Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қўпол хатолик: Фарғонада «аёл»ни «эркак»ка айлантиришди

Қўпол хатолик: Фарғонада «аёл»ни «эркак»ка айлантиришди

Фото: ЎзА

Паспортнинг «жинси» деб ёзилган жойида туман миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси мутасаддиларининг бепарволиги ва эътиборсизлиги сабабли гўё кичик янглишмовчилик юз берди. Жинси «аёл» деб ёзилиши ўрнига «эркак» сўзи кетиб қолган. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қайд этилишича, республика ишчи гуруҳи Қўштепа туманидаги «Лойсон» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи, 1955 йил 27 майда туғилган Хосиятхон Ҳакимованинг хонадонига кирганида онахон фуқаролик паспорти сабабли жуда ноқулай аҳволга тушганини яширмаган. Унга биометрик фуқаролик паспорти 2017 йил 19 апрелда №АВ 6618042 сонли рақам билан берилган. Янги паспорт олганидан онахон паспортни текширмасдан, уйга шошган. Келини қизиқиш билан унга қарар экан, хатоликни кўриб қолган.

Яқинда 63 ёшга кирган онахон бир йилдан ортиқ вақт давомида сарсону саргардон бўлди. Паспортимдаги ёзувларни тўғрилаб беринглар, деб эртаси куниёқ қилган мурожаати қачонки янги паспорт олиш учун тўланадиган бож, яъни 65 минг сўм тўловни қайта амалга оширгач, бажарилиши айтилди.

– Соддалик қилибмиз-да, болам. Кўз қурғур ҳам «зренияси» пасайган, очганим билан ўқий олмайман-да. 3 та фарзандим бор эди. Бир ўғлим 2003 йилда 25 ёшида қазо қилган. Ундан битта неварам ёдгор қолди. Иккинчи фарзандим Собиржон Ҳакимов 44 ёшда эди. Паспорт олаётган кунларим қазо қилиб қолди. 4 та боласи билан келиним бева бўлди. Харажатлар катта бўлиб кетди, болажоним. Яна тўлов қиласизлар, дейишганида пулим йўқ эди. Кейин кимлардир жарима ҳам тўлайсиз, деганига қўрқиб бормай юраверибман-да, — деди Х.Ҳакимова.

«Бундай қўпол хатоликка йўл қўйиш уят эмасми?! Устга-устак, нега хатоликнинг товонини онахондан ундиришга ҳаракат қилишди?», дейилади хабарда.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида фуқаро Х.Ҳакимова паспортини қайта олиш чоралари кўрилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг