Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қозоғистонда нима бўлди? Буюртмами ёки шунчаки тасодиф?

Қозоғистонда нима бўлди? Буюртмами ёки шунчаки тасодиф?

Фото: Спутник

18.01.2018. Бу сана кўпчиликнинг ёдида мудҳиш кун бўлиб қолади. Айниқса 52 нафар марҳум ватандошимизнинг оилалари учун. Биз ҳам шу кунларда 52 бора куйдик, 52 бора ёндик. Бу биринчиси бўлса ҳам майли эди. Ўтган йилнинг ёзида ҳам Қозоғистон чўлида автоҳалокат туфайли 16 нафар юртдошимиз вафот этган эди. Орадан бир неча ой ўтиб, кузда Россиянинг Владимир вилоятида автобусни поезд уриб кетиши натижасида яна қарийб шунча киши вафот этди. Бу галгиси эса янада даҳшатли. Бир автобус одам тириклайин ёниб кетди. Бу эса кўпчиликда шубҳа уйғотмоқда. Автобусда ёнғин чиқади-ю, ҳеч ким ундан қочишга уринмайди. Ҳеч бўлмаса ойналарни тепиб синдириб чиқишлари мумкин эди-ку? Автобус кўп қаватли уймидики, деразадан ўзини ташлагани қўрқса одам?  

Бошидан фожиага оловдан нотўғри фойдаланиш сабаб бўлгани айтилди. Ундан ташқари автобуснинг юк бўлимида ёнғин чиққан бўлиши мумкинлиги ҳам истисно қилинмади. Қисқа туташув бўлгани ҳам тахмин қилинди. Тиббий экспертиза натижасида одамлар тутундан бўғилиб эмас, айнан куйиш туфайли вафот этгани маълум бўлди. Бу ҳам шубҳага асос бўла олади.

Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси олдида ҳам бир нечта ватандошимиз ҳамдардлик билдириш мақсадида йиғилиш ўтказган. Ушбу йиғин пайтида Россиядаги ўзбеклар жамияти раҳбари Усмон Баратов ўз одамлари берган хабарга асосланиб ҳалокатнинг жиноий томони ҳақида фикр билдирди. Унинг гапларига кўра, автобус жиноятчи тўдалар томонидан тўхтатилиб, пул талаб қилинган, автобусдагилар, табиийки, буни рад этишган. Натижада қозоқ миллатига мансуб ҳайдовчиларни чиқариб юбориб, эшикларни ёпиб, автобусни ёқиб юборган бўлишлари ҳам мумкин.

Қозоғистондаги бундай «мафиялар» ҳақида камина ҳам отамдан жуда кўп бора эшитганман. Отамнинг айтишича, Сариоғочдан бошланадиган бундай «қароқчилик» бутун Қозоғистон бўйлаб давом этади. Воқеа содир бўлган Оқтўба вилояти шифохонасидаги экспертиза жараёни ниқобли посбонлар томонидан қўриқлангани ҳам воқеанинг яширин сабаблари борлигидан дарак бўлиши мумкин.

Бугун Қозоғистон ички ишлар вазирлиги воқеа сабаби юзасидан расмий маълумот берди. «Ёнғин сабаби бўйича асосий хулоса — оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш. Фожиа жойида оловли кавшарлагич (паялная лампа) топилган. У бензинда ишлайди. Сўров ва текширув натижасида автобус ичида 5 литрли бензин солинган идиш бўлганлиги аниқланди, — деди деди Қозоғистон ички ишлар вазири ўринбосари Ерлан Тургумбаев «Спутник» нашрига берган интервюсида. — Ушбу хулоса тирик қолган йўловчилардан олинган маълумотларга асосланган. Автобус двигатели ўчиб қолгани туфайли машина ичи совиб кетган. Йўловчилар исиниш учун оловли кавшарлагичдан фойдаланишган. Кавшарлагич 2 соатдан ортиқ вақт давомида ишлаган. Табиийки, бундай ҳолда бутун салон газ-бензинли қоришма ҳиди билан тўлган. Тасодифан тўкиб юборилган бензиндан ёнғин чиққан ва у бир зумда, беш дақиқа ичида автобусдаги барча фуқароларнинг ҳаётига зомин бўлган». Шу билан бирга, Тургумбаев фожиага ЙТҲ ёки жиноят сабаб бўлиши мумкинлигини мутлақ истисно қилди. «Фожиа жойи кўздан кечирилганда у ердан бирорта ҳам совуқ ёки ўқотар қурол топилгани йўқ. Ҳеч қандай портловчи моддалар ёки уларнинг қолдиқлари ҳам йўқ. Бундай уйдирмалар мутлақ истисно қилинади», — деди Тургумбаэв.

Кейинроқ эса автобус ҳайдовчиларидан бири Мақсат Пернебековнинг оила аъзоларининг Қозоғистоннинг 31-каналига берган интервюси эълон қилинди. Тирик қолганлардан бири Мақсат Пернебеков фожиадан бир неча соат олдин қаерда экани, ташқарида ҳаво ҳарорати қандайлиги ва манзилгача қанча масофа қолгани ҳақида видеоролик жўнатгани маълум бўлди. «Мен Ўзбекистон халқидан, ҳалок бўлган йигитларнинг оналаридан эгилиб кечирим сўрайман», – дейди Мақсат Пернебековнинг онаси кўзида ёш билан. Пернебековнинг яқинлари фожиадан телевизор орқали хабар топишгач, зудлик билан Мақсатга қўнғироқ қилишди, у эса қўли ва боши куйганини айтди. «У ухлаб ётган, автобусни шериги ҳайдаб кетаётган экан. Ҳодиса қандай бўлганини билмаслигини, автобусдан тушгандан кейин портлаш бўлганини айтаяпти», – дейди Мақсатнинг опаси. Мақсат Пернебеков «Сетра» автобусини 4 йилдан бери ҳайдаётган эди. Қозонга кўп бора борган, йўлларни яхши билган. Ёлланиб ишлаган, автобуснинг эгаси ҳар бир рейс учун унга 60 минг тенге тўлаган. Шунингдек, унинг яқинлари автобуснинг таъмири учун кўп вақт сарфланганини билдирди. «Мақсат автобусни тез-тез тузатиб турарди. Автобуснинг эгаси унга пул берарди, ўзи эса келиб, таъмир қандай кетаётганини кузатарди. Техник кўрик, суғурта ишларини автобуснинг эгаси бажарган», – дейди Мақсатнинг рафиқаси Ақнур Масанова.

Маълумотларга қараганда, ёниб кетган автобус техник кўрикдан ўтмаганига 2,5 йил бўлган. Автобуснинг эгасида одам ташиш учун лицензия бўлмаган. Аввалроқ, воқеа содир бўлган куни тарқалган маълумотларда автобус илк бора бундай узоқ масофага йўлга чиққани ҳақида гап боради. Расмий хулосада автобус тўхтаб қолган дейилган, ҳайдовчининг яқинларига кўра ва бошқа тахминларга қараганда автобус юриб кетаётган бўлган. Бундай бир-бирига зид маълумотлар кўнгилдаги шубҳани кучайтиради.

Бу ерда кимлардир яқиндагина алоқалари яхшиланган қўшнилар орасида ана шундай ҳодисалар ёрдамида низо келтириб чиқаришга уринган бўлиши мумкинлигини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик лозим. Бу буюртма қилинган ишми ёки шунчаки тасодифми, ёлғиз Яратганга аён.

Биз эса бўлиб ўтган воқеадан хулоса чиқаришимиз лозим ва лобуд.

Жаҳонгир Остонов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг