Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Самарқандда ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган шифокорларга нисбатан қатъий чоралар кўрилди

Самарқандда ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган шифокорларга нисбатан қатъий чоралар кўрилди

Фото: «Darakchi.uz»

Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш соғлиқни сақлаш соҳасининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланди. Айниқса, шифохона ичида санитария қоидаларига қатъий амал қилиниши тиббиёт ходимининг бурчи, беморнинг ҳуқуқидир. Аммо жорий йил бошида ўтказилган ўрганишлар айрим вилоятлардаги даволаш-профилактика муассасаларида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасида ишлар суст олиб борилаётганини кўрсатди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот хизмати хабар берди.

Хабарда қайд этилишича, Самарқанд вилояти стоматология поликлиникасида стерилизация ишлари сифатсиз олиб борилган, баъзи ҳолларда бир маротабалик тиббий буюмлар қайта ишлатиб келинган. Шунингдек, Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли муассасаларда тиббий асбоб-ускуналарни стерилизация қилиш жараёнида ва бошқа муолажаларни ўтказишда амалдаги санитария қоидалари ва меъёрлари қўпол равишда бузиб келингани маълум бўлди. Масалан, тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ мажмуасининг жарроҳлик блокида стерилизация жараёни талабга жавоб бермайди. Юқоридаги каби ҳолатлар Самарқанд вилоят перинатал маркази, Самарқанд, Каттақўрғон, Тайлоқ, Нарпай туманлари ва Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмалари фаолиятида ҳам аниқланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот хизматининг билдиришича, бу борада йўл қўйилган хато ва камчиликлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг навбатдаги Ҳайъат йиғилишида муҳокама қилинган ва йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинган. Жумладан, Самарқанд вилоят стоматология поликлиникаси бош шифокори А.Норбўтаев ҳамда Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи О.Элбобаев билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳамда Самарқанд, Каттақўрғон, Тайлоқ, Нарпай туманлари ва Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари, Самарқанд вилоят перинатал маркази бош шифокорига нисбатан интизомий чора қўллашга қарор қилинган.

Бундан ташқари, тегишли назоратни сусайтириб юборганлиги, шифохона ичи ифекцияси профилактикасини суст олиб борганлиги учун Андижон вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош шифокори Б.Йўлдошев, Самарқанд вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош шифокори О.Боймуродов ва Фарғона вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош шифокори А.Ёқубовларга нисбатан ҳам интизомий чоралар кўрилган.

Хайбарда юқоридаги ҳолатлар такрорланмаслиги ҳамда санитария қоидаларига амал қилиш масъулиятини кучайтириш мақсадида даволаш-профилактика муассасаларида шифохона ичи инфекциясининг олдини олиш бўйича доимий равишда тушунтириш ишларини олиб бориш, бу борада ҳудудлардаги мутахассисларга мунтазам равишда амалий-услубий ёрдам кўрсатиш белгилангани, шу билан бирга, вилоятдаги ҳар бир даволаш муассасаси раҳбарига аҳоли манфаатлари йўлида шахсий жавобгарликни ҳис қилиб ишлаш, санитария қоидалари ва меъёрларига қатъий амал қилиш бўйича шахсан жавобгар эканликлари тушунтирилгани айтилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг