Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

СЧР хизмати учун белгиланган бадал миқдори ўзгартирилди

СЧР хизмати учун белгиланган бадал миқдори ўзгартирилди

Иллюстратив сурат.

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Президентининг 2018 йилнинг 2 февралдаги фармони билан сафарбарлик чақируви резервидаги (СЧР) хизматга қабул қилинган фуқаролар томонидан махсус ҳисоб рақамига тўланадиган пул бадали жорий йилнинг 5 февралидан бошлаб энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баробари, яъни 3 444 800 сўм этиб белгиланди. Бунгача бадал миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 27,5 баробари, яъни 4 736 600 сўмни ташкил этар эди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фармонга мувофиқ, жорий йилнинг февраль-март ойларида туман (шаҳар) чақирув комиссиялари томонидан СЧР хизматига ўтказиладиган чақирув ёшидаги фуқаролар янгидан белгиланган пул бадали миқдори бўйича шартномалар имзолаб, пул бадалларини тўлашлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, СРЧ хизмати 2003 йилда  чақирув ёшидаги фуқаролар учун ҳарбий хизмат тури сифатида жорий этилган. «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонунига мувофиқ, муддатли ҳарбий хизматни ўташга яроқли, ҳарбий хизматга чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ Қуролли Кучлар сафига муддатли ҳарбий хизматга чақирилмаган шахслар СЧР сафига олинадилар.

Сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга ўн саккиз ёшдан йигирма етти ёшгача бўлган чақирилувчилар олинади ва улар махсус ҳисоб рақамга пул бадалини тўлаганларидан сўнг ойлик ҳарбий йиғинларга жалб этилади. Ойлик йиғинни ўтаб, ҳарбий қасамёд қабул қилганларга ҳарбий гувоҳнома берилади.

Чақирилувчилар СЧР хизматига олинганидан кейин бир йил мобайнида бадал пулини тўлашлари талаб этилади. Томонларнинг келишувига кўра тўлов тўлиқ ҳажмда бир йўла ёхуд босқичма-босқич амалга оширилиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг