Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Қурилмаларнинг 67 фоизи эскирган». «Ўзбекэнерго» танқидий мақолага жавоб қайтарди

«Қурилмаларнинг 67 фоизи эскирган». «Ўзбекэнерго» танқидий мақолага жавоб қайтарди

Кеча, 11 ноябрь куни «Хabar.uz» порталида «Ўзбекэнерго» раиси ёлғончими ёки чироқсиз қолаётган аҳолими?» сарлавҳали мақола эълон қилинганди. «Ўзбекэнерго» АЖ мазкур мақолада кўтарилган масалалар ҳамда электр энергиясида вужудга келаётган узилишлар сабабини изоҳлади:

Мақола муаллифи ургутлик Ғайрат Йўлдош ҳудудда бўлаётган электр энергиясидаги узилишлар ҳақида гапириб, юзага келаётган муаммоларни айтиб ўтган эди. Охирги кунларда республикамизнинг айрим ҳудудлари бўйлаб электр энергиясида узилишлар содир бўлиб турибди. Буни турли ижтимоий тармоқлар ҳамда ахборот сайтлари орқали ўқиб турибмиз. Эътибор берадиган бўлсак, бундай узилишлар ва авариявий ўчишлар ҳар йили куз-қиш мавсумига ўтиш даврида такрорланиб туради. Албатта, бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Сир эмаски, мамлакатимизда ишга туширилган энергетик қурилмалар ўтган асрнинг 30-йилларида ишга туширилган бўлиб, уларнинг деярли 67 фоизи эскирган ва ишлаб чиқариш қувватлари камайган.

Ўзбекистон электр энергетика тизими корхоналари олдида электр энергиясини таъминлашда аҳоли томонидан энерготежамкор бўлмаган ва қўлбола усулда ясалган иситиш жиҳозлари ҳамда бошқа ностандарт электр ёрдамида ишлайдиган жиҳозлардан фойдаланиш авариявий узилишларни келтириб чиқармоқда. Аммо «Ўзбекэнерго» АЖ томонидан аҳолига етказиб бериладиган электр энергияси фақатгина хонадонларни ёритиш ҳамда маиший техникаларни ишлатиш учунгина етказиб берилишини ёдда тутмоғимиз лозим.

Шунингдек, «Ўзбекэнерго» АЖ қайсидир ҳудудда ёки хонадонда атайлаб электр энергиясининг узилишидан манфаатдор эмас. Сабаби, ишлаб чиқарилган электр энергияси бир вақтнинг ўзида товар ҳисобланади. Унинг сотилишидан келиб тушган маблағ эса бозор қонунларига кўра, ишлаб чиқарувчининг фойдаси ҳисобланади.

Бугунги кунда муҳтарам Президентимиз томонидан электр энергетика соҳасини босқичма-босқич ривожлантириш, электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва сотиш тизимида жаҳон тажрибаларига мос иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда электр энергиясини ҳосил қилишга доир лойиҳаларни қисқа муддатларда амалиётга жадал жорий этиш борасида кенг ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

«Ўзбекэнерго» АЖ томонидан «Обод қишлоқ» ҳамда «Обод маҳалла» давлат дастурлари асосида ўз маблағлари ва жалб этилган хорижий инвестициялар орқали бутун республика бўйлаб реконструкция ва модернизация ишларини амалга оширмоқда.

Ушбу ишларни янада жадаллаштириш ва истеъмолчиларга узлуксиз электр энергияси етказиб бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 23 октябрдаги «Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори «Ўзбекэнерго»АЖ зиммасига бир қатор устувор вазифалар юклади.

Қарорга кўра жамият томонидан мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва янгиларини ишга тушириш бўйича лойиҳа қиймати 2,6 миллиард АҚШ доллари бўлган умумий қуввати 1 984 МВт бўлган 7та инвестициявий лойиҳани амалга ошириш ҳамда жалб қилинадиган кредитлар ва «Ўзбекэнерго» АЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан йилига умумий узунлиги 7,1 минг километр бўлган янги электр тармоқларини қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш, 2 500 та трансформатор пунктини ўрнатиш ва модернизация қилиш белгилаб қўйилди.

Шунингдек, мазкур қарор билан 2018-2020 йилларда ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, электр тармоқларини модернизация қилиш, электр энергияси ҳисоби ва истеъмолини назорат қилишни такомиллаштириш бўйича «Йўл харитаси» ҳам тасдиқланди. Мазкур ҳужжатга асосан яқин йилларда республикамизнинг барча ҳудудларида соҳада мавжуд барча камчиликлар бартараф этилади.

Албатта, бундай ишларни амалга ошириш маблағ, вақт ва катта иш кучини талаб этишини ҳисобга олсак, ҳозирги кунда ҳудудларимизда вужудга келаётган узилишлар ҳам вақтинча эканлигини ҳисобга олмоғимиз лозим. Амалга оширилаётган бундай ислоҳотлар натижасида бугунги кундаги узилишлар ва авариявий ўчишлар тарихга айланиши, шубҳасиз, — дейилади «Ўзбекэнерго» АЖ изоҳида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг