Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Саксон ёшли отахонни нега cарсон қилишди?

Саксон ёшли отахонни нега cарсон қилишди?

Фото: «Xabar.uz»

Республика олтинчи ишчи гуруҳи Наманган вилояти Норин туманида аҳолининг энг кўп ва ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган муаммо газ баллонлар билан таъминлаш масаласи эканига гувоҳ бўлди.

Аввало газ баллонларини жадвал асосида, ўз вақтида тўлдириб бериш тизими яратилмаган. Уйма-уй кириб газ баллони йўқларнинг тугал рўйхати шакллантирилмаган. Сансалорлик ва пала-партишлик шу қадарки, аҳоли бундан жуда норози.

Масалан, Кўкмозор маҳалласида 80 та хонадонда суюлтирилган газ баллонига эҳтиёж мавжудлиги, 34 та хонадон эса «Тумангаз» корхонаси билан уларни тўлдириш бўйича шартнома тузиши зарурлиги аниқланди. Шунингдек, маҳалла аҳолисига жадвал асосида газ баллонларини тўлдириб бериш тизими йўлга қўйилмагани ойдинлашди.

Шоҳидон маҳалласида эса 150 та хонадонда суюлтирилган газ баллонига эҳтиёжи бор. 30 та хонадон «Тумангаз» корхонаси билан суюлтирилган газ баллонларини тўлдириш бўйича шартнома тузмаган.

Газ идорасидаги ўзибўларчилик, одамлар эҳтиёжига бепарволик, йиғилиб қолган муаммоларга панжа орасидан қараш кайфияти, уларнинг ечимида сусткашликка йўл қўйилаётгани оқибатида фуқаролар азият чекмоқда. Қиш яқинлашгани сари уларнинг кўнглига ғулғула тушаяпти.

Мисол учун, Шоҳидон маҳалласи Пахтазор кўчаси 69-уйда яшовчи Маматкомил Қўчқоровнинг айтишича, қувурдан келувчи газ бундан икки йил аввал номаълум сабабга кўра тўхтатиб қўйилган.

– 1965 йили «Қишлоқ хўжалиги техникаси» ташкилотида ишлаб юрган кезларимда битта кичик газ баллони беришган эди. Шунга ҳам 53 йил бўлибди, — дейди салкам 80 ёшни қаршилаётган отахон норозилик билан. – У 20 кунга ҳам етмаяпти. Тўлдириш ҳам азоб. Эскириб кетганидан бирор кор ҳол бўлмасин деб чала қилиб тўлдирамиз. Амакиваччамдан катта газ баллонини омонатга олиб келиб, ишлатиб турибман. Ўғлим Россияга кетган. Кампирим ҳам оламдан ўтган. Келиним ва набираларим менга қараб туришади. Ҳозир уйда усталар ишлаяпти. Уларга уч маҳал иссиқ овқат қилиб бермасангиз бўлмайди. Газ баллонини сўраб биринчи марта Норин туман газ идорасига 20 февралда борган эдим. Қабул бўлимидагилар «ҳозир эски йилдаги рўйхатни ёпаяпмиз, март ойида келинг» дейишди. Март ойи охирларида яна бордим. Бошлиғига кира олмадим. «Эски йилни ҳали тугатмадик, бир ойдан кейин келинг» дейишди. Апрелда пенсиямни олиб, яна йўлга тушдим. Котиба қиз «газ баллон масаласи жуда қийин бўлаяпти, тушунинг ахир, Қўқондаги завод ишлаб чиқаришини тўхтатган. Бундай келиб-кетаверманг, телефон қилиб кейин келинг» деди. Бу гапга ишониб, май ойининг охирида хабар олишга яна бордим. Бухгалтериядаги йигитлар «янги баллонларни тарқатиш энди бошланаяпти, кўп шошманг, навбатингиз келади, отахон. Ҳозир ариза қабул қилмаяпмиз, бирор ўн кун туриб, кейин келинг» дейишди. Июнда яна ҳафсала қилиб ўтдим. Барибир фойдаси бўлмади. Аризамни олишмади. Валломат бошлиқнинг қабулига бирор марта ҳам кира олмадим. Кекса одамни шунча овора қилиш яхшими? Мен каби қанча одам сарсон-саргардон. Туман маркази 10 чақирим олисда бўлса, бориб-келиш ёши улуғ кишиларни чарчатиб қўяди-ку.

Ишчи гуруҳи келгач, туман газ идораси раҳбари Азиз Ташбаев (энг қизиғи, бошлиқ шу маҳаллада истиқомат қилар экан, албатта унинг хонадонига кирилганида, маҳалланинг аксарият фуқароларидан фарқли равишда, муаммо йўқлиги, айниқса газ баллонига эҳтиёжи мавжуд эмаслиги билдирилди) шахсан ўзи катта газ баллонини отахоннинг уйига келтириб берди.

Ишчи гуруҳи аралашуви билан 5 кунда тумандаги 5 маҳаллага 330 та суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилди. 

Лазиз Раҳматов,
журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг