Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Талабани пичоқлаб ўлдирган руҳий хаста аёл жазодан қутулиб қоладими?

Талабани пичоқлаб ўлдирган руҳий хаста аёл жазодан қутулиб қоладими?

Фото: «Tengrinews.kz»

4 февраль куни соат 03:00 ларда Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида яшовчи, руҳий касал О.Б. (аёл киши) ўзаро жанжал оқибатида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти талабаси М.М.нинг кўкрак қисмига пичоқ билан уриб, жароҳат етказган, жабрланувчи воқеа жойида вафот этгани, қотил эса қўлга олингани ҳақида хабар берган эдик.

Тошкент шаҳар прокуратураси масъул ходими Бобур Деҳқоновнинг мазкур жиноят ишига оид янги тафсилотларни маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, можаронинг икки иштирокчиси атиги бир неча соат аввал танишишган.

«Ҳодиса шундай бошланганки, О.Б. қотиллик содир этилишидан бир кун аввал таксида бир ёш йигит билан танишган бўлиб, у М.М.нинг таниши бўлган. Эртаси куни улар эндиликда уч киши кафеда учрашишган. Шундан сўнг қиз уларни ўз хонадонига, кечки овқатга таклиф этган. Ўша вақтда квартирада тўрт киши бўлишган — икки йигит, қиз ва унинг онаси», — қайд этди Деҳқонов.

Шундан сўнг, қизнинг онаси ухлашга кетган, компания эса спиртли ичимликларни ичиб, суҳбатни давом эттирган.

Тошкент шаҳар прокуратураси вакилининг билдиришича, О.Б. илгари махсус муассасада бир неча бор даволанган. Уни даволаган шифокорнинг бизга маълумотига кўра, спиртли ичимликлар истеъмол қилганидан сўнг аёлнинг тез жаҳли чиқар ва тажовузкорлиги ортаркан.

«Бу ерда ҳам худди шундай бўлган. Жанжал авж олган, М.М. квартирадан қочиб чиқа бошлаган, қиз унга зинапоя майдончасида етиб олиб, кўксига пичоқ санчган», — дея таъкидлади Б.Деҳқонов.
 
Прокуратура ходими сўзларига кўра, энди О.Б. мажбурий даволаш курсларидан ўтиши керак бўлади. Унинг айтишича, даволаш курслар қанча муддат давом этиши, қизга қамоқ жазоси тайинланиш-тайинмаслигини суд ҳал этади.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг