Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қорбобони уйга таклиф этмасликнинг муҳим сабаблари

Қорбобони уйга таклиф этмасликнинг муҳим сабаблари

Қорбобо ўз совғаси билан

Фото: «people.com»

Янги йилда болажонлар учун энг қизиқарли эрмаклардан бири қорбобо бўлади. Фарзандларингиз улардан турли совғалар кутади, шеър ва қўшиқлар айтиб беради. Баъзи одамлар уйига қорбобо чақиртиришади. Умуман, мултфилмларга ўч болалар қорбобога ва унинг мўъжизаларига ишонадилар. Аммо танганинг иккинчи тарафи ҳам бор, деганларидек, аслида уни уйга чақириш шартми?

Қорбобо болалар тасаввурида ноёб қобилиятга эга, ғаройиб либосдаги нотаниш киши сифатида гавдаланади. 2017 йилда Россиянинг айрим ҳудудларидаги мактабгача таълим муассасаларида кўплаб «чақирилмаган» қорбоболар меҳмон бўлишган. Бу болажонларни қувонтириш ўрнига уларда қўрқув ҳиссини уйғотган.

Бунга ишониш қийин, аммо қорбобо ҳамда қорқиз кийимлари жиноятчилар учун энг қулай ниқоб. Янги йил оқшоми янада жозибали ўтиши учун кўплаб оилалар қорбобони уйларига таклиф этишади. Бу эса ёвуз ниятли жиноятчилар учун айни қулай фурсат дегани. Балки таваккал қилишдан олдин яна бир марта ўйлаб кўрган маъқулдир.

Қорбобони уйга таклиф қилиш арзонга тушмайди, албатта. Иккита сўзни бир қилиб эплаб гапиролмайдиган инсондан қандай мўъжиза кутиш мумкин? Бунинг ўрнига машҳур актёр ёки актрисаларни ёки махсус шоу гуруҳларини уйга таклиф қилиб, бирон соат қизиқарли шоу дастурини кўрганингиз маъқул эмасми? Йўқ. Бу ҳам ҳамёнбоп эмас. «Мўъжизавий» қорбобо билан учрашувни концерт залларидаги байрам дастурларида ёки кўчада безатилган чиройли арча атрофида ҳам амалга оширсангиз бўлади. Тежалган пулга эса уйингиз учун фойдали нарсалар харид қилишингиз мумкин.

Эртами-кечми фарзандингиз қорбобонинг мавжудлиги ҳақидаги ҳақиқат эртак эканини англаб етади. Бир кун бу ёлғон юзага чиқади. Вазиятни янада чуқурлаштиришдан кимга наф?

Фарзандингизнинг қалбини нотўғри баҳоламанг. У қорбобога ўзининг тилакларини аллақачон «етказган» бўлиши мумкин. Бу рўйхатда қандай совғалар борлигини билмайсиз ҳатто. Агар бола тасаввурида қорбобо сеҳргар бўлса, албатта, ота-оналари каби «даллолларсиз» ҳам унинг рўйхатини олган ва тилагини амалга оширишга ошиққан. Эсланг-чи, болалигингизда қорбободан ўзингиз хоҳлаган велосипед ўрнига китоб олган кунларингиз бўлганми? Агар болангиз ҳам кўнглингиздан ўтказган нохуш ҳолатларни ҳис қилишини истамасангиз, бундай «сеҳргар»ни уйга таклиф қилмаганингиз маъқул.

Янги йил билан табриклаш ва кунни шодон ўтказишни бегоналарнинг елкасига юклашга шошилманг. Унутмангки, қорбобонинг камнамолиги каби сизнинг ҳам ишларингиздан ортишингиз ва уйда бўлишингиз шунчалик кам, буни тан олинг. Шу сабабли безатилган арча атрофида фарзандингиз учун ўзингиз қўшиқ куйлаб берсангиз ёки қизиқарли ўйинлар ташкил қилсангиз, уларнинг қувончига қувонч қўшган бўласиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг