Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Қош қўяман деб, кўз чиқарди». Тошкент шаҳар ҳокимлиги ёмғирдан кейинги манзарага изоҳ берди

«Қош қўяман деб, кўз чиқарди». Тошкент шаҳар ҳокимлиги ёмғирдан кейинги манзарага изоҳ берди

Фото: Facebook / Drivers.uz

Кеча, 13 май куни Тошкент кўчаларида ёққан ёмғир пойтахт марказию, чекка ҳудудларда ҳам каттаю кичик кўлмаклар ҳосил қилиб, транспорт воситаларининг ҳамда аҳолининг ҳаракатланишига қийинчиликлар туғдиргани ҳақида хабар берган эдик.

Нима сабабдан бундай ҳолат юзага келади, уни бартараф этиб бўлмасмикин? Бунинг сабаблари кўп. Масалан, ёмғир-қор сувларини тортиб кетишга мўлжалланган шаҳарнинг дренаж-лоток тизими жорий ҳолати табиат инжиқликлари олдида ожиз қолмоқда. Бунинг учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонларидан узр сўрайди.

Тошкент шаҳар ва туман ҳокимликлари режасига кўра бунёд этилувчи барча объектларнинг коммуникациялари аниқ ўлчамларда олинади, биноларда барча шароитлар етарли бўлишига эришилишдан ташқари ободонлаштириш борасида ҳам зарур тадбирлар қилинади. Ана шунда ёмғир сувларига мўлжалланган қувурлар бўлиши ва сув тўпланиб қолишининг олдини олиш алоҳида инобатга олинади. Бошқа ташкилот ва фуқаролар томонидан амалга оширилган бунёдкорликларда эса айнан шаҳар режасига кўра қурилган юзлаб ёмғир сувига мўлжалланган қувурлар кўмиб юборилгани кузатилган.

«Қош қўяман деб, кўзни чиқарди» деган мақолни айнан шундай ҳолатга нисбатан ишлатсак, ўринли бўлади. Негаки, улар гўёки атрофни обод қилган, лекин шу билан шаҳар инфратузилишига сезиларли зиён етказган», дейилади хабарда.

Фуқаролардан келиб тушаётган кўплаб таклиф ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, шаҳар дренаж-лоток тизими объектларининг ҳақиқий ҳолатини ўрганиш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошида махсус ишчи гуруҳ тузилмоқда. Ишчи гуруҳ таркибига тегишли туман ҳокимлиги, Ободонлаштириш бошқармаси, «Сувсоз» корхонаси ва ташаббускор шахслар экспертлар сифатида жалб қилиниб, юқорида кўрсатилган ҳолатлар келгусида такрорланмаслиги бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилади ва бажарилиши таъминланади. Таклифларни ишлаб чиқишда дунёнинг йирик мегаполис шаҳарларида қўлланилган замонавий технологик ечимлар ўрганилади.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг