Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қурилиш вазирлиги «Land Cruiser 200» сотиб олишига Молия вазирлиги эътироз билдирди

Қурилиш вазирлиги «Land Cruiser 200» сотиб олишига Молия вазирлиги эътироз билдирди

Қурилиш вазирлиги томонидан «Land Cruiser 200» автомобили «истисно тариқасида танловларсиз, тўғридан-тўғри шартнома асосида» сотиб олинишига Молия вазирлиги эътироз билдирди.

«Давлат харидларида очиқлик ва шаффофликни, рақобат ва холисликни, асосланганликни, молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлигини таъминлаш давр талаби.

Молия вазирлигига 2020 йил 7 май куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши лойиҳаси келишиш учун келиб тушди.

Мазкур фармойиш лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида «Land Cruiser 200» русумли автомашинаси харидини истисно тариқасида танловларсиз, тўғридан-тўғри шартнома асосида амалга ошириш вазифаси юклатилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунининг мақсади давлат харидлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонуннинг 4-12-моддаларида давлат харидларининг асосий принциплари белгиланган бўлиб, мазкур принциплар давлат харидлари жараёнининг барча босқичларида қўлланилиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги ПФ-5780-сонли Фармоннинг 27-бандида вазирлик ва идоралар, шунингдек, хўжалик бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг давлат харидларини амалга оширишда истисно тарзида тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ҳуқуқини беришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш тақиқланган.

Фармойиш лойиҳасида тўғридан-тўғри шартнома асосида давлат харидини амалга ошириш бўйича киритилган норма давлат харидлари тўғрисидаги қонунҳужжатлари талабларига зид бўлганлиги сабабли, шунингдек давлат харидларини очиқлик ва шаффофлик, рақобат ва холислик, молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги каби принципларга таянган ҳолда амалга оширилишини таъминлаш мақсадида ушбу нормани чиқариб ташлаш бўйича Молия вазирлигининг таклифи билдирилди», — дейилади вазирлик хабарида.

Хабар қилинишича, Тошкентда «Land Cruiser 200» автомобилининг нархлари 1 029 000 000 сўмдан бошланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг