, бу уларнинг устида ишлайдиган ходимлар билан боғлиқ. Ходимларнинг у ёки бу тилнинг билмаслиги билан боғлиқ. Ишлаш жараёнида қулай бўлиши учун шундай қилинади. Кўпчилик ўзбек тилини билади, аммо кўчада гаплашиладиган тил бошқа, ҳужжатларда ишлатиладиган тил бошқа. Кўпчилик шу масалада қийналади.

Иккинчидан, биз бу масалага кўп йиллар давомида эътиборсиз бўлиб келдик. Кўп йиллар давомида русча ёзиб, ўзбекча ишлайлик деган нарса калламизга келмаган. Шунинг учун секин-секин ўзгаряпти бу тенденция. Ҳатто бош вазиримиз, президентимиз ҳам ҳужжатларни давлат тилида тақдим этишни талаб қилмоқдалар.

Яна муддат масаласи бор. Шундай ҳужжатлар бўладики, уни тез-тез бериш керак. Ҳукумат, вазирликлар талаб қилади. Шу сабабли тез эълон қилинади, рус тилида. Лекин [қонун ҳужжатлари барибир] ўзбек тилида бўлиши керак. Буни қиламиз. Мана яқинда давлат хизматлари тўғрисидаги қонунни қўйдик, рус тилида. У эллик варақдан иборат, бу жуда катта. Муҳокамадан кейин уни ўзгартирамиз, агар уни ўзбекчага таржима қилган бўлсак, яна қайта таржимага қанча ресурс, куч кетади. Бундан ташқари чет эллик мутахассисларни жалб қилганмиз. Грузиядан, Озарбайжондан келиб ўқишади, бу қонунни, улар рус тилида ўқишади. Мен сизга шунчаки ҳолатни тушунтириб беряпман. Лекин бу нарса ҳал қилинади.

Изоҳлар 3

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг