Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Депутатларсиз сессия — шунақасиям бўладими?..

Депутатларсиз сессия — шунақасиям бўладими?..

Иллюстратив сурат

Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидан ғалати-ғалати хабарлар келмоқда. Эмишки, халқ депутатлари туман кенгашининг 34-сессияси қоғозда ўтказилган, холос. Амалда маҳаллий кенгашга сайланган жами 29 нафар депутатнинг аксарияти бу тадбирдан бехабар қолган?

Шу йилнинг 13 сентябрь куни халқ депутатлари Қўшработ туман кенгашининг 33-сессияси ўтказилгани бор гап. Унда ҳоким ўринбосари Б.Мусурмонов ахборот берар экан, туманда «Соҳибкор», «Зармитан», «Соригул» маҳалла фуқаролари йиғинларини ташкил этиш масаласини илгари суради. Сессияда ушбу масала муҳокама этилар экан, узил-кесил қарор қабул қилиш кейинги йиғилишга қолдирилади. Бу ҳол кун тартибидаги масала депутатлар томонидан кўпам маъқулланмаганини англатадики, халқ вакиллари анча фаоллашиб қолибдими, деган хаёлга борасан киши. Рост-да, аксарият маҳаллий кенгаш депутатлари бу каби йиғилишларда, кун тартибига қандай масала қўйилмасин, қўл кўтариб, тасдиқлашдан нарига ўтмаслиги кимга сир эди?!

Қисқаси, халқ депутатлари Қўшработ туман кенгашининг 33-сессияси шу тарзда ниҳоясига етди ва бу ҳақда туманнинг «Истиқбол сари» газетасида (2018 йил 15 сентябрь, 19-сон) тегишли ахборот чоп этилди.

«Xabar.uz» манбасига кўра, шундан кейин бошқа сессия ўтказилгани йўқ.

Шу йилнинг 1 ноябрь куни «Истиқбол сари» газетасида «Туман кенгаши сессияси» сарлавҳаси остида навбатдаги ахборот чоп этилади. Унда халқ депутатлари Қўшработ туман кенгашининг 34-сессияси бўлиб ўтгани ва аввалги йиғилиш (яъни 33-сессия) кун тартибига қўйилган масала — учта маҳалла фуқаролари йиғини ташкил ҳақида қарор қабул қилингани айтилади. Бироқ хабарда сирли 34-сессия қачон — қайси санада бўлиб ўтгани очиқланмайди. «Xabar.uz» манбасининг таъкидлашича, газета хабари туман ҳокимлиги ташкилий ишлар ва кадрлар гуруҳи раҳбари О.Ширинов тақдим этган тайёр қарор нусхаси асосида ёзиб чиқарилган, «бўлиб ўтган» сессияда таҳририятдан ҳеч ким иштирок этмаган.

Қоғозда «ўтказилиб», амалда бўлиб ўтмаган 34-сессия ҳақида гап-сўзлар урчиб кетгач, ҳокимлик масъул ходим О.Ширинов айрим депутатлардан гўёки «сессияда қатнашгани» ҳақида тилхат йиғишга тушгани айтилмоқда. Ваҳоланки, сессияда тумандаги тўртта сиёсий партия раҳбарлари қатнашмагани ҳақиқат эканини манбамиз алоҳида қайд этмоқда.

...Халқ депутатлари Қўшработ туман кенгаши раиси (айни вақтда туман ҳокими) Ҳ.К.Оқбўтаевнинг журъатига тасанноми? Ахир депутатларсиз сессия ўтказиб, қарор қабул қилишнинг ўзи бўладими? Халқ сайлаган вакилларнинг қулоғига лағмон илиб, шу орқали бутун туман аҳолисига қандай «ҳурмат» бажо келтирилганини тассаввур қиляпсизми?

Бу нима, «ўзим хон — кўланкам майдон» дейишнинг навбатдаги усулими?

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг