Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Самарқанддаги Қуръон мусобақасидан фоторепортаж

Самарқанддаги Қуръон мусобақасидан фоторепортаж

Фото: «Xabar.uz»

Устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазрат башорат қилган кунлар келди. Шаҳру қишлоқларимизни азон овозлари тутди. Каттаю кичик масжидларга эркин бориб, ибодат қилмоқда. Масжидлар қошида Қуръон тилини ўргатадиган курслар очилди.

Бу йил Ўзбекистон тарихида илк бор Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан республика бўйича ҳам эркаклар, ҳам хотин-қизлар ўртасида Қуръон мусобақалари ўтказилмоқда.

Бугун, 19 февраль куни Самарқанд шаҳридаги «Хожа Исҳоқи Вали» номидаги янгидан қад кўтарган замонавий масжидда Қуръон мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги ҳудудлараро ўтказилган танловларнинг ғолиблари иштирок этдилар.

Қуръон мусобақаси «Самарқанд булбули» номини олган Қамариддин қори Баҳриевнинг тиловати билан бошланди. Устозлар, вилоят раҳбарлари табригидан сўнг Қуръон мусобақасига аввал 18 ёшдан 25 ёшгача, сўнгра 25 ёшдан 40 ёшгача бўлган мураттаб қорилар, кейин шу ёшдаги мужаввид қорилар таклиф қилинди.

Айтиш лозимки, Қуръон мусобақасининг вилоят босқичига етиб келган ҳар бир иштирокчи аллақачон ғолиб бўлди, улар устозлар эътиборига, эл назарига тушдилар. Аммо барибир мусобақа бўлгач, ғолибларни аниқлаш, Республика босқичига борадиган яхши қориларнинг ичидан ҳам энг яхшиларини саралаб олиш керак эди. Ўзбекистон мусулмонлари идорасидан ташриф буюрган Абдулҳаким қори ва шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратнинг шогирди Ҳасан Яҳё қори бошчилигидаги етук қорилар, олимлар синчковлик билан бу ишни адо қилдилар. Уларга вилоятдаги кўзга кўринган имомлар ёрдамчи бўлишди.

Ниҳоят, ғолибларнинг номлари эълон қилинди.

Ҳифз йўналиши

18-25 ёш
1. Ғайбуллаев Абдужаббор
2. Темиров Ҳамзахон
3. Хушвақтов Аҳмаджон

26-40 ёш
1. Ҳошимхонов Авазхон
2. Ғаниев Муҳаммаджон
3. Турсунов Асқар

Тиловат йўналиши

18-25 ёш
1. Бобохонов Бобохон
2. Очилов Меҳрожиддин
3. Қувондиқов Исмоил

26-40 ёш
1. Ҳамдамов Фирдавс
2. Файзиев Ғолиб
3. Баҳодиров Дониёр

Ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом ва совғалар тақдим этилди.

Қуръон мусобақаси эл-юрт ҳақига, мана шундай фараҳли кунларни орзу қилиб, армон билан ўтиб кетган устозлар ҳақига ва шундай шарафли кунларга сабабчи бўлиб турган юрт раҳбари ҳақига дуолар билан якун топди.

Каримберди Тўрамурод

Самарқанд шаҳридан «Xabar.uz» учун

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг