Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Разведкачилар келишди!..»

«Разведкачилар келишди!..»

Фото: «Xabar.uz»

 – Разведкачилар келишди!..

Бу хабарни эшитиб болалар ўша томонга илдамлади. Содиқжон разведкачиларни кўришни кўпдан орзуларди. Қараса улар орасида ўқитувчиси ҳам бор экан. Севиниб кетди. «Устоз! Ассалому алайкум, устоз!» дея олдига югуриб борди.

– Э, баракалла, Мамаюсупов! Уйдагилар яхши юришибдими?

– Дадам билан қайнотамни, барча биз каби «қулоқ  қилинганлар»ни Қозоғистонга олиб кетишди.

–  Қайнотам? Ийе, ҳозирданоқ уйландингми? Ҳали ўзинг боласан-ку!

– Мелеченка қишлоғимиз қамалда қолгач, ота-онам мени уйлаб қўйишди, Муҳаррамойни эҳтиётлаш учун.

 – Э, шундоқми? Тўғри қилишибди. «Қулоқ» тамғаси босилганларга икки томонлама жабр бўляпти-да. Сен бўш келма. Маҳкам бўл.

Шундан кейин домла Тешабоев фашистларнинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган хунрезликларидан гапириб берди. Юзлаб болачаларни ҳам оналаридан юлқиб олиб, Германияга жўнатишмоқда. Аёлларни таҳқирлаб, отиб ташлашмоқда. Айримларини концлагерга юборишяпти.

–  Болаларни-чи?

– Соғломларидан генетик тадқиқот ишларида фойдаланишаркан, нимжонларини йўқ қилиб юборишар экан.

– Ё тавба! Нақадар ваҳшийлик! – Тили калимага келмай қолган Содиқжоннинг нафрати тўлиб-тошиб қўли мушт бўлиб тугилди. – Муаллим, мени ҳам олиб кетинг разведкага, – деди ўртаниб. – Катта бўлиб қолганман урушга ярайман.

– Оилали бўлсанг, қаёққа ҳам борасан. Ҳарбий тайёргарликдан ўтиш, қурол-яроғ билан тиллашиш, нишонга отиш сирларини ўрганиш керак.

Шу пайт кимдир аста чақирди: Ўртоқ Тешабоев!

–  Ҳа, нима гап!

– Вақт бўлди.

– Хайр, – деди домласи маҳзун тортиб. – Худо сизларни ўз паноҳида асрасин, насиб этса, кўришиб қолармиз.

Лекин тақдир уларни бошқа учраттирмади. Бу меҳридарё олижаноб инсон Украинанинг Николаев вилояти, Скадовская туманида яшаётган ўзбек болалари учун очилган махсус интернатда дарс берар, у ҳар бир болани «Жигарбандим» деб эркалаб мурожаат қилар, шу боис болалар уни жуда яхши кўришарди…

Фурсат етиб 18 ёшга тўлгач, Содиқжон армияга чақирилди. Чолбас шаҳрида йигирма кунлик жанговар тайёргарликни ўтади. Жанг қилиш асрорларини тез ва пухта ўрганиб олди. 1-Украинанинг отлиқ аскар полкига юборилди. Уларни дастлаб Қрим ҳимоясига ташлашди. Жангу жадалларда асло ўзини йўқотиб қўймади. Керч йўналишида Болшая Лопата қишлоғи яқинидаги ҳужумда ўнг елкасидан яраланди. Астрахандаги госпиталда даволангач, Сталинград шаҳрига юборилди. У ерда 27 кун жанг қилдилар. Кейин Ворошиловда бўлишди. Калинин шаҳрида ўн кун отлиқ армия сафига тайёргарлик бўлди. Сўнг отлик аскарлар билан пиёдалар Полшани озод қилиш жангларида иштирок этдилар. Ўшанда 49-отлиқ полкда оддий аскар эди. Уруш даҳшатлари қанчалар аянчли бўлмасин, жанг қилганга етмайди. Ватан учун, ота-онам учун, оилам учун, дея жонингни тикар экансан, ҳеч нарсадан қўрқмайсан. Фақат кўзингга озодлик аталмиш бахту саодат кўринади.

Польшани озод қилиш жангларида ўнг сони мажақланди. Санитария батальонида аҳволи оғирлашгандан оғирлашиб борарди. Уни Боку шаҳридаги 3652-эвакуация госпиталига олиб кетишди.

– Тақимингиздан пастини кесиб ташлаймиз, акс ҳолда...

Жарроҳларнинг тилидан учган ҳукм жонини нақ бўғзига келтирди:

– Акс ҳолда ўламан... Шундайми? – деди у азобини базўр ичга ютиб. – Ўлим билан қўрқитолмайсиз. Жангларда неча бор ўлиб, неча бор тириляпман. Санаб адоғига етолмайсиз. Хўпми?! Оёқсиз ўлгандан оёқли ўлган аъло!

Бу ҳазилми, кесатиқми – жарроҳлар бир-бирига таажжубланганча қараб қолишди.

– Гапнинг қисқаси, жаноби дўхтирларим, мен оёғимни бегона юртларга ташлаб кетмайман.

Бу хитоби жарроҳларни баттар ҳайрон қолдирди.

– Бу аскар ё жуда-жуда доно ёки бориб турган телба, – деди бири жиғибийрони чиқиб. – Худдики биз унга ёмонликни соғинаётган душманмиз. Тавба! Юр, биродар, ишимиз бошимиздан ошиб ётибди. Қанча ярадорлар кутиб туришибди.

– Боринглар, боринглар, тошларингни теринглар, – деди у ўзбекчалаб. – Агар чиндан ҳам доно бўлсам ота-боболарим униб ўсган, дунёда тенгсиз Доно қишлоғимга икки оёқда кириб борарман, ёки... дедию юраги ортига тортиб кетди, зор-интизор йўлларига илҳақ турган онажониси кўз олдига келди, бир сония сукунатда қотди-да деди: – Бу ёғига худо – пошшо!  Умримдан бўлса яшарман. Аллоҳнинг айтгани бўлади.

Бу қайсар ярадорни барибир ташлаб қўйишмади. Уч ой барча даво чораларини кўришди. Қолган-қутган осколкаларни териб олиб, суякларни улашди, ўстиришди. Икки қўлтиқтаёқда юрадиган бўлгач, 1944 йилнинг октябрь ойларида онажониси ва рафиқасининг ҳузурига – Мелеченка қишлоғига йўл олди.

1945 йилнинг январь ойида (ота-онаси қулоқ қилинганда у беш-олти ёшларда бўлган) «Қайдасан, Ўзбекистоним! Қайдасан, Доно!» дея йўлга чиқишди. Йўл-йўлакай отасининг «Ҳаммасига чидайман. Бироқ, Ватан соғинчига чидолмайман. Сен Ватанга қайтишинг, чироғимизни ёқиб ўтиришинг керак» – деганлари қулоғи остидан кетмади. Қарангки, ота васиятини адо этиш учун қанча ўлимларни доғларда қолдирибди-я!

Қўлтиқтаёқда бўлса ҳам отаси учун армон бўлган заминга етказди. Очарчилик, оғирчилик, «Қулоқ» деб ёвқарашлар мусибатларига хўб чидашди. Бироқ, бу дунёда яхшилар кўп. Уларнинг хайрихоҳликлари, эътиборлари шарофати билан, меҳнатсеварлиги, ҳалоллиги сабаб ўрин топди, обрў қозонди. Аввал монтёрлар тайёрлаш курсида ўқиди. 1946 йил сентябр ойидан Учкўприк алоқа тармоғида иш бошлади. Бошлиқ Гольдман деган ажойиб инсон эди.

Касб ўргатишдан чарчамас, йўл-йўриқ берадиган, ширин сўзи билан рағбатлантирадиган меҳрибон раҳбар эди. 120 рақамли қўлда бошқариладиган коммутатор, Морзе телеграф аппаратлари ўрнатилгани тарихий воқеалар – хайрли ишлар бошида бўлганлиги билан Содиқжон ота узоқ йиллар фахрланиб юргани рост. 240 рақамли ЦБ коммутатори, СТ-35 телеграф аппарати ўрнатилган, янги алоқа биноси қурилган кунлар қувончини кекса алоқачи, жангчи зўр ҳис-ҳаяжон билан эслайди. ЛТС бошлиғи лавозимида ишлаган йилларини ҳам зўр мамнуният билан хотирлайди. Бўлмасам-чи, телекоммуникация соҳаси ривожига қирқ йиллик ёшлик қудратини бахшида этгани билан Содиқ бобо Мамаюсупов ҳар қанча ғурурланса арзийди.

Фото: «Xabar.uz»

... Айни кунларда Президентимизнинг меҳрибончиликларидан бобонинг боши осмонларга етди. Хонадони ҳам ҳар қачонгидан ҳам гавжум. Ҳокимлардан тортиб барча ташкилотларнинг раҳбарлари ташифи қалбини ифтихор туйғуларига тўлдирди. Барча мактаблардан ўқувчилар келганини айтмайсизми! Айниқса, «Ўзбектелеком» АК Фарғона филиалидан Владимир Ежков бошчилигида касаба уюшмаси раиси Машрабжон Раҳимов, бири-биридан навқирон, зукко ҳамкасблари кириб келишганда бобонинг мижжалари ёшланди. Улар сиймосида бобо ўзининг олов ёшлигини кўрган бўлса не ажаб!

                   Ҳафиза Саляҳова, «Хаbаr»нинг Фарғона вилоятидаги мухбири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг