Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қозоғистон фавқулодда ҳолатлар қўмитаси автобус билан боғлиқ яна бир ҳалокатнинг олдини олди

Қозоғистон фавқулодда ҳолатлар қўмитаси автобус билан боғлиқ яна бир ҳалокатнинг олдини олди

Фото: «Газета.уз»

Қозоғистонда кучли совуқ сабабли дизель ёнилғиси музлаб қолган автобусдан 40 нафардан зиёд ўзбекистонлик эвакуация қилинди. Бу ҳақда Фавқулодда ҳолатлар қўмитаси матбуот хизматига таяниб, «Газета.уз» хабар берди.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон фуқаролари — 41 нафар йўловчи, жумладан икки бола, — Қозоғистоннинг Шортанди тумани ҳудудида қолиб кетган носоз автобусдан эвакуация қилинган.

Авария-қутқариш ишлари 22 январь куни кечаси «Остона-Петропавловск» автомобиль йўлининг 54-километрида ўтказилди. Йўловчи автобуси «Петропавловск-Сариағаш» йўналиши бўйича ҳаракатланаётган бўлган. Казинформ агентлиги маълумотларига кўра, кучли совуқ туфайли дизель ёнилғиси музлаб қолган.

Йўловчилар ва икки нафар Қозоғистон фуқароси бўлган ҳайдовчи исиниш пункти — Бозайғир қишлоғидаги 5-агротехника коллежи ётоқхонасига олиб келинган.

ФВҚ сайтида айтилишича, кучли совуқ туфайли Қозоғистон автомобиль йўллари бўйлаб сафар қилиш хавфли. Қозоғистоннинг Ақмола вилояти ҳудудида бўрон хавфи эълон қилинган. Совуқнинг кечаси −35…−40 даражагача тушиши кутилмоқда, 24−26 январь кунлари ҳаво жуда совиб, -45 даражагача тушиши, кундузи −27…−32 даража бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қозоғистоннинг шимолий, марказий ва шарқий вилоятлари орқали сафарга чиқишни режалаштирган аҳолидан мазкур ҳудудларда кучли совуқ бўлиши кутилаётгани муносабати билан йўловчи автобуслари ва шахсий автотранспортда йўлга отланишдан тийилишни тавсия қилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг