Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қурилаётган янги халқаро аэропорт қачон фойдаланишга топширилади?

Қурилаётган янги халқаро аэропорт қачон фойдаланишга топширилади?

Фото: «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 мартдаги 250-қарори билан «Тошкент-Шарқий» аэродроми базасида фуқаролик (хизмат) авиациясининг замонавий аэропорт мажмуасини қуриш» лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тасдиқланиб, «Тошкент-Шарқий» аэродроми базасида фуқаролик (хизмат) авиациясининг замонавий аэропорт мажмуасини қуриш ишлари бошлангани ҳақида хабар берган эдик.

Мазкур иншоотни қуриш «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти зиммасига юклатилди. Тошкент халқаро аэропортини қуриш босқичма-босқич амалга оширилади. Комплекснинг бош режаси «Боштранслойиҳа» акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, бу йўналишдаги қатор институтлари мутахассислари ўз ишланмалари билан иштирок этишмоқда.

Лойиҳага кўра, 2 та терминал бунёд этилади. Дастлабки терминал давлат раҳбарлари ва расмий делегацияларни кутиб олиш учун мўлжалланган. Бир вақтнинг ўзида 250 нафар йўловчини сиғдира оладиган навбатдаги терминал ишбилармон ва тадбиркорларга хизмат кўрсатади. Шунингдек, кунига 50 тонна юк тушириш имкониятига эга замонавий карго бўлимини ҳам қуриш кўзда тутилган. Бу бунёдкорлик ишларига «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» унитар корхонаси жалб этилган.

Ҳар қандай аэропортнинг энг аҳамиятли ҳудуди учиш-қўниш йўлакларидир. Шу боис аэропортнинг бу қисми қурилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йўловчиларнинг ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, самолёт ҳамда вертолётларнинг эркин парвоз этишида муҳим бўлган бу объектнинг бунёд этилишида жаҳон тажрибасидан кенг фойдаланилмоқда. Ушбу жараёнга Навоий эркин индустриал-иқтисодий зонасида жойлашган ҳалқаро аэропортни бунёд этишда иштирок этган ишчи-муҳандислар жалб этилган.

Узунлиги 4 километр, кенглиги 75 метр бўлган замонавий учиш-қўниш йўлаклари бунёд этилади. Мазкур бунёдкорлик ишларига «Трансйўлқурилишмахсуспудрат» МЧЖ жамоаси ҳам қатнашмоқда. Шу кунга қадар бу ерда 139 800 куб метр тупроқ ишлари бажарилди. Қурилиш-монтаж ишларида 100 дан ортиқ махсус техникалар ва яна шунча ортиқ ишчи-ходимлар иштирок этмоқда.

Комплекс доирасида бир вақтнинг ўзида 20 та самолётни кутиб олиш ва жўнатишга мўъжалланган перрон ҳам қурилади. Шунингдек, бир қанча қўриқлаш, алоқа ва хавфсизлик пунктлари ҳам бунёд этилиши кўзда тутилган. Лойиҳа доирасида самолётларга техник хизмат кўрсатиш маркази, «Боинг-787»,«А-320» самолётлари ҳамда 2 та МИ-8 вертолётларини сақлаш учун замонавий ангар, Ёнғин хавфсизлиги депоси тикланади. Шу билан бирга, диспетчерлик маркази ва 100 нафар йўловчига мўлжалланган овқатланиш биноси ҳам барпо этилади. Эътиборга молик яна бир жиҳат мутахассислар қурилиш жараёнида юк ташувчи «Боинг-787-8» самолётлари учун тўхташ маскани устида ҳам иш олиб бормоқда. Ёқилғи қуйиш шахобчаси, маъмурият биноси, юқори қувватга эга ним станция ва ёритиш тизими ҳам бир вақтнинг ўзида қад ростлайди.

«Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» унитар корхонаси қурувчилари вертолётлар учун сақлаш ангарнинг пойдеворида 60 фоиз қазиш ишларини якунлади. 2-терминал биносида 1000 куб метр тупроқ ишлари бажарилди. Махсус механизациялаштирилган йўл станцияси ва «Тошкент механика заводи» акциядорлик жамияти томонидан халқаро аэропорти ҳудудини темир-бетон деворлар билан ўраб олиш ишлари олиб бормоқда.

Қайд этиш керак, лойиҳанинг биринчи босқичи 2020 йилга якунланиши белгилаб қўйилган. Шу муддатда самолётларни қабул қилиш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш ишларини бошлаб юбориш мўлжалланмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг