Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Қорин оч қолса ҳам мия оч қолмасин...»

«Қорин оч қолса ҳам мия оч қолмасин...»

Бундан уч-тўрт кун олдин, чет давлатлардан бирида яшовчи бадавлат бир одамнинг бутун бир қишлоқ одамлари учун бир журналнинг йиллик тўловини қилиб берганини, «Одамларимиз маърифий нашрларни ўқиши шарт. Бунга имкони бўлмаганларга имкони борлар ёрдам беришимиз керак, бу бурчимиз. Инсоннинг қорни оч қолса ҳам, мияси оч қолмасин», деганини ўқиб, рости, бу ҳақида ҳаммага айтгим келганди. Кейин истиҳола қилдим: биров тўғри тушунади, ибратланади; кимлардир «ўзи газетачи бўлгани учун ёзяпти ёки шаъма қиляпти» дейиши мумкин... Лекин ич-ичимдан бизда ҳам шундай — том маънодаги бадавлатлар кўпайишини истадим.

Кеча таҳририятга бир зиёли юртдошимиз кириб келдилар.

— «Маърифат саодати»га беш кишининг йиллик тўловини қилиб берсам, зарурати бор, лекин обуна бўлолмаганларга ўзларингиз етказиб берсангизлар, — дедилар. Ҳаваснинг ижобатини қаранг!

Мен у кишига уч-тўрт кун олдин хабардор бўлганим ўша воқеани айтдим.

— Бундан ҳеч хабарим йўқ. Мана шу гапингиз учунам, ана, яна икки кишини қўшамиз обунага, — деб, етти киши учун йиллик тўлов қилдилар у дўстимиз. Кетар олдидан бу хайрли ишни давом эттиришга ҳаракат қилишларини ҳам айтдилар.

...Биз у газеталарни онкология шифохонасига олиб бориб, шифокорлардан касаллик туфайли руҳан тушкунликка тушиб қолган беморларга тарқатиб беришларини сўрадик. Ҳозиргина бир қўнғироқ бўлди:

— Мен онкология шифохонасида даволанаётган беморман. Исмим Фалончи. Кечқурун менга газетангизнинг биринчи сонини ўқиш учун олиб келиб беришди. Биттаям мақолани қолдирмай ўқиб чиқдим. Тонггача кўзимга уйқу келмади... — гўшакдан йиғи овози келди. — Ўзимга катта таскин олдим. Ибрат олдим. Кўнглим кўтарилди... Касаллигим туфайли дунё кўзимга қоронғи эди. Юрагим ёришди... Томирларимга жон киргандай бўлди!.. Раҳмат!..

Эҳтимол, ана шу хаста овоз билан айтилган биргина «раҳмат»нинг салмоғи ҳамма нарсадан оғир келар муқаррар Кунда...  

Дилфуза Комил,
«Маърифат саодати»
газетаси бош муҳаррири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг