Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкент ислом институти қория талабаси 10 соатда 30 пора Қуръонни тўлиқ ёддан ўқиб берди

Тошкент ислом институти қория талабаси 10 соатда 30 пора Қуръонни тўлиқ ёддан ўқиб берди

Тошкент ислом институти

Фото: «Wikipedia.org»

Бугун, 4 май куни Тошкент ислом институти 1-курс талабаси Фотима Абдуллаева ўттиз пора Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда 10 соат мобайнида ёддан ўқиб берди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га институт ўқитувчиси Зафар Маҳмудов хабар берди.

Қайд этилишича, Қуръони каримни ўқиш жараёнини «Таҳфизул Қуръон» кафедраси ўқитувчилари Жаҳонгир қори Неъматов, Исломхон қори Убайдуллаев, Аҳмадхон қори Рашидов, Жаҳонгир қори Рўзиев ҳамда талаба қизлар кузатиб боришган.

Фотима Абдуллаева тонгги соат бешдан Қуръони каримни ўқиб беришни бошлаб, аср намозида якунлаган. Тошкент ислом институтининг ўқитувчиси Исломхон домла Убайдуллаев хатми Қуръон дуосини қилиб берган.

Фотима Абдуллаева Тошкент ислом институтига 2017 йили ўқишга кирган бўлиб, устози Зафар қори Маҳмудовга Қуръони каримни кунига 1 жуздан ёдлаб топшириб келган. У қарийб 8 ой мобайнида Каломуллоҳни тўлиқ ёд олиб, мана бугун бир ўтиришда бутун Қуръони каримни устозлари гувоҳлигида ўқиб топширишга муваффақ бўлди.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилда Тошкент Ислом институти тарихида аёл-қизлар ўртасида илк бор Гулруҳ Кенжабек Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда 16 соат мобайнида тўлиқ ўқиб берган эди. Гулруҳ Кенжабек 2014 йили ўтказилган Республика Қуръон мусобақасининг ҳифз йўналиши ғолибаси ҳисобланади.

Зафар Маҳмудовнинг маълум қилишича, «Таҳфизул Қуръон» кафедраси талабалари Адҳам қори Отахонов ва Фатҳуллоҳ қори Дадаев ҳам муқаддам Қуръони каримни мана шу шаклда ўқиб беришган экан.

«Тошкент ислом институти учун анъанага айланиб бораётган Қуръони каримни тўлиқ ўқиб бериш малакаси бундан кейин ҳам ривожланиши ҳамда юртимиздан мана шундай қори ва қориялар кўплаб чиқишини Аллоҳ таоло Ўзи осон ва муваффақ қилсин!» — дейди «Таҳфизул Қуръон» кафедраси ўқитувчи Зафар Маҳмудов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг